'Британия элчилиги ходими: Ўзбеклар мени қийноққа солдилар'

Independent on Sunday рўзномаси Британиянинг Тошкентдаги элчилиги қўриқчиси Қаюм Ортиқовнинг ҳибсга олиниши ва унинг тақдирига нисбатан Британ расмийларининг муносабатига бағишланган мақола эълон қилган.

"Собиқ Ташқи ишлар вазирлиги ходими Британия устидан жосуслик қилиш таклифини рад этганига қарамасдан, унинг тақдири ўз ҳолига ташлаб қўйилганини айтади", деб ёзишган Independent on Sunday мухбирлари Жонатан Оуэн ва Жеймс Ханнинг.

"Британия Ташқи ишлар вазирлиги ходимини ўз тақдирига ташлаб қўйганликда айбланмоқда. У Ўзбек расмийлари уни қийнаганларини ва Лондон учун жосуслик қилишда айблаганларини айтган", дейилади мақолада.

Икки фарзанднинг отаси 44 ёшли Қаюм Ортиқов даъво қилишича, у Ўзбек махфий хизматларига жосуслик қилиш таклифини рад қилгани учун 2008 йил декабрида ҳибсга олганлар ва қийноқларга тутганлар.

Унинг рафиқаси Моҳира Ортиқова эри билан 2009 йил октябридагина учрашишга изн берилганини айтган.

Моҳира Ортиқова Британия элчилиги ходимлари эрининг масаласида илиқ гаплашганларини, бироқ бир ярим йил давомида Британ расмийларидан бирор бир хабар бўлмаганини айтган.

Independent рўзномаси Моҳира Ортиқованинг Британия Бош вазири Девид Кэмеронга очиқ хатини эълон қилган.

Бу мактубда Британ элчилиги ходимлари Қаюм Ортиқовнинг бундан буён элчиликда ишламаслигини, унга нима бўлгани ўзларини ташвишлантирмаслигини айтганлари ёзилади.

"Улар мени улоқтирдилар", деган Қаюм Ортиқов.

Рўзнома Қаюм Ортиқовнинг 2011 йилда озод этилганини ва оила Ўзбекистонни тарк этгани ҳақида ёзади.

Моҳира Ортиқова Бош вазир Девид Кэмерондан ўзларига Британиядан бошпана беришни сўрайди.

Independent рўзномаси Британ расмийларига Ортиқов масаласи бўйича мурожаат қилганлар.

Британия ҳукумати сўзчисига кўра, "ҳибсдалиги пайтида Қаюм Ортиқов қийноққа солингани ҳақидаги хабарлардаан чуқур ташвишландик. Тошкентдаги Британия элчилиги жаноб Қаюмов иши бўйича бир неча марта аралашган".

Тошкентдаги Ўзбекистон элчихонаси Қаюм Ортиқов одам савдосидек соф жиноий айблов бўйича ҳибсга олинганини айтган.

Рафиқаси Моҳира Ортиқова турмуш ўртоғи билан 2009 йилда илк бор учрашганидан кейин инсон ҳақлари фаолларига мурожаат қилган, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш "Эзгулик" жамияти Қаюм Ортиқовнинг "Тоштурма"да шафқатсиз қийноқларга солингани ҳақида хабар тарқатган эди.

Ўшанда рафиқаси қийноқларга чидай олмаган Қаюм Ортиқов бир неча марта ўз жонига қасд қилишга урингани ҳақида айтган.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Эзгулик” жамияти маҳбуснинг қонга беланган уст-боши жамият ихтиёрида сақланаётгани ҳақида маълум қилган.