Томчилатиб суғориш Ўзбекистон учун ҳозир қанчалик долзарб?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги экинларини томчилатиб суғориш тажрибасини йўлга қўйишга киришмоқда.

Бу борадаги ҳукумат қарорига мувофиқ, қиялик майдонлар, суғориш эрозиясига дуч келган боғлар ва узумзорларда илк ўринда томчилатиб суғориш йўлга қўйилади.

Мазкур усул маблағталаб экани айтилади. Лекин, сув заҳиралари кам мамлакатлар учун сув тежашнинг энг самарали усулидир.

Ҳатто, Исроилда йўлга қўйилган бу усул орқали мева-сабзавот етиштириш 60-70 фоизга ошган.

Ўзбекистон аксар сув заҳиралари қўшни мамлакатлардан келади. Бироқ, Тожикистон ва Қирғизистон улкан сув омборлари тиклаб, ГЭСлар қуришга киришган.

Бу эса, аҳолиси сони катта, ҳудудининг аксар қисми саҳродан иборат Ўзбекистондек мамлакат учун сув таъминоти муаммосини ўткирлаштириб юбориши мумкин.

Томчилатиб суғориш Ўзбекистон учун ҳозир қанчалик долзарб? Суҳбатдошим Ўзбекистондаги ер ва тузланиш масаласини узоқ йиллар ўрганган Бонн университети олими Жон Ламерс.

Жон Ламерс: Жуда кўп жиҳатлардан олган бу усул муҳим бўлиши мумкин. Агар келажакда сув захиралари камаяди деган башоратлар тўғри чиқса, у ҳолатда сувни тежаш - бу мамлакат ўз келажагани таъминлашини англатади. Томчилатиб суғориш жуда кўп сувни тежайди. Аммо, фермерлар бу усулни яхши ўрганиши ва қаерда, қанча фойда келтиришини билиши зарур.

Би-би-си: Аммо, томчилатиб суғориш усулини жорий этиш Ўзбекистондек мамлакат учун қимматга тушмайдими?

Жон Ламерс: Нархи анча қимматга тушиши мумкин. Чунки, ушбу усул учун керакли махсус қувурларнинг нархи баланд. Лекин, бунинг ортидан келадиган фойдани ҳам ўйлаш керак. Бунинг фойдаси зарарини қоплаши мумкин. Айни дамда, тушунаман, дейлик, томчилатиб суғориш билан буғдой етиштирсангиз-да, кейин бозорда буғдой нархи арзон бўлиб, ҳосилни етиштириш учун кетган меҳнат ва харажатни қопламаса, унда фойда келтирмайди.

Би-би-си: Ўзбекистон асосий экини бу пахта. Лекин, пахта кўп сув талаб қилади ва нархи ҳам жаҳон бозорида анча арзон? Томчилатиб суғориш усули пахта ишлаб чиқаришда қанчалик фойдали ё йўқ?

Жон Ламерс: Томчилатиб суғориш рисоладагидек ишга солинса, барча экинлар учун иш беради. Бу бош масала эмас. Асосий вазифа - инфратузилмани йўлга қўйиш, деҳқонларга, масалан, керакли жиҳозларни қандай ишлатишни ўргатиш. Менимча, Ўзбекистонда ҳали томчилатиб суғориш учун керакли барча диҳозлар мавжуд эмас. Мамлакат қувурлар каби баъзи қисмиларини ишлаб чиқариши мумкин. Лекин бутун тизим учун зарурий асбоб-ускуна ва жиҳозларин ишлаб чиқара олмайди ҳозирда. Пахта нархи арзонлиги эса рост. Аммо фермерлар томчилатиб суғоришни биринчи ўринда сарф-харажатни қоплайдиган қимматроқ экинларга қўллашади. Ёки Ўзбекистон ҳукумати бу тизимини бутунлай давлат ҳисобидан молиялаши ҳам мумкиндир. Чунки сувни асраш - баъзида маҳсулот нархи қимматлашишидан кўра муҳимроқ вазифа. Деҳқонлар бу тизимна тўла ўзлаштириб олганларидан кейин эса, томчилатиб суғориш ортидан фойда кўра бошлашади.

Би-би-си: Лекин, Ўзбекистонда фермерлар нима экинишини давлат ҳал қилади. Ва бу кўпинча сувталаб пахта экинидир. Пахта нархи унинг таннархини қопламаётгани ҳақида эса анчадан бери мутахассислар айтиб келишади. Демак, бундай ҳолатда томчилатиб суғориш фермер учун ҳам, давлат учун ҳам ҳар йиллик зарарни англатиб қолмайдими?

Жон Ламерс: Мана, бизнинг Олмонияда ҳам буғдой етиштириш аслида фермерларга ҳеч қандай даромад келтирмайди. Лекин нега фермерлар буғдой экишади? Чунки Оврўпо иттифоқи ва Олмон ҳукумати ғаллачиликни молиялайди. Чунки бу - сиёсий масала ва олмон ҳукумати нега бундай қилаётганини немис халқига тушунтирган. Солиқ тўловчи халқ ҳам бу масалани тушуниб, ҳукумат қарорига рози бўлган. Хуллас, агар Ўзбекистон учун пахта ҳамон муҳим ва даромадли экин экан, демак бу экинни молиялаш ва увни тежаган ҳолда уни етиштириш мумкин. Яъни биласизми, муҳим экинни етиштириш учун қимматга тушадиган суғориш усулларини қўллаш мумкин. Негаки, иложи борича сувни тежаш ва табиатга зарар етказмаслик нуқтаи назаридан келиб чиққанда бу ростдан ҳам муҳим масала. Баъзида эса ушбу ўринда фермерлар фойда кўрмай қолишлари ҳам мумкин.

Би-би-си: Томчилатиб суғориш тизим қиммат бўлса, демак уни қўллаш орқали етиштирилган маева сабзавот таннархи ҳам ошади. Лемак янги тизим ортидан Ўзбекистондаги мева сабзавот нархи ошиб кетиши мумкинми?

Жон Ламерс: Йўқ. Агар мен фермер бўлсам, меҳнати ва сарф-харажатини қоплайдиган экин учун томчилатиб суғоришни йўлга қўярдим. Мен катта миқдорда ишлаб етиштириладиган пахта учун томчилатиб суғориш қанчалик иш бериши ё бермаслигини ҳисоб-китоб қилмаганман. Аммо нақд пул келтирувчи экинларни етиштириш учун томчилатиб суғоришдан фойдаланиш мумкин. Тўғри, балки янгича суғориш усулини қўллаш пахта ва ё бошқа бирон сабзавотни етиштириш учун қимматлик қилар. Лекин, бу усулни йўлга қўйиш биргина фойда олиш учун йўлга қўйилмайди. Пахта ҳам балки ҳозир арзондир. Лекин у нақд пул келтирувчи экин ва томчилатиб суғоришга кетадиган сарф-харажатларни келажакда қоплаш йўлида ёрдам бериши мумкин.

Би-би-си: Назарингизда, Ўзбекистон нега ҳозир томчилатиб суғоришни йўлга қўймоқда? Қандай воқелик ва ҳолат бунга ундайди?

Жон Ламерс: Бугун ва эртага қанча сув мавжудлиги ҳолатларини кўзда тутиш керак. Ўзбекистондаги суғорма деҳқончилик аксар қисми ташқаридан келадиган сув захираларига боғлиқ ва мамлакат ана шу қарамликдан қутулишни истайди. Бу ўринда эса сувни тежаш лозим. Шундай ҳолатда кам сув талаб қиладиган экинларни экиш ва томчилатиб суғоришни йўлга қўйиш даркор. Балки Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги масъуллари бу усулни ўрганиб чиқиб, фойда ва зарарини тарозига солиб кўришгандир. Ва ниҳоят, фойдаси катталигини тушуниб, уни йўлга қўйишни истаётгандир.

Би-би-си: Масалан, Ўзбекистон учун томчилатиб суғоришнинг қандай зарарли жиҳатлари бўлиши мумкин

Жон Ламерс: Томчилатиб суғориш тузланиш муаммоларини ҳал қилишда ёрдам бермаслиги айтилади. Лекин, томчилатиб суғоришга ишлатилган сув умум сув тизимига қўшилади. Бу сув эса ер ости сувига таркибига киради. Яъни бу ижобий натижа бериши мумкин. Тушунаман, муайян фермерлар учун ва ё таннархи арзон айрим экинлар учун томчилатиб суғоришга кетган харажатлар ўзини қопламаслиги мумкин. Аммо Ўзбекистондек ери қуруқ ва хавоси иссиқ мамлакатда томчилатиб суғориш ёрдамида жуда катта миқдордаги сувни тежайсиз. Тўғри Ўзбекистонда ҳали бу борада тажриба катта эмас. Балки, Ўзбек ҳукумати секин-аста қайси минтақалар ва экинларни томчилатиб суғориш мумкинлигини ўрганиб бориши, шу жараёнда эса катта тажриба тўплаши табиий. Чунки, томчилатиб суғоришга мос экинларни экиб, даромадни оширасиз, сувни тежайсиз. Мана, масалан, Исроилда томчилатиб суғориш ёрдамида мева-сабзавот ишлаб чиқариш 60-70 фоизгача кўпайган.