Россияда муҳожирлар учун жарима нархлари ошди

Image caption Муҳожирлар учун тўсиқлар кўпаймоқда

Кейинги кунларда Россия Давлат Думаси кетма-кет меҳнат муҳожирларига оид икки қонунни қабул қилди. Бири Россияда ноқонуний ишлаётганлар учун жарима нархи икки ярим баробарга ошгани бўлса, иккинчиси, жарима ва солиқларни ўз вақтида тўламаган муҳожирларни мамлакат ҳудудига киритмасликдир.

Шу йилнинг 9 августидан бошлаб кучга кирадиган жарима нархи борасидаги қонун Москва, Санкт-Петербург, Москва ва Ленинград областларига тааллуқли, қолган ҳудудларда жарима тарифи ўзгармайди.

Азбаройи тирикчилик учун келган инсонлар учун бир сўм ҳам пул эканлигини яхши билган хукумат вакиллари ноқонуний муҳожирларни шу “нозик жойи”дан ушлашга ҳаракат қилишмоқда.

Турли текширувлару таъқиқлардан зада бўлган меҳнат муҳожирларни яна саволлару янги муаммолардан бошлари қотди.

“Россияда ишлашимиздан ҳам фойда қолмаяпти”, деди муҳожирлардан бири.

Айни кунларда Москва кўчаларида жамоатчи патруллар, полициячилар, ФМХ ходимларига яна қўшимча ОМОНчилар меҳнат муҳожирларини йўлларини тўса бошлашди.

– Қонуний хужжатлар билан юрганларни ҳам тинч қўйишмаяпти, - дейди мигрантларга хизмат кўрсатувчи фирма ходими. – Ҳар куни ўнлаб юртдошларимиз қўнғироқ қилишаяпти. Хужжатлари жойида, лекин ушлаб полиция бўлимларида соатлаб ўтиришга мажбур қилишаяпти. Москвада сайловолди компаниясида ўзларини кўрсатиш учун қилинаётган кўринади. Бўлмаса, оддий, ҳуқуқсиз муҳожирни хужжатини текшириш учун ОМОНчилар гуруҳларини жалб этишнинг нима зарурати бор?!

"Муҳожирларни қамаш керак..."

Image caption Муҳожирларнинг "сазойи" қилиниши

Меҳнат муҳожирларининг хужжатларини текшириш, ноқонуний миграцияга қарши кураш жарималардан келиб тушадиган фойдадан ташқари ҳали бошқа натижа бергани йўқ. Буни англаган рус сиёсатдонлари ноқонуний меҳнат муҳожирларига қарши курашнинг турли йўлларини таклиф қилишмоқда.

– Ноқонуний муҳожирларни қамаш керак, жарима солиш эмас, – деди депутат Валерий Милонов.

Аммо негадир ноқонуний ишлаётган меҳнат муҳожирлари ҳамманинг кўзига кўринаяптию, уларни ишга ёллаётган тадбиркорлар эътибордан четда қолиб кетмоқда.

Янги қонунга кўра, уларга нисбатан ҳам жарималар нархи ошди, бироқ ҳали ҳеч бир нашр муҳожирларни ноқонуний ишга ёллагани учун жавобгарликка тортилган шахслар ҳақида бирор маълумотни эълон қилганича йўқ.

Янги қонуннинг қизиқ бир жиҳати, жарима нархининг оширилиши фақат тегишли шаҳар ва вилоятга алоқадорлигида.

Кўрсатилган ҳудудлар меҳнат муҳожирларининг кўплиги ва уларнинг иш ҳақлари бошқа ҳудудларга қараганда зиёдроқ эканлиги ҳаммага маълум. Аммо бу шаҳарларда хужжатларни тахтлаш нархи ҳам, қийинлиги ҳам ҳисобга олинмаган.

– “Менга 2011 йилда жарима солинган эди, – дейди қашқадарёлик Шавкат Бахромов. – Жарима пулини ўша вақтнинг ўзидаёқ тўладим. Москва шаҳрида вақтинчалик рўйхатда турардим. Коломна шаҳрида озроқ муддат ишладик. Шу пайтда участка бошлиғи келиб бизни текширганди. Биз фирма ҳисобидан квартирада яшаётгандик. Полиция ходими пул сўрагандай қилганди, шу масалада у билан тортишиб қолдим. Ўшанда у менга админстратив жарима расмийлаштирган экан, мени огоҳлантирмади. Москвага қайтиб янги хужжат учун ФМХ га борганимда рад қилишди. Шу йил апрел ойида жарима муддати тугади, аммо ҳалигача хужжатларни беришмаяпти”.

Бу каби жарималар билан боғлиқ муаммолар муҳожирлар ҳаётида ортиб бормоқда. ФМХ ҳодимлари жарима билан чекланиб қолмай, муҳожирни ўз ихтиёри билан мамлакатдан чиқиб кетишини талаб қилаётган ҳолатлар ҳам учраяпти.

– Укам Бахтиёр ўтган йилнинг охирида муддати ўтган хужжат билан Украинага бориб келди. У ерда жарима тўлади. Яна уч ой ўтмай, Украинага бориб келгач ишга рухсатнома олиш учун ФМХга хужжат топширди. Аммо ФМХ ҳодимлари рад этиб, ўз хоҳишинг билан мамлакатдан чиқиб кет ёки депортация қиламиз, деб мамлакатдан чиқариб юборишди. Агар укам ноқонуний юрган бўлса, Украинадан иккинчи марта келганида нега мамлакатга киргизишди?”

Иккинчи масала: жарима ва солиқларни ўз вақтида тўламаган муҳожирларни мамлакат ҳудудига киритмаслик. Бу қонун эса ҳатто қонуний меҳнат қилаётган меҳнат муҳожирларининг фаолиятини қисман чеклайди.

– “Рус оиласида боғбон бўлиб ишлар эдим, – дейди Санжар исмли меҳнат муҳожири. – Ҳусусий иш бўлгани учун патент расмийлаштирганман. Ҳар ой давлатга 1000 рублдан солиқ тўлаб келаётгандим. Аммо ўтган ойда ишсиз қолдим, бошқа иш топгунимча бир ой вақт ўтиб кетди. Қўлимда пул бўлмагани учун солиқ тўлай олмадим. Энди икки ойликни битта қилиб тўламоқчи эдим. Полиция ушлаб жарима солди ва патент куйганини, қайтадан қилишимни айтди.”

Патент тизими адолатлими?

Патент тизимида меҳнат муҳожирининг ишлаш имкониятлари ҳисобга олинмаган. Ишласа-ишламаса, ҳар ой солиқ тўлашга мажбур. Ишга рухсатнома ҳам шундай, бир йилга аввалдан пул тўлаб олинади, аммо меҳнат муҳожири ишлайдими-йўқми, буни ҳеч кимга қизиғи йўқ.

– Меҳнат муҳожирларига оид қонунларни қайта кўриб чиқиш лозим, – дейди ўзбекистонликлар диаспораси раҳбари Хушнудбек Саидов. – Ҳозир шу масала бўйича ҳукуматга мурожаат этишни режалаштираяпмиз. Юртдошларимиз Россияга келгач, рўйхатга қўйиш, ишга рухсатнома олиш муаммолари уларни “қора бригадирлар” қўлига тушиб қолишига сабаб бўлаяпти.

Россияда “қора бригадирлар” деб ўз юртдошларини кетидан пул ишлайдиган даллолларга айтилади. Улар ўз таниш ёки қариндошларни ишга чақиради, жойлаштиради, хужжатларини тахтлаб беради. Албатта, бунинг эвазига яхшигина даромад қилади. Ҳатто ҳар ой иш ҳақининг маълум қисмини олиб қоладиганлар ҳам кўп учрайди.

“Қонун олдида тили қисқа бўлгач, ҳамма нарсага чидайди бизни юртдошларимиз”, дейди у.

Россияда аксар ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари бутунлай ҳуқуқсиз ва ҳимоясиз қолишмоқда. Буни яхши билган ҳуқуқ тартибот идоралари ҳодимлари ўз вазифаларини суистеъмол қилиб, уларга нисбатан ўз билганларича муносабат қилишда давом этмоқдалар.

Жариманинг нархи ошди, аммо кузатувчиларга кўра, бу ноқонуний меҳнат муҳожирлигига қарши кураш муаммоларининг ечими топилди, дегани эмас. Мутахассисларнинг айтишларича, токи ҳукумат миграцияга оид қонунларни тартибга солмас экан, бу муаммо ҳали-вери ўз ечимини топмайди.