"Сурияга жиҳод қилишга борган толиблар орасида ўзбеклар ҳам бор"

Покистон Толибони вакилининг Би-би-сига айтишича, бир гуруҳ "жиҳодчилар" Сурияга жўнатилган.

Хабарларга кўра, гуруҳ таркибида Афғонистонга 2001 йилда борган араб, ўзбек, чечен миллатига мансуб жангарилар бор.

Толибон манбасининг билдиришича, камида 12 толиб охирги икки ой мобайнида "жиҳод эҳтиёжи"да "Сурия базаси"ни тузиш учун тайёргарлик олиб бормоқда.

Толибоннинг Би-би-сига айтган сўзларига қараганда, жангарилар Суриядаги жангларда қатнашишга қатъий киришишган.

"Йигитлар илгари Афғонистондаги жангларда қатнашган суриялик биродарлар билан бирга Сурияда жиҳод қилиш имкониятларини ўрганади ва жиҳод амалиётини ишлаб чиқади", деб айтган Толибон раҳбарларидан Муҳаммад Амин Би-би-си мухбирига.

Унга кўра, жангарилар Сурияда аксариятни ташкил қилувчи сунний-мусулмонлар Башар Ассад ҳукуматининг шиалар бошлиқ озчилик томонидан эзилаётгани ва ўлдирилаётганига қарши курашни мақсад қилган.

"Сурияда расмий равишда идора очиш режада йўқ, одамларимиз фақат Башар Ассад кучларига қарши курашади. Дастлаб асосан дала урушларида тажрибаси катта тайёрловчилар у ерда йиғилишади ва Суриядаги вазият ҳақида Покистонга ахборот жўнатишади", дейди Муҳаммад Амин.

Толибон вакили шунингдек, "Ўнлаб покистонлик толиблар Сурия армиясига қарши курашга шай бўлиб навбатда турибди, лекин ҳозир Сурияда етарли даражада кучларимиз бор", деб айтган.

Ўтмишда Покистондаги хорижий жангарилар Марказий Осиё ва Болқон давлатларида фаолият олиб боришган.

1990 йилларда мужоҳидларнинг жангари гуруҳи Босниядаги фуқаролик урушида қатнашгани маълум.

Шунингдек, афғон ва покистондаги жангарилар 1984-94 йилларда Тоғли Қорабоғ можаросида Озарбайжон томонида туриб жанг қилишгани айтилади.

Мазҳаблар ўртасидаги курашга мойил Толибоннинг қатор гуруҳлари Сурия аҳолисининг тўртдан уч қисмини ташкил қилувчи суннийларнинг шиа-салафитлар томонидан бошқарилишини қабул қила олмайди.

Маълумотларга кўра, Покистондаги аксилшиа гуруҳлари шиа мусулмонларини ўзининг муаммоси деб биладиган Яқин Шарқдаги сунний давлатларнинг хайрия ташкилотларидан кўмак ҳам олиб туради.

2014 йилда АҚШ қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиши кутилар экан, Покистондаги толибон жангарилари имкон борича умум жиҳодий ҳаракатнинг бошқа нуқталарига кўчиб ўтишга ҳаракатни бошлаганлар.

Бундай пайтда Суриядаги вазият Башар ал-Ассад ҳукуматига қарши кучларга рағбати бўлган толибларни ўзига чорлаши шубҳасиз.

Шу билан бирга, АҚШнинг тинимсиз дрон ҳужумлари ва бунга қўшимча Покистон армияси амалиётлари хорижий жангарилар ҳолатига сезиларли зиён етказган ҳамда уларнинг жойларда қарши ҳужум қилишларини камайтирган.

Бу даъволарда қанчалар жон бор?

Яқинда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Афғонистон ва Покистонда яна фаоллашгани борасида хабарлар чиққанди. Покистондан Афғонистон ҳудудига сизиб кираётган ҳаракат фаоллари икки жабҳада иш олиб боришаётгани, бир томондан ҳарбий ҳаракатлар, бошқа томондан ўз сафларига янги аъзоларни ёллаш билан шуғулланаётгани борасида айтилганди. Аммо, энди Сурияга юборилаётган жиҳодчилар орасида ҳам ўзбек жангарилар бор деган гапларда қанчалар жон бор?

Биз Исломий Ҳаракат фаолиятини узоқ йиллардан буен кузатиб келаётган покистонлик журналист Раҳимулло Юсуфзайга боғланиб, аввалига, Покистон Толибонининг Сурия можаросига аралашаётгани ўзи ростми? деб сўрадик:

Раҳимулло Юсуфзай: Ҳозирча бизда ҳеч қандай далил-исбот йўқ. Бу иддао Покистон Толибон Ҳаракати тарафидан қилинмоқда. Аниқроқ гапириш учун қўлимизга далиллар бўлиши керак. Толиблар Сурияда жангчилари борлиги акс этган видеоёзув тарқатишга ваъда қилишган. Бунгача Покистон Толибон Ҳаракати Сурияга жангчилар жўнатгани борасида комил ишонч билан гапира олмаймиз. Аммо, толиблар ўтмишда ҳам шунга ўхшаш катта-катта даъволар билан чиқишган. Уларнинг баъзи халқаро террорчи гуруҳлар билан алоқаси борлиги рост. Аммо, Сурия масаласида биз илк бор бу каби иддаони эшитиб турибмиз.

Би-би-си: Айрим хабарларда Покистон Толибони Сурияга жўнатаётган "жиҳодчилар" орасида араблар, чеченлар ва ҳатто ўзбеклар борлиги ҳам айтилади. Агар Толибоннинг Сурияга куч йўллаётгани ҳақиқат бўлиб чиқса, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари ҳам боришлари мумкинми?

Раҳимулло Юсуфзай: Покистон қабила ҳудудлари, шунингдек, Афғонистонда яшириниб юрган ўзбеклар бор. Уларнинг Покистон Толибон Ҳаракати ва Ал-Қоида билан алоқада экани бизга маълум. Аммо, шу пайтгача улар бошқа мамлакатларга йўл солишмаганди. Улар Покистонда жон сақлаб, Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё давлатларига яқинроқ туришни исташади. Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ҳақида билганимиз шу. Айни пайтда ўзбек жангарилари Сурия ва ё бошқа бирон бир мамлакатга бориш учун Покистон Толибонидан кўмак оладилар дея ўйламаган бўлардим. Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг Ал-Қоида билан алоқаси бор. Шундай экан, уларнинг бирон қаерга бориб жанг қилишларини Ал-Қоида ташкиллаштиради.

Би-би-си: Яқинда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Афғонистон ва Покистонда яна фаоллашгани ҳақида хабарлар чиққанди. Умуман, улар ҳозир қанчалар фаол? Ўзбекистон Исломий Ҳаракати сафида бугун қанча жангчи бўлиши мумкин?

Раҳимулло Юсуфзай: Афғон ҳукумати асосан Афғонистон шимолида марказий осиёликлардан баъзиларини ўлдиргани ҳақида даъволар билан чиқди. Ўзбеклар яна Афғонистонда фаоллашгани борасида хабарлар пайдо бўлишига балки шу сабаб бўлгандир. Аммо, асосан, Шимолий ва Жанубий Вазиристон ҳудудида яшаб келган ўзбеклар Афғонистонга ўтишган бўлса, демак, улар ўз мамлакатлари - Ўзбекистонга яқинроқ бўлиш илинжидалар. Улар Шимолий Афғонистоннинг Қундуз, Тахор, Балх вилоятларида эканлари айтилди. Бу вилоятлар Марказий Осиё мамлакатлари билан чегарадош. Афғонистон шимолига Марказий Осиё давлатлари, Ўзбекистондан янги ўзбек жангчилари ҳам келаётган бўлиши мумкин. Чунки, бу Покистонга келишдан кўра осонроқ. Булар ҳам ҳаммаси - эҳтимоллар. Бизда бу борада аниқ ва ишончли маълумотлар йўқ.

Би-би-си: Покистондаги Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари у ерда жон сақлаш ва ё фаолият қилиш учун молиявий дастакни кимдан олишади?

Раҳимулло Юсуфзай: Яна айтишим мумкин, бу борада бизда аниқ маълумот йўқ. Аммо, Ал-Қоида барча жангари гуруҳларни дастаклаётгани борасида тахминлар ўртага чиққанди. Лекин, менинг билишимча, Ал-Қоиданинг ўзи ҳам ҳам молиявий ва ҳам ҳарбий жиҳатдан заифлашган. Буюк эҳтимол билан Покистон Толибони Ўзбекистон Исломий Ҳаракатини қўллаб-қувватлаётган бўлиши мумкин. Чунки, Покистонда уларни ҳимоя ва бошпана билан толиблар ҳам таъминлаётганди. Покистон Толибон Ҳаракати мамлакатдаги энг йирик жангари гуруҳ ҳисобланади. Уларнинг ҳам Ал-Қоида ва Афғонистон Толибони билан алоқалари мавжуд. Хуллас, толиблар қудратли, пул ва қурол-аслаҳаларга эгалар. Менинг ўйлашимча, улар ўзбекларни молиялаб, қурол-яроғ бериб турган энг катта манба бўлиши мумкин.

Бу мавзуда батафсилроқ