Президентга мурожаат қилган термизлик онахонга 'тазйиқ ўтказилмоқда'

Image caption Видеомурожаатда онахон Президентга "Халқни ким қон қақшатмоқда?" дея хитоб қилади

Термиздаги манбаъларнинг Би-би-сига билдиришича, You Tube орқали уйларининг ноқонуний бузилаётгани юзасидан Президентга мурожаат этган онахон ва оиласига тазйиқлар ўтказилмоқда.

75 ёшли онахоннинг видеомурожаати ўтган ой бошларида You Tube ва қатор ижтимоий тармоқ сайтларига жойлаштирилганди.

Видеолавҳада ўнларча қўпорилган ва кесилган дарахтлар ва милиция ходимлари акс этган.

Термизнинг Акмал Икромов кўчасида яшовчи онахон ўз уйи олди ҳовличасидаги кесилган дарахтларни бирма-бир таништириб чиқади.

"Ким бунақа қонунсизликка буйруқ берди?. Халқни ким қон қақшатмоқда?", дея Президентга хитоб қилган термизлик онахон ҳовлисида фарзандлари ва набиралари дохил етти оила яшаётгани, ҳеч қачон уйларини ташлаб чиқмасликларини урғулайди.

'Таҳдид'

Термиздаги манбаънинг Би-би-сига билдиришича, видеода акс этган онахон Акмал Икромов кўчасидаги 232-уйда истиқомат қилувчи Ўлмас момодир.

Унга кўра, видеолавҳа интернетда пайдо бўлгач, ҳокимият вакиллари онахонни "йўқ қилиб юборамиз" деб қўрқитишган ва бутун оилага тазйиқлар бошланган.

"Иккита қизларини сохта айблар билан қамаб қўйишди. Барча фарзандларини сиқувга олишмоқда. Ҳокимият қонунга бўйсунмайди, қонундан гапирсангиз, подвалга тиқиб қўяди", - дейди Би-би-сига гапирган Термиз яшовчиларидан бири.

Тазйиқларни айни оилага яқин манбаъ ҳам тасдиқлади.

Унга кўра, уйларни бузиш тўхтамаган ва оиланинг қаршиликларига қаармай, Ўлмас момо яшаётган уйнинг томи ҳам очиб ташланган.

Би-би-сининг Термиз шаҳар ва Сурхондарё вилоят ҳокимияти билан боғланишга уринишлари зое кетди.

Ўзбекистонда аҳолининг уй-жой бузилишлари ва бошқа қонунсизликлардан шикоят қилиб чиқишлари аввал ҳам кузатилган.

Аммо оддий фуқароларнинг You Tube ва ижтимоий тармоқ сайтлари орқали тўғридан-тўғри Президентга арз қилишга уринишлари янги кўринишдир.

Қайта қуриш режаси

Инсон Ҳуқуқларини Ҳимоя қилиш қўмитаси Сурхондарё вилояти бўлим раҳбари Ботир Нормуродовнинг Би-би-сига айтишича, Термиз шаҳрининг собиқ Акмал Икромов кўчасида уч қаватли замонавий биноларни қуриш жараёни кетмоқда.

Бу шаҳарни қайта қуриш режаларининг таркибий қисмидир.

Икки йилча аввал бошланган бу лойиҳага мувофиқ кўчанинг икки четида уч қаватли биноларнинг қад кўтариши режаланган. Бу биноларнинг биринчи қавати тижорий мақсадларда фойдаланиши, юқори қаватлари эса аҳоли учун ипотека асосида сотиладиган квартиралар бўлиши мўлжалланган.

Ҳуқуқ фаолига кўра, бу мақсадда ҳудуддаги 100 га яқин хусусий уй бузилмоқда. 4-5 йилча аввал эса бу уйларнинг томлари қайтадан ёпилиб, таъмирланган эди.

Уйлари бузилаётганларга шаҳар чеккасидаги стадион орқасидан янги уй қуриб, кўчиб ўтиш учун ер ажратиб берилмоқда экан. Уйлари бузилаётганларнинг тахминан ярми бу ерда уйлар тиклаб, кўчиб ҳам ўтишган.

Баъзи хабарларга кўра, янги уйлар учун ажртилган ерда термитлар жуда кўп ва хом ғиштдан қурилган уйларни кемира бошлаган.