АҚШ: Ўзбек маҳкумининг маҳкамаси бир йилга кечиктирилди

Image caption Фазлиддин Қурбонов

Шу йил май ойида террорчилик билан боғлиқ айбловларда айбланган ўзбекистонлик Фазлиддин Қурбоновнинг маҳкамаси келаси йилнинг 1 июл кунига қолдирилган.

Хабарларга кўра, америкалик федерал прокурорлар ўтган ҳафта ана шундай сўров билан чиқишган.

Улар бунинг сабабини Фазлиддин Қурбонов ишининг “ўта чалкаш” экани билан изоҳлашган.

30 ёшли Фазлиддин Қурбоновнинг маҳкамаси аслида кеча сешанба куни бўлиб ўтиши керак эди.

Ҳибс ва айбловлар

2009 йилда Америкага келган ва у ерда ҳайдовчилик қилган Фазлиддин Қурбонов жорий йилнинг 16 май куни Бойсе шаҳри жанубидаги квартирасида ҳибсга олинган эди.

17 май куни маҳкама қаршисида ҳозир бўларкан, у Айдахо штати ҳуқуқ-тартибот органлари ўзига қўйган уч бандлик айбловларни тан олмаганди.

Айдахода Фазлиддин Қурбонов террорчиларга ва хорижий террорчилик ташкилоти деб тан олинган Ўзбекистон Исломий ҳаракатига моддий кўмак бериш учун тил бириктириш, портловчи моддага эгалик қилиш айбловлари қўйилган.

Юта штатида эса, у портловчи модда ясашни ўргатишда айбланмоқда.

Фазлиддин Қурбонов, гўё шу йил январида қандай қилиб портловчи модда ясаш, керакли ашёларни қаердан сотиб олиш бобида йўл-йўриқ кўрсатган, интернетдан махсус видеолавҳаларни топиб, намойиш этган.

Аммо Бойседаги маҳкама жараёнида у ўзига қўйилган айбловларни тан олмаслигини билдирганди.

Федерал ҳакам Микел Уилямс ўшанда Фазлиддин Қурбонов маҳкамаси 2 июл куни бошланишини айтиб, тингловни якунлаганди.

Тарихча ўрнида ва бошқа маҳкумлар

Image caption Фазлиддин Қурбонов шу йил май ойида ҳибсга олинганди

Фазлиддин Қурбонов 2009 йил августидан АҚШда яшаган.

Фазлиддин Қурбоновнинг ҳибсга олингунча юк автомобили ҳайдовчиси бўлиб ишлагани, ҳимоячи ёллаш учун ўзининг маблағи йўқлиги маҳкамада айтилган.

Ҳакам Микел Уилямс Ричард Рубинни Фазлиддин Қурбоновнинг манфаатларини маҳкамада ҳимоя қилувчи адвокат сифатида тайинлаган.

Айдахо штати Қочқинлар идорасига кўра, Фазлиддин Қурбонов 2009 йил августида қочқин мақомини олганидан кейин Бойсе шаҳрида ўрнашган.

Расмийлар унинг АҚШда қонуний яшаганини айтмоқдалар.

Штат расмийлари айтишларича, Айдахода 650 атрофида Ўзбек истиқомат қилади.

Сўнгги йилларда бир неча ўзбекистонлик Қўшма Штатларда террор ҳаракатларига оид айблар билан ҳибсга олинган.

2011 йил ёзида 22 яшар Улуғбек Қодиров Президент Обамани ўлдиришга қасд қилиш айби билан қўлга олинган ва 2012 йил июлида 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилганди.

2012 йил 21 январида эса жиззахлик Жамшид Мухторов ҳам террорчи гуруҳларга кўмак кўрсатишга оид айблар билан аэропортда ҳибсга олинган.

Январ ойидан буён АҚШ ҳибсхонасида қолаётган Жамшид Мухторовнинг маҳкама жараёни ҳам номаълум муддатга кечиктирилган.

Бу мавзуда батафсилроқ