АҚШ сенаторларининг мактуби 'Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашишдир '

Image caption Сенатор Маккейн Президент Каримовнинг ашаддий танқидчиси ҳисобланади

Би-би-си билан суҳбатда Ўзбекистон Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ қўмитаси раиси Светлана Ортиқова АҚШ сенаторларининг Ўзбекистон қамоқхоналаридаги уч нафар фаолни озод этишни сўраб, Президент Ислом Каримовга йўллаган мактубини "Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашиш" дея баҳолади.

Ортиқова хонимга кўра, "маҳбуслар ўзлари жиноят содир этган давлатнинг қонунларига кўра жазога тортилади ёки жазодан озод қилинадилар".

"Уларни кечириш ёки жазо муддатини узайтириш ўша давлатнинг ишидир", - дея таъкидлади Ортиқова хоним.

Айни пайтда ўзбекистонлик сенатор америкалик ҳамкасблари ўтган ҳафта Президент номига йўллаган мактубнинг тақдиридан бехабар эканлигини айтди.

26 июн куни йўлланган ва АҚШлик 12 нафар сенаторлар томонидан имзоланган мактубда Ўзбекистон қамоқхоналарида жазо муддатини ўтаётган бир ҳуқуқ фаоли ва икки нафар журналистни озод этиш сўралганди.

Таниқли республикачи сенатор Жон Маккейн ва мактубга имзо қўйган бошқа сенаторларга кўра, Аъзам Турғунов, Дилмурод Саидов ҳамда Солижон Абдураҳмоновларга қўйилган айблар "сиёсий сабабларга эга".

Америкалик сенаторлар ушбу уч нафар маҳбуснинг соғлиги яхши эмаслиги ва уларга зарур тиббий ёрдамнинг кўрсатилмаётганидан хавотир билдиришган.

Мактуб муаллифларига кўра, Халқаро Қизил Хоч ташкилотининг Ўзбекистон қамоқхоналарига ташрифларни тўхтатиш ҳақида яқинда қабул қилган қарори ортидан маҳбусларнинг аҳволи янада оғирлашган бўлиши мумкин.

АҚШлик сенаторлар бу уч маҳбус масаласини аввалроқ Вашингтондаги Ўзбекистон элчихонаси билан мубоҳаса этганликларини айтиб, уларни ҳеч қандай шартсиз озод этишни сўрашган.

Уларга кўра, маҳбусларнинг озод этилиши Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг янада яхшиланишига хизмат қилади.

Аъзам Турғунов, Дилмурод Саидов ва Солижон Абдураҳмоновлар 2008-2009 йилларда таъмагирлик ва гиёҳванд моддаларни сақлаш айблари билан узоқ йиллик қамоқ жазоларига маҳкум этилган.

Халқаро ташкилотлар уларнинг журналистик ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фаолиятлари учун жазоланганликларини айтишади.

Ўтган ой 63 ёшли Солижон Абдураҳмоновнинг соғлиги ёмонлашгани ҳақида хабарлар олинган.

"Чегара билмас мухбирлар ташкилоти унинг "ошқозон ярасидан жабр чекиб келаётгани ва охирги бир неча ой ичида касали янада зўрайгани"ни айтган.

'Президентнинг қўлида'

АҚШлик сенаторларнинг Ўзбекистон Президентига таниқли сиёсий маҳбусларни озод этишни сўраб ёзган мактуби "мисли кўрилмаган сиёсий ташаббус" дея баҳоланган.

Айни пайтда сенаторларнинг ўзбек қамоқхоналаридаги бошқа маҳбусларнинг тақдири борасида бирон-бир сўз айтишмагани таажжубга сабаб бўлган.

Image caption Солижон Абдураҳмоновнинг соғлиги ёмонлашгани хабар қилинган

Мактубга имзо қўйган таниқли сенатор Жон Маккейн Президент Каримов сиёсатининг ашаддий танқидчиларидан ҳисобланади.

2005 йилда у Оқ Уйни Андижонда тинч намойишчиларнинг ўққа тутилиши учун Президент Каримов ҳукуматига қарши жазо чораларини киритишга чақирган.

Расмий Тошкент мактубга ҳеч қандай муносабат билдирмаган.

Ўтган ҳафта 2 мингдан ортиқ маҳбусларнинг 2012 йил декабрида Ўзбекистон Сенати қабул қилган амнистияга мувофиқ, озод этилгани хабар қилинган.

Аммо уларнинг орасида сиёсий айблар билан қамалган маҳбусларнинг бор ёки йўқлиги номаълум.

Айни пайтда сенатор Светлана Ортиқова Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатларнинг ҳозирги даражасидан қониқишини айтди.

У яқинда ўзбекистонлик сенаторлардан иборат ҳайъат Қўшма Штатларга сафар қилганини хотирлатди.

Би-би-сининг "муносабатларнинг ҳозирги даражаси маҳбусларни озод этишга имкон берадими?" деган саволига Ортиқова хоним Сенат ўтган йили қабул қилган ташқи сиёсат борасидаги концепциядан иқтибос келтириш билан жавоб қайтарди.

"Концепцияда муносабатлар ўзаро тенглик ва ҳурмат асосига қурилиши ва ички ишларга аралашмаслик тамойили алоҳида таъкидланган", - деди Ўзбекистон Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ қўмитаси раиси.

Айни пайтда у Президент Каримов АҚШлик сенаторларнинг мактубида номлари тилга олинган маҳбусларни озод этиш борасида қарор қабул қилиши мумкинлигини истисно этмади.

"Маҳбусларнинг тақдири Президентнинг қўлида. Давлатимиз раҳбарининг Конституцияда белгиланган ваколатлари бор. Сиз билан биз Президентнинг қароридан матбуот орқали огоҳ бўламиз", - деди Ортиқова хоним.

Ўзбекистон ҳукумати мамлакат қамоқхоналарида сиёсий маҳбусларнинг мавжудлигини рад этиб келади.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Ўзбекистонда диний ва сиёсий айблар билан қамалган маҳбусларнинг сони бир неча минг кишини ташкил этишини айтадилар.

Бу мавзуда батафсилроқ