Тест синовлари: 'X вариант', 'калла' ва 'паровоз'лар

Image caption Бу йил мамлакат олийгоҳларига 60 мингга яқин талаба қабул қилиниши кутилмоқда

1994 йилда тест синовлари жорий этилган вақт, биринчи навбатда, таълим тизимидаги таниш-билишчилик ва коррупцияга чек қўйиши айтилганди.

Аммо орадан икки йил ўтар-ўтмас, тест марказидаги қаллобликларга доир йирик жиноят иши тергов қилиниб, марказ директорининг ўринбосари узоқ йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилди ва таълим соҳаси учун масъул бош вазир муовини лавозимидан четлатилди.

Аммо кириш имтиҳонларидаги қаллобликлар ҳақидаги гап-сўзлар тингани йўқ.

Ҳуқуқшунослик институти сингари нуфузли олий ўқув юртларининг "қанча туриши" эса халқнинг оғзида.

Муҳим тадбир

Мустақиллик йилларида Ўзбекистондаги умумий, шунингдек, олий таълимнинг ҳам савияси кескин тушиб кетгани, соҳа коррупция ботқоғига ботгани айтилади.

Болалар меҳнати, талабаларнинг турли-туман юмушларга жалб этилиши эса аҳволни янада оғирлаштирган.

Аммо шунга қарамасдан, йилдан-йилга олий таълим олишни истаётганлар сони камаяётгани йўқ. Аксинча, рақамларга қараладиган бўлса, кўпаймоқда.

Жорий йилда мамлакатдаги олий ўқув юртлари 60 мингга яқин талабаларни қабул қилади.

Олий таълимга бўлган талаб кириш имтиҳонлари ёки тест синовларини мамлакат ҳаётидаги энг муҳим тадбирлардан бирига айлантирган.

Барча-милициядан тортиб, махсус хизматларгача тест синовларига жалб этилади.

Кириш имтиҳонлари бўлиб ўтадиган 1 август куни мобил алоқасидан фойдаланувчилар бир неча соатга тармоқдан узиб қўйилади.

Янги ва янги чораларни кўришга ундаётган нарса эса, аслида эски- ҳаммага таниш порахўрлик ва коррупциядир.

Image caption Милиция ва хавфсизлик хизматларининг иштироки синовларда адолатни кафолатламайди

'Паровоз'лар парвози

Ҳар йили 1 август куни у ёки бу олий ўқув юртини СНБ ёки ниқобликлар босгани, ўқитувчилар ва масъул шахсларнинг ҳибсга олингани ҳақида хабарлар тарқалади.

Шу каби босқинларнинг энг сўнггиси ўтган йили Бухорода кузатилган. Ҳодисага гувоҳ бўлган бухоролик талабалардан бирининг айтишича, 1 август куни эрта соатларда Бухородаги меҳмонхоналардан бирига босқин уюштирилган.

Айтилишича, у ерда махсус алоқа воситалари билан жиҳозланган марказ мавжуд бўлган.

"У ердагилар мобил телефонлари ўчирилган пайти ҳам алоқа қилиш имконига эга бўлишган. Бу ҳақда кейинроқ Миллий Хавфсизлик Хизмати олий ўқув юртлари масъуллари ва ўқитувчилар учун брифинг ўтказган", - дейди кириш имтиҳонларидаги қаллобликларни ўрганган талаба ва мустақил блоггер.

Тест синовларида қўлланадиган усулларни, афтидан, "ёмон сақланган сир", деб айтиш мумкин. Чунки оддий талабаларнинг кўпчилиги бу усуллардан яхши хабардор.

"Абитуриент билан бирга, тест синовларига "паровозлар" ҳам киритилади. Улар сохта ҳужжатлар билан киришади ёки ўз шахсларини тасдиқловчи ҳужжат бўлгани тақдирда ҳам, гаплашиб қўйилган абитуриент учун тестларни ечиб чиқишади. Ўша тестларни олиб чиқадиган алоҳида домлалар, Миллий Хавфсизликдан алоҳида ходимлар бўлишади. Буларнинг ҳаммаси аввалдан гаплашиб, келишилган ҳолда амалга оширилади", " - дейди бухоролик талаба.

Бухоролик талаба тасвирлаб берган усуллар Би-би-си суҳбатлашган Тошкентдаги давлат тест синовларига яқин манбаъ берган маълумотларга тўғри келади.

Номи ошкор этилишини истамаган манбаънинг айтишича, фавқулодда чоралар ва Миллий Хавфсизлик Хизмати ходимларининг назорати остида ўтадиган тест синовларида тўртта муҳим, калит сўзлар бор.

1. "Шпаргалкалар" - имтиҳон куни тушадиган саволларнинг қисқартирилган варианти, яъни саволларнинг ва тўғри жавобларнинг бош ҳарфи қисқартирилган ҳолда имтиҳондан бир кун олдин ёки имтиҳон куни эрталаб "айрим шахслар" томонидан чиқарилади. "Шпаргалкалар" имтиҳон куни абитуриент билан бирга олиб кирилади.

2. "Х-вариант" - имтиҳон куни тушадиган саволларнинг аксарият қисми имтиҳондан 10 кун ёки бир ҳафта олдин "кимлардир" томонидан чиқарилади. "Х-вариант" - имтиҳон саволлари ва жавобларининг кенгайтирилган, яъни тушунарли бўлган ҳолати. Ундаги савол ва тўғри жавобларни имтиҳондан олдинроқ ёдлаб олиш имконияти бўлади.

3. "Калла" - имтиҳонга кириши керак бўлган абитуриентнинг ўрнига ундан кўра билимли бўлган "абитуриент"ни киритиб юбориш. Бунда имтиҳонга кираётган абитуриентга ўхшаш бўлган сохта "абитуриент" топилади ва уни имтиҳонга тайёрланади. Ана ўша сохта "абитуриент"га ҳам сохта хужжат тайёрланади. У ана ўша сохта хужжат билан бирга, аслида имтиҳонга кириши керак бўлган абитуриентнинг ўрнига имтиҳонга киради ва тест топширади.

4. "Паровоз" - "паровоз" ҳам ҳамма абитуриентларга ўхшаб ҳужжат топширади. Бироқ имтиҳон топшириладиган куни ўзининг тестиниэмас, балки аудиториядаги белгиланган абитуриентларнинг тестларини ечиб беради.

Аммо таълим мулозимлари бу каби усулларнинг мавжудлиги ёки уларга бирон-бир шаклда алоқалари борлигини қатъиян рад этишади.

Олий Таълим вазирлигининг масъул мулозими Би-би-си билан бу ҳақда суҳбатлашишдан бош тотди.

Андижон Давлат Университетининг ўқув ишлари бўйича проректори Раимжон Алиев эса, оддий талабаларга маълум бўлган кириш имтиҳонидаги қаллобликлардан бехабар эканини айтади.

"Ўқишга кирмоқчи бўлган абитуриент ҳеч кимга боғлиқ бўлмаган тарзда, ўз билими билан тест ишлаб чиқади. Ҳеч ким унинг баллини кўтариб ёки тушириб қўймайди. Тизим комютерлаштирилган. Менимча, ҳар - хил усуллар, бу-одамларнинг гапи бўлса керак. Чунки бизда ҳозиргача бундай ҳолат учрамаган. Университетимиз жамоаси ундай нарсаларга қизиқмайдли ҳам", - дейди Андижон Давлат Университети проректори.

Камбағалнинг боласи қачон ўқишга киради?

Ўтган йили ўз кучи билан Мирзо Улуғбек номидаги Миллий Университетга кирган ва бюджет ҳисобидан таълим олаётган талабалардан бирига кўра, тест синовларида билими етарли бўлмаган абитуриентнинг баҳосини кўтариб қўйиш йўллари бўлиши мумкин, аммо тизим компютерлаштирилгани учун билимли абитуриентни синовлардан йиқитиш қийин.

"Агар абитуриент ҳақиқатан ҳам яхши тайёрланган бўлса, кириб кетади. Энг муҳими-унинг билими бошқа йўллар билан кирадиганларга нисбатан анча юқори бўлиши керак", - дейди Алишер исмли талаба.

Аммо билимли абитуриент учун адолатга эришиш унчалик осон эмас.

Англашилгани- тест синовларида қаллобликлар боис, кириш баллари кўтарилиб кетади. Ва орада ҳалол ёки камбағалнинг боласи қанчалик билимли бўлмасин, сунъий равишда кўтарилган ёки пора эвазига кўтариб қўйилган баҳога эриша олмайди.

Бирон аксилик юз бериб, "Х вариант" иш бермай қолган пайти, кўплаб оддий одамларнинг фарзандлари ўқишга кириб кетган ҳоллар талайгина.

Жумладан, Бухоро шаҳрида ўтган йили худди шундай бўлган.

"Паровозлар" киролмагани учун баллар жуда паст бўлди. Натижада кўпгина оддий одамларнинг болалари ўқишга кириб кетди", - дейди бухоролик блоггер.

Контракт тўловлари

Давлат бюджети ҳисобидан белгиланган ўринларнинг йилдан-йилга камайиб бориши ота-оналар учун таълим харажатларининг ортишини англатади.

Ҳукумат ҳар сафар ойлик ва нафақалар миқдорини ошираркан, талабаларни ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам сифатида алоҳида урғулайди.

Аммо талабаларнинг кўпчилиги давлат эмас, балки ўзлари, аниқроғи, ота-оналари ҳисобидан ҳимояланадилар.

Контракт тўловлари билан ота-оналарнинг реал даромадлари ўртасидаги тафовут қанчалик катта бўлмасин, таълим мулозимлари контракт пулларининг катта қисми талабаларнинг ўзларига стипендия сифатида қайтарилишини урғулашдан чарчашмайди.

Андижон Давлат Университети проректори Раимжон Алиевнинг айтишича, бу тўловларнинг катта қисми талабаларнинг ўзларига стипендия шаклида қайтарилади.

"Йилдан-йилга ижтимоий муҳофаза мақсадида ойликлар ва стипендиялар ошиб бораяпти. Ота-оналар контракт тўловларининг катта қисми талабаларга стипендия шаклида қайтарилишини яхши билишади. Шунинг учун мен ота-оналар томонидан жиддий эътирозларни кўрмадим", - дейди проректор.

Шу йил бошидаги чиқишларидан бирида Президент Ислом Каримов хорижлик дипломатлар қаршисида гапира туриб, "агар Ўзбекистоннинг демократия йўлидан боришига ишонч ҳосил қилмоқчи бўлсангизлар, бизнинг ёшларимиз, коллеж ва олий ўқув юртлари талабалари билан гаплашинг", - деган эди.

Аммо таҳлилчиларга кўра, репрессив тузум ва коррупциялашган таълим тизими демократияга йўл бериши қийин.

Бу мавзуда батафсилроқ