Интернет дунёсида Ўзбекистон акси

«Фергана.Ру» интернет нашрига кўра, Тошкентнинг энг йирик «Чиланзор буюм бозори» да ҳижобли аёлларга савдо қилиш таъқиқлаб қўйилган.

Нашр Ўзбекистондаги манбасига таяниб ёзишича, бозор маъмурияти савдогарларга “дунёвий кийим” кийиб савдо қилишни буюрган. Ўзбекистон ҳукумати мустақил диндорларга нисбатан тоқатсиз сиёсатини мустақилликка эришганидан бери юритиб келади. Инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, бугун мамлакатда қаттиқ босим остида қолаётган қатлам асосан диндорлардир.

Навоий кон ва металлургия ширкати Anons.uz вебсаҳифасига кўра, яқинда янги олтин ва уран конларида иш бошлайди.

Айни лойиҳа давлат бюджетидан амалга оширилади ва тахминан 330 миллион АҚШ долларига тенг бўлиши кутилмоқда.

Уранни японлар қазийди

“Новий век” ҳафталиги эса Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг Навоий вилоятида Япония ширкатларига уран қазиб олишига изн бергани ҳақида ёзади.

Япониянинг JOGMEC ширкати Навоийдаги уран заҳираларида ишлаш учун беш йиллик рухсат олган.

Марказий Осиёликлар Олимпия ўйинларини япон ширкати ёрдамида кузатади

Япониянинг Dentsu агентлиги Марказий Осиё давлатларига Олимпия ўйинларини ёритадиган бўлибди.

Япония хабар агентликларига кўра, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистондаги спорт мухлислари

2014 йил Сочи XXII Қишки Олимпия ўйинлари ва 2016 йил Рио Де Жанейродаги Олимпия ўйинларидан айнан Dentsu ширкати хизмати билан баҳраманд бўлишади. Айни ширкат Марказий Осиё давлатларида оммавий ахборот воситаларининг барча соҳалари бўйича Олимпия ўйинларини ёритиш ҳуқуқини қўлга киритган.

Ислом Тараққиёт Банки "Ўзбекистон ҳаво йўлларига" қарз берди

Интернетдаги хабарларга кўра, Ислом Тараққиёт Банки Ўзбекистонга Boeing русумидаги учоқ сотиб олиш учун қарз берган.170 миллион АҚШ долларига Ўзбекистон ҳаво йўллари ширкати иккита учоқ сотиб олишни режалаштирган.

Бу қарз ўн икки йил ичида қопланиши керак.

Рассом Охунов нима учун «мамлакат қамоғида» қолмоқда?

fergana.ru нашри Ўзбекистон фуқароси, таниқли рассом, файласув ва ёзувчи Вячеслав Охуновнинг ҳамон «мамлакат қамоғида» қолаётгани ҳақида ёзган. Охунов жанобларига бир неча йиллардан бери Ўзбекистон «чиқиш визаси» бермайди. Рассом бир неча халқаро кўргазмаларга таклиф қилинган, аммо мамлакатдан чиқарилмаяпти. Нашрнинг видео лавҳасида Вячеслав Охуновнинг 55- Венеция Биенналесига сафари айнан шу сабабдан амалга ошмаётгани ҳақида сўз боради.