Қозоғистондан қайтарилган қочқинларнинг энг сўнггиси маҳкум этилди

Image caption Қочқинларнинг оилалари ҳануз учинчи давлатлардан бошпана қидираётганлари айтилади

Қозоғистондан Ўзбекистонга мажбурий равишда қайтарилган қочқинлардан энг сўнггиси 12 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Парижда жойлашган "Ўтюраклар клуби" инсон ҳуқуқлари ташкилотининг маълум қилишича, Қашқадарё вилоят маҳкамаси Хайрулло Турсуновни диний экстремизмда айбдор, деб топган.

Ташкилотга кўра, Турсуновнинг маҳкамасида қатнашган яқинлари жиноий ишнинг қалбакилаштирилгани ва маҳкаманинг адолатсиз ўтганини даъво қилишган.

Турсунов экстрадиция қилинган пайт БМТ Қочқинлар бўйича Олий Комиссарлиги унинг сиёсий бошпана сўраб, ёзган аризасини кўриб чиқаётган бўлган.

Хайрулло Турсуновнинг турмуш ўртоғи Нодира Бўриева ҳам Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қидирилади.

'Ноқонуний экстрадиция'

Хайрулло Турсунов сингари 70 дан зиёд ўзбекистонлик бошпана изловчилар ўтган йил ёзига қадар Қозоғистоннинг Олма-Ота шаҳрида қочқинлик мақоми берилишини кутиб яшаётган эдилар.

Улар Ўзбекистонда диний қарашлари учун таъқибга учраганликлари ва у ерда қийноқларга тутилганликларини айтишган.

Бироқ Қозоғистонда қочқинлар тўғрисидаги миллий қонун чиққанидан сўнг, 2010 йилнинг май-июн ойларида Ўзбекистонда қидирувда бўлган 30 нафар бошпана изловчилар қўлга олинди.

Қозоғистон уларга сиёсий бошпана беришдан бош тортган.

Қозоқ маҳкамаси мамлакат Бош прокурорининг экстрадиция ҳақидаги қарорини қўллаб-қувватлаган ва бир йилдан сўнг, ҳибсдагиларнинг деярли ҳаммаси Ўзбекистонга экстрадиция қилинган.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар Қозоғистоннинг ўзбек қочқинларини экстрадиция қилиш ҳақидаги қарорини ноқонуний, дея танқид қилганлар.

Қозоқ расмийлари Ўзбекистон томони уларни қийноққа тутмаслик борасида ишонтирганини айтишган.

Аммо ҳуқуқ фаоллари ва яқинлари уларнинг тергов жараёнида шафқатсиз қийноқларга тутилганликларини айтишган.

Экстрадиция қилинган бошпа изловчилар Ўзбекистонда узоқ йиллик қамоқ жазоларига маҳкум этилган.

Қозоғистонда қолган уларнинг оилалари ва бошқа бошпана изловчилар турли тазйиқлар ортидан мамлакатни тарк этишга мажбур бўлишган.

Аёлларнинг айримлари Ўзбекистонга қайтган бўлса, айримлари фарзандлари билан учинчи давлатга чиқиб кетишга муваффақ бўлганликлари айтилади.

Бу мавзуда батафсилроқ