Баҳодир Чориев: келажакда Ўзбекистонда албатта 'рангли инқилоб' бўлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Birdamlik

Би-би-си меҳмони куни-кеча АҚШда ғайритабиий норозилик акциясини ташкиллаштирган "Бирдамлик" Халқ Демократик ҳаракати раҳбари Баҳодир Чориев.

Бу акцияда бир неча оғир юк ташиш автомобилининг усти Президент Ислом Каримов сиёсатига қарши ёзувлар ва фотосуратлар билан қопланди ва Американинг йирик магистрал йўллари бўйлаб 1600 километрлик масофа бир ярим кунда босиб ўтилди.

Вашингтондаги Ўзбекистон элчилиги биноси олдида ташкил қилинган ушбу акция "Бирдамлик" ҳаракати раҳбари Баҳодир Чориевнинг отаси 71 ёшли Ҳасан ота Чориевнинг Қашқадарё вилоятида ҳибсга олинишига қарши норозилик амалиёти бўлди.

Баҳодир Чориевга кўра, ўзининг сиёсий фаолияти туфайли Ўзбек расмийлари кекса отасини жинсий тажовузда айбламоқдалар.

Баҳодир Чориев "Бирдамлик" Халқ Демократик ҳаракатини 2004 йил Тошкентда ташкил қилган.

Баҳодир Чориевга кўра, ҳаракатнинг мақсади тинч ва нозўравон усул билан Ўзбекистонда сиёсий ислоҳотлар ўтқазишда кўмаклашиш.

У Ўзбекистондаги ҳозирги сиёсий вазиятдан келиб чиқиб, албатта "рангли инқилоб" бўлиши керак, деб ҳисоблайди.

Баҳодир Чориев "рангли инқилоблар" бўйича мутахассис.

У жаҳондаги "рангли инқилоблар"нинг отаси деб кўриладиган, Ҳарвард университети профессори Жин Шарп ва АҚШ армияси истиҳборотининг истеъфодаги полковниги, Вьетнам уруши фахрийси Роберт Ҳелвиларнинг рангли инқилобларни ташкиллаштириш бўйича китобларини инглиз тилидан ўзбек тилига таржима қилдирган.

Баҳодир Чориев фикрича, Ўзбекистондаги мавжуд режимни қон тўкмасдан, инсоний талофатларсиз, тинч ва нозўравонлик йўллари билан ўзгартириш мумкин.

Би-би-си меҳмони Баҳодир Чориев билан суҳбат

Image caption Баҳодир Чориев Ўзбекистондаги режимни қон тўкмасдан, тинч ва нозўравонлик йўллари билан ўзгартириш керак, деб ҳисоблайди.

Би-би-си: Шу кеча-кундуздаги хорижий оммавий ахборот воситаларининг Ўзбекистонга бағишланган асосий мавзуларидан бири отангиз Ҳасан ота Чориевнинг ҳибсга олиниши мавзуси бўлиб турипти. Сиз ўзингиз отангизга қарши қўзғатилган жиноят ишини нима учун сохта, уюштирилган, деб ҳисоблайсиз?

Баҳодир Чориев: Аввало шуни айтишим керакки, отам айбдорми, айбсизми, буни суд юзага чиқариши керак. Лекин бунинг сохталиги шундан иборатки, биринчидан, қамоққа олиш жараёнида жуда катта ноқонуний амалларга қўл урилган. Ундан ташқари, ҳозирги кунгача отамиз Ҳасан Чориевни яқинларига, ҳатто биз ёллаган адвокатларга кўрсатишмаяпти. Уни яширин тарзда қамоқхонада ушлаб туришипти. Унинг соғлигидан, унинг ҳозир қаерда эканидан мутлақо бехабармиз. Мана шуларнинг ўзи унинг "юқоридан" сиёсий буюртма туфайли қаматилганидан дарак беради.

Би-би-си: Сиз ноқонуний амаллар ҳақида гапирдингиз. Хусусан, қанақа қонунга зид амаллар содир этилган?

Баҳодир Чориев: Авваламбор у киши қамоққа олиниши жараёнида яқинларига билдирилиши керак эди. Адвокат қўйилиши керак эди яқинлари томонидан. Бу нарсалар амалга ошмаган. Бундан ташқари, яқинларига унинг билан учрашишларига рухсат берилиши керак эди.

Би-би-си: Сизларга, яқинларига Ҳасан ота Чориевга қўйилган айблов маълум қилиндими? Жиноят ишининг матни тақдим қилиндими?

Баҳодир Чориев: Тақдим қилингани йўқ. Ҳаттоки қўйилган айбловлар ҳам бизга ноаниқ қолаяпти. Шунинг учун биз аниқ ишонч билан айтамизки, отамиз Ҳасан Чориевга қўйилаётган барча айблар туҳматдан иборат ва сиёсий буюртма орқали бўлаяпти.

Би-би-си: Ҳасан ота Чориев ҳибсга олинган 17 июндан кейин эълон қилинган мақолаларда Ўзбекистон ҳукуматининг мақсади отасини қамаш билан ўғли Баҳодир Чориевни сиёсат билан шуғуллланишини тўхтатиш, деб ёзилди. Мана шундай шароитда сизнинг ўзингиз қандай йўл тутиш керак, деб ҳисоблаяпсиз?

Баҳодир Чориев: Мен ўзимни тўғри йўлда, деб ҳисоблайман. Чунки нафақат менинг отам Ҳасан Чориев, балки минглаб-минглаб отахонлар Каримов режимидан жабр кўрмоқда. Шунинг учун биз Каримов режимини тугатиш учун қаттиқ бел боғлаганмиз. Албатта бунга эришамиз.

Би-би-си: Сиз отангизнинг ҳибсга олинишини сиёсий буюртма деяпсиз. Бунинг сиёсий буюртма эканини қандай исботлаш мумкин, сизнинг назарингизда?

Баҳодир Чориев: Энди буни исботлаш учун ҳозирча ҳаракат қилиш ҳам шарт эмас. Чунки буни кеаджакда вақт адбатта кўрсатади. Биз эса ўзимизнинг сиёсий акцияларимизни давом эттираверамиз.

Би-би-си: Айримларнинг назарида Ислом Каримов ҳокимиятига қарши сиз илгари сураётган тинч, нозўравонлик кураш йўллари соддадилликдан бошқа нарса эмас. Сиз нима учун тинч, нозўравон усуллар билан мақсадга эришиш мумкин, деб ҳисоблайсиз?

Баҳодир Чориев: Бу саволингизга кенгроқ жавоб беришимга тўғри келади. Нозўравон курашнинг ажралмас қисми бўлган рангли инқилоблар ҳар қандай диктатурага катта қўрқув солади. Ушбу қўрқув Ўззбекистондаги Каримов режимининг ҳам оёқларини титратиши табиий. Нозўравон кураш усули диктатурага қарши қўйилар экан, албатта, авваламбор нозўравон кураш ҳақида ташкилотчилар батафсил билим ва тажрибаларга эга бўлиши керак. Бу эса узоқ муддатни ўз ичига олади. Ўзбекистондаги Каримов режими дунёдаги энг репрессив, ёмон диктатура, аммо у дунёдаги энг ожиз диктатура ҳамдир. Ожизлигининг сабаби халқ қўлламаслигидир. Агар Ўзбекистон халқининг лоақал 5% уни қўллаганида эди, уни дунёдаги ожиз диктатура қаторига қўшмаган бўлар эдик. Диктатор Каримовнинг 7 та таянч устуни бўлиб, у мана шу устунлар ёрдамида мамлакатни қаттиққўллик билан бошқариб келаяпти. Улар: 1. Куч ишлатар тизимлар, 2. Ҳарбийлар(армия), 3. Ноҳарбий хизматчилар(ҳокимият, суд, прокуратура ва турли табақаларда ишлайдиган давлат хизматчилари). 4. Оммавий ахборот воситалари(режим тарафдорлари бошқараётган ОАВ)

5. Маҳалла раислари(барча маҳалла раислари ва маҳалла посбонлари режимга хизмат қиладиган МХХ томонидан тайинланган), 6. Ёшлар(унутмайлик Каримов салкам 25 йил Ўзбекистонда раҳбарлик қилиб келмоқда, бу вақт ичида мактаб ва олий ўқув юртларда Каримов режимини тушунмайдиган, уни кўр-кўрона қўллайдиган ёшлар етишиб чиқдилар) 7. Дин пешволари. Режимни қўллайдиган, уни ҳар қадамда оқлайдиган, МХХ томонидан тайинланган имомлар ва ходимлар. Унутмайликки, юқоридаги таянч устунлари ҳам ўзбек халқининг бир қисми, аммо кам фоизни ташкил қилувчилардир. "Бирдамлик" Халқ Демократик ҳаракатининг Ўзбекистондаги Каримов режимига қарши кураш стратегиясининг мақсади ушбу режимнинг 7 таянч устунини диктатурадан узоқлаштириш, диктаторнинг таянч устунларисиз якка қолдиришдир. Биз ўзгармас ягона стратегия, кичик ва унумли тактик қадамлар билан самарали курашимизни давом эттириб келмоқдамиз. Нозўравон кураш усулининг бир жиҳати бор, ҳукумат нозўравон кураш усуллари билан Дилеммага дуч келади(ҳукуматни енгиш учун махсус дастур ишлаб чиқилади ва ишга солинади. Натижада ҳукумат ушбу дастур таъсирида қолади. Ҳукумат қаршилилик қилса ҳам, индамаса ҳам ҳукуматнинг ҳар бир қадами нозўравон кураш тарафдорлари фойдаси томонида бўлади, Бу билан ҳукумат боши берк кўчага кириб, натижада албатта ютқизади.) Шунинг билан бирга, "Бирдамлик" Халқ Демократик ҳаракати билан ҳар қандай алоқаларда бўлган ташкилот ва инсонларга ҳам ушбу дилемма ката таъсир қилиб, улар ҳам дилемма таъсирида қолади. Қаранг, бизга нисбатан ижобий фикр ва ҳаракатда бў’лганларга биз катта ижобий таъсир қиламиз, уларнинг фаолияти ва ишлари яқин келажакда ривожланади. Аксинча бизга фикри, ва ўзлари душманона бўлганларни ҳаракат оғир аҳволга солиб қўяди, келажакда эса уларнинг ишлари юришмасдан, уятли бўлиб қолаверадилар. Бу ҳам нозўравон кураш усулининг кўзга кўринмас бир жиҳатидир. Гапларимнинг исботини насиб этса, вақт кўрсатади. Тинч, нозўравон кураш натижасида ташкиллаштирилаётган инқилоблар рангли инқилоблар дейилади. Бу ерда асосий омиллардан бири халқларнинг алоҳида ранг ёки предметга боғлиқлиги, яқинлигидан олинган номдир. Масалан биз ўзбекистонликлар учун оқ рангга мойиллик кўп. Шу сабабдан ҳам ҳаракатимиз оқ рангни устувор кўриб, келажакда Ўзбекистонда “Оқ инқилоб” ёки “Пахта инқилоби”ни амалга оширишни режалаштирган. Инқилоб Ўзбекистонда албатта рўй бериши шарт деб ҳисоблайман, чунки инқилобсиз сиёсий ислоҳатларни амалга ошириб бўлмайди. Мухолифатдаги ташкилот ва инсонларнинг бизнинг сафимизда, биз билан биргаликда елкама-елка бўлиб режимга қарши кураш олиб боришар экан, бу авваламбор ушбу мухолифат ташкилотларнинг етакчилари ва ташкилотлари учун катта имконият. Сабаби, бу вақтда улар биз билан ҳамкорликда курашиб, сиёсий фаолиятларини бир қанча оширадилар. Натижада кўплаб сафдошларини курашга, сиёсатга, сафларига қайтаришга эришадилар. Сафларини тузатиб олишади, куч тўплайдилар. Кейинчалик сайловларда ўзлари мустақил равишда сайлов жараёнларига қатнашадилар. Акс ҳолда, узоқни кўра билмасликлари натижасида сиёсий мурдаларга айланадилар, ташкилотлари янада пороканда бўлиб, халқимиз лаънатига дучор бўладилар. Биз, "Бирдамлик" Халқ Демократик ҳаракатида жуда самарали стратегик режа бор. Марҳамат, “Бирлик Халқ ҳаракати” партиясининг раҳбари Абдураҳим Пўлатов, “Эрк’ партиясининг раҳбари Муҳаммад Солиҳ, “Озод деҳқонлар” партиясининг раҳбари Нигора Ҳидоятова, “Серқуёш Ўзбекистоним” коалициясининг раҳбари Санжар Умаровлар биз билан боғланиб, ушбу стратегик режа билан яқиндан танишишлари мумкин. Мухолифатнинг яқиндан ҳамкорлик қилиб фаолият олиб бориши авваламбор Ўзбекистон халқини руҳлантиради ва режимнинг кунини қисқартиради. Акс ҳолда режимнинг ағдарилиши бир мунча чўзилиши мумкин. Мухолифатнинг Каримов режимига қарши бирлашиши учун авваламбор мухолифат ташкилотларининг етакчилари уялмасдан, ўзларини тарозига солмасдан, қўрқмасдан биз билан билан мулоқотга киришишлари керак. Шунда биз ҳаммамиз якдиллик билан орқага икки қадам ташлаймиз. Олдимизда турган бир неча йиллардан бери мухолифатнинг ўзи тусиб турган тор йўлакли ўтиш кўпригининг йўлини очамиз. Шундан кейин барчамиз навбат билан ушбу ўтиш кўпригидан бир-биримизга халақит бермасдан, тез ва осон ўтамиз. Келажакда сайловлар турибди. Албатта ҳар бир мухолифатдаги партия истаса, ўзларини сайловолди дастурлари билан сайловларга қатнашиш имкониятига эга бўладилар. Унгача ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқаришга мажбурмиз. Барчаларингиздан ҳаракатимиз томонидан инглиз тилидан ўзбек тилига ҳаракатимиз фаоллари томонидан таржима қилинган "Диктатурадан Демократияга", "Нозўравон кураш стратегияси", "Стратегик нозўравон тўқнашув", "Реаль альтернативалар мавжуд" китобларини ўқиб, танишиб чиқишингизни, ҳаракатимиз томонидан инглиз тилидан ўзбек тилига дубляж қилинган "Диктаторнинг ағдарилиши" филмини томоша қилишингизни сўрайман. Ушбу материаллар бизнинг birdamlik.info сайтимиздан ўрин олган.

Би-би-си: Мана биз "рангли инқилоб"лар юз берган мамлакатларда кўриб турибмизки, тинч норозилик амалиётларини омма қўллаб-қувватлайди. Сиз нима деб ўйлайсиз, "Бирдамлик" ҳаракатининг тинч, нозўравон норозилик амалиётларини кўпчилик дастаклайдими?

Баҳодир Чориев: Албатта қўллаб-қувватлайди, қачонки кўпчиликка бизнинг қилаётган ишларимиз ҳақидаги маълумотлар етиб борса. Бизнинг мақсадимиз, бизнинг режаларимиз, бизнинг тадбирларимиз кенг халқ оммасига етиб борсагина ўзбек халқи қўллайди. Бунда оммавий ахборот воситалари, Би-би-си, "Озодлик", "Америка овози" радиолари, кўплаб мустақил интернет-сайтлар ва мустақил нашриётлар жуда ҳам муҳим рол ўйнайди. Агар мана шу оммавий ахборот воситалари бизнинг ғоя ва режаларимизни халқимизга етказишга ёрдам берса, ўйлайманки, халқимиз бизнинг ҳаракатимизга қўшилади ва тез кунларда биз Ўзбекистонда "рангли инқилоб" амалга оширишга эришамиз.

Би-би-си: Ўзбекистон мухолифати ҳақида, мухолифатнинг бирлашмагани, тарқорлиги ҳақида жуда кўп танқидлар билдирилади. Сизнингча, бунинг сабаблари нимада?

Баҳодир Чориев: Бунинг сабабини Каримовнинг сиёсий саҳнада мухолифат билан жуда ҳам айёрона, маккорона иш олиб борганлигида деб биламан. Бундан ташқари биз ўзимиз, Абдураҳим Пўлатов бўладими, Муҳаммад Солиҳ бўладими, сиёсатда жуда ҳам соддамиз. Ҳалигача биз шунақа соддамизки, ҳукумат бизларни ҳалигача алдаб-алдаб бошқариб келмоқда. Бу жуда ҳам уятли, шармандали ҳол. Мен шунинг учун ҳам айтаман ушбу лидерларга: биз бир-биримиз билан қўрқмасдан, уялмасдан, бир-биримизга ҳар хил гап-сўз қилмасдан, ўтган ишларни орқага ташлаб, алоқага чиқишимиз керак. Ўзаро гаплашиб, дастурларни ўртага ташлаб, қайси дастур маъқул бўлса, биргаликда ҳаммамиз келишиб, сиёсий қадамларни амалга оширишимиз керак. Акс ҳолда, биз бундан кейин ҳам тушкунликка тушиб юраверамиз. Шунинг учун биз лидерлар ўтган ишларни унутиб, ўртага янги қадамларни ташлашимиз керак. Ва ундан кейин, ўйлайманки, қолган барча фаоллар, барча ташкилотлар ҳам бунга эргашадилар.

Би-би-си: Ҳукумати айтиши мумкин ёки сизнинг танқидчиларингиз айтишлари мумкинки, Ўзбекистоннинг ўзининг демократик конституцияси мавжуд, мамлакатда парламент, ҳокимиятнинг тўртта бўғини фаолият юритаяпти. Сизнинг бу, тинч бўлсин, нозўравон бўлсин, Ўзбекистондаги ҳокимиятни ағдариш - бу конституцион тузумни ағдаришга интилиш, деб талқин қилиниши мумкин. Сиз бундай танқидларга қандай жавоб берган бўлардингиз?

Баҳодир Чориев: Авваламбор, Ўзбекистоннинг ҳозирги конституцияси халқимизнинг иродасини кўрсатмайди. Чунки у ерда ҳамма қисмлар диктатор Каримовга хизмат қилиш учун йўналтирилган. Ҳатто мана шу конституциянинг ўзи ўзбекистонликларнинг ҳуқуқларини поймол этмоқда. Бизнинг инқилоб қилишимиз ва янги конституцияни йўлга қўйишимиз, бу Ўзбекистон халқининг келажакдаги эркин демократик сайловларга ўз фикрини, ўз иродасини кўрсатади, деган фикрдамиз. Ўзбекистондаги сиёсий тузумнинг ағдарилиши халқимизни порлоқ келажакка, ёрқин ҳаётга олиб чиқади, деган умиддамиз.

Би-би-си: "Бирдамлик" Халқ Демократик ҳаракати Ўзбекистонда омма, халқ дастагига таяниб, тинч, нозўравон усул билан демократик жамият қуриш учун ҳокимиятни ўзгартиришни истайди. Лекин биз охирги йллар давомида "Араб баҳори" деб номланган ҳодисалардан кейин Ўзбекистонда ҳокимият Интернет, Facebook ва бошқа ижтимоий тармоқлар устидан назоратни кучайтирганини кўраяпмиз. Мана шундай шароитда сизнинг ҳаракатингиз қандай йўл тутади?

Баҳодир Чориев: Биласиз, мана қуёшнинг юзини биз қанчалик тўсмайлик ёки қуёшнинг юзини булут қопламасин, бу узоқ муддатга бормайди. Бизнинг ҳаракатимиз ҳам гўёки қуёш каби ўзининг юзини кўрсатади, Ўзбекистон халқига етиб боради. Ҳозир қилаётган қаршликлари ҳам вақтинчалик. Биз бошқа бир амаллар билан Ўзбекистон ҳукумати бизга қўяётган блокадаларни ёриб ўтамиз ва албатта ўзимизнинг дастур ва амалларимизни Ўзбекистон халқига етказамиз. Ва келажакда Ўзбекистонда албатта "рангли инқилоб" бўлади, деган умиддаман.

Би-би-си: Ана шу "Араб баҳори" ҳодисаларини Ўзбекистон ҳукумати танқид қилмоқда ва бу ҳодисаларни четдан молияланадиган ва мамлакатларнинг ички ишларига аралашув, деб қораламоқда. "Бирдамлик" ҳаракатининг ҳам Ўзбекистон ичкарисидаги ўзининг тарафдорларига ёрдам бериши ҳукумат томонидан қонуний ҳокимиятни ағдариш йўлидаги ҳатти-ҳаракатларни молиялаш, деб қабул қилиниши мумкин эмасми?

Баҳодир Чориев: Йўқ, Ҳукумат бир неча йилдан буён бизнинг молиявий тўпланмаларимизни, молиявий йиғинмаларимизни кузатишга ҳаракат қилаяпти. Ҳозирги кунгача биз, "Бирдамлик" ҳаракатининг фаоллари фақат ўзимизнинг маблағлар, ҳаракатимиз фаолларининг взнослари ва хайриялари ҳисобига катта тадбирлар ўтказиб бораяпмиз. Бизнинг маблағимиз кундан-кунга кўпайиб бораяпти, ҳаракатимиз аъзоларининг сони ошмоқда. Биз ҳозирги кунгача бирор бир давлат ёки ташкилотдан бир сўм ҳам, бир доллар ёки бир цент ҳам грант олганимиз йўқ. Биз Ўзбекистондаги диктатурани ағдаришда четдан бир сўм ҳам молиявий ёрдам олмасдан туриб ҳам мана шу ишларни амалга аошира оламиз, деб ўйлайман.

Би-би-си: Айримларнинг фикрича, ўзбекистонликлар кўп ҳам сиёсатга қизиқишмайди, сиёсатдан узоқроқ туришни исташади. Сиз бу ҳақда қандай фикрдасиз?

Баҳодир Чориев: Бунга менинг муносабатим жуда салбий. Чунки, сиёсатга аралашмасдан Ўзбек халқини четда тутиб туриш Каримов режимининг умрини узайтиради ва шундай ҳам бўлмоқда. Биз кўпроқ инсонларни, Ўзбекистоннинг ичкариси ва ташқарисидаги халқимизнинг вакилларини кўпроқ сиёсатга жалб қиламиз. Сиёсат бу кўпчиликни ёқтиради, кўпчилик билан амалга ошадиган иш. Биз тобора кўпроқ инсонларни сиёсатга жалб қилишимиз ва бунинг устида кўпроқ ишлашимиз керак.