Ўзбекистонда Рамазонга қандай тайёргарлик кўришмоқда?

Дунёнинг айрим давлатларида муборак Рамазон ойи бошланган. Ўзбекистон, Саудия Арабистони ва яна бир неча давлатларда моҳи Рамазон 10 июлдан бошланади.

Бу йилги рўза Марказий Осиёда Саратоннинг қоқ ўртасига ва куннинг узоқ даврига тўғри келган.

Шу боис диний уламолардан тоқати етмаган вақти ушбу фарзни қандай бажариш керак деган саволлар кўпайган.

Тикувчиликни ўрганаётган Маъмура бу йил рўза тутишга ният қилган. Қишлоғидаги масжидда овоз кучайтиргич орқали ушбу ой тарғиботи ва тикувчи муаллимининг насиҳати билан у билан яна 4 қиз рўза тутмоқчи.

“Рўзани савоб учун тутмоқчимиз. 9 ёшдан тутишимиз керак эди, биз кеч қолдик, кеч бўлса ҳам бошласа бўлади, деб устозимиз яхши фикр билдирди. 4 киши рўза тутмоқчи бўлаяпмиз”, - дейди Маъмура.

Маъмура яшайдиган қишлоқ масжиди иоми овоз кучайтиргичларда бутун қишлоққа эшитадиган қилиб, Рўзанинг фазилатлари ва қандай тутиш кераклиги ҳақида тушунтириш ишлари олиб борган.

Аммо, кунларнинг иссиқ келиши ва иш сабаб ҳамма ҳам рўза тута олмаслигини айтади. Жиззах шаҳрида пишириқ тайёрлаб сотадиган Нигора таомларнинг таъмини таътиб кўришга мажбур бўлгани учун ҳам Рўза тутолмаслигини айтади.

“Биз ҳар доим пишириқларнинг ичидамиз. Таъмини кўришимиз керак, чарчаб қоламиз. Шу вақтгача тўйга пиширар эдик. Энди ифторликка олишади”, - дейди Нигора.

Нигорага кўра ўзи яшаб турган жойда рўза тутиш учун катта қизиқиш йўқ.

Банкда ишлайдиган Ўктам ишхонадаги 40 кишидан 3-4 киши рўза тутишга ният қилиб турганини айтади.

“Давлат ишида одам қийналади. Эрталаб келиб кеч кетади. Оғизни очиш керак”, - дейди у.

Бу йил Рўза Ўзбекистонда Саратон ойининг ўртасига тўғри келган.

Куннинг узунлиги ҳам одамларни кўпроқ оч ва сувсиз юришига қийинчилик туғдириши мумкин.

Ўзбекистон Мусулмонлар Диний идораси раис ўринбосари Абдулазиз Мансур Рўзанинг иссиқ кунларга тўғри келиши муносабати билан тоқат қилолмаганлар нима қилиш керак деган савол кўпроқ тушаётганини айтади.

“Бу йилги рўза ёз фаслида, мана чиллада келди. Узун кунлар. Бизнинг Ўзбекистонда 16 ярим, 17 соат бўлаяпти. Шунга қараганда, баъзи бир тоқати етмайдиган кишиларга Қуръони Каримда ҳам тутмасдан фидясини бериб қўйишга рухсат берилган. Рўза тутиш соғлом одамларга фарз қилинган”, - дейди шайх Абдулазиз Мансур.

Абдулазиз Мансур одамларни Рўза тутишга жалб қилиш учун масжидларда тарғиботлар олиб борилгани ва Оммавий ахборот воситаларида энди бошланишини айтади.

“Албатта тарғибот ишлари шундай олиб борилаяптики, рўзанинг жуда кўп дардларга даволиги, агар соғлом одам, шунга иқтидори етадиган одам тутадиган бўлса, бунинг тиббий томондан фойдалари ҳам борлиги ҳар йили гапирилади, бу йил ҳам дастурларга киритилган. Эртадан бошлаб ушбу дастурлар, телевидение, радио ва матубот орқали берилиб борилади. Бу йил ҳам Худо хоҳласа Ўзбекистонда жуда ҳам файзли ўтади”, - дейди Абдулазиз Мансур.

Шайх Абдулазиз Мансурга кўра, бундай диний, маърифий кўрсатувлар ифторлик ва саҳарлик вақтида ҳам бериб борилади.

Бу мавзуда батафсилроқ