'Ўзбекистонда 2 мингдан ортиқ кишига амнистия қўлланди'

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Халқаро ва маҳаллий ҳуқуқбонлар Ўзбекистонда минглаб сиёсий ва диний маҳкумлар борлигини айтиб келишади

Ўзбекистон Бош прокуратурасига кўра, мамлакатда 2 мингдан ортиқ маҳбус амнистия асосида озодликка чиқарилган.

Ўзбекистон парламенти юқори палатаси - Сенат мамлакат Конституцияси қабул қилинган куннинг 20 йиллиги муносабати билан амнистия амнистия ҳақидаги қарорни тасдиқлаганди. 2012 йилнинг 5 декабридан кучга кирган фармон 3 ой ичида амалга тадбиқ этилиши керак эди.

Сенат қарорига биноан, авф, энг аввало, жинояти жамият учун хавфсиз деб топилганлар, жумладан, 18 ёшга етмаган аёллар ва 60дан юқори эркаклар ҳамда хорижий мамлакат фуқароларига нисбатан қўлланиши айтилган.

Шу билан бирга, амнистия биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлари, жиддий хасталиклардан азият чекаётганлар, эътиборсизлик натижасида жиноятга қўл урганлар ҳамда илк бор озодликдан маҳрум этилганларни ҳам қамраб олиши керак эди.

Биринчи бор террор ташкилотларига алоқадорликда қамалган, бироқ жиддий жиноятларни содир этмаган ва тўғри йўлга қайтганлар ҳам озод қилинишлари ҳақида билдирилганди.

Сенат бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинганлар, қотиллик ва муайян жиддий жиноятларда айбдор топилганларни авф этишни тақиқлаган.

Ўзбекистонда олдинги амнистия 2011 йил декабр ойида эълон қилинган эди. Расмий маълумотларга кўра, қамоқдаги 45 минг инсонга нисбатан амнистия қўлланилган. Шунингдек, 1 миллион 958 минг киши жазони ўташдан озод қилинган. Қолганларнинг жазо муддатлари қисқартирилган ёки жиноий иш бекор қилинган.

Халқаро ва маҳаллий ҳуқуқбонлар Ўзбекистонда минглаб сиёсий ва диний маҳкумлар борлигини айтиб келишади, аммо расмий Тошкент уларнинг борлигини ҳеч қачон эътироф этмаган.

Камдан-кам ҳоллардагина, шунда ҳам ҳукуматнинг манфаатлари учун зарур бўлганда сиёсий фаолияти ё-да эътиқоди учун қамалганлар озодликка чиқарилади.

Авф борасидаги қарор бериш ваколати 2005 йилдан бошлаб Сенат ихтиёрига ўтказилган. Бунгача фақат президентгина амнистия тўғрисида фармон бера олган.