Ўзбек амалдорларининг ахборотни чеклаш устида яна бошлари қотган

Ўзбекистонда "Вояга етмаганларнинг жисмоний ва маънавий ривожланишига салбий таъсир этувчи ахборотлардан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Ушбу қонун билан ҳукумат Ўзбекистонда ахборот олиш ва тарқатишни янада чеклаши мумкинлиги кутилмоқда. Қонун лойиҳасига қадар ҳам Ўзбекистонда эркин фикрловчи ва нодавлат ташкилотларни қораловчи кўрсатувлар ва мақолалар мунтазам берилиб бориларди.

Тошкентдаги интернет кафеларининг биридаги компютерни қўшишингиз билан маъмуриятнинг билдиришномаси чиқиб келади.

“Порнографик ва конституцион тузумга қарши сайтларга кириш қатъиян таъқиқланади. Юқоридаги сайтларга кирилган тақдирда Интернет кафе маъмурияти 5000 сўм жарима олиш ҳуқуқини сақлаб қолади”, - деган ёзув ок тугмасини босгунингизгача туради.

Интернет кафе томонидан ўзи билганича ёзилган жарималар энди қонун билан ҳуқуқийлаштирилиши ва бундан ҳам қатъий чоралар кўрилиши мумкин.

Вояга етмаганларни салбий таъсир этувчи ахборотлардан ҳимоя қилиш қонун лойиҳаси бир йилдан бери муҳокама қилинмоқда.

Ўзбекистонда бунгача ҳам интернетни назорат остига олиш ҳоллари кузатилиб келинган. Бунга турли қарорлардан тортиб, юқоридан оғзаки таъқиқлар ва ҳатто маҳаллий матбуотдаги қораловчи чиқишларни мисол келириш мумкин.

Бироқ Ўзбекистонда тўсиқлар ва таъқиқлар қизиқишни янада орттириши мумкин деган қарашлар бор. shov-shuv.uz сайти бош директори Жасур Ҳамроев таъқиқдан кўра бошқача йўлларни излаш тарафдори.

“Биринчидан тўсиқ қўйиб бўлмайди, тўсиқ қўйилса эътибор янада кучайиши мумкин. Шунинг учун авваламбор одамларнинг онгида ўша интернетнинг тўғри ёки нотўғрилиги, салбий ва ижобий деган тўғри тўхтамни ривожлантириш керак”, - дейди Жасур Ҳамроев.

Бундан бир йил олдин мактаб ва олийгоҳ ўқувчиларига ўқиш жараёнида мобил телефонларни таъқиқлаш ҳақида қарор олинган. Аммо бугунга келиб ушбу таъқиқ амалда ишламайди.

"Ўзбекнаво" гоҳ-гоҳида ёшларнинг тарбиясига салбий таъсир қилувчи ёки ватанпарварлик руҳида қўшиқларни ижро этмасликда айблаб турли хонанда ёки эстрада гуруҳларининг лицензиясини олиб қўяди.

Аммо таъқиқлар туфайли ушбу хонанда ёки гуруҳлар йўқ бўлиб қолмайди. Ана шулардан бири сифатида ёшлар орасида кенг танилган ва яқинда лицензиядан маҳрум қилинган “Уммон” гуруҳини мисол келтириш мумкин.

Лицензияси олинган гуруҳ “Ана энди йиғла” деган қўшиқ айтиб чиқди ва интернет орқали зудлик билан мухлислари орасида тарқалиб улгурди.

Ўзбекистонлик мулозимларни безовта қилаётган омиллардан бири бу ижтимоий тармоқларнинг мамлакатда тезлик билан оммалашиб бораётганидир.

Ўзбекистон матбуотида бугунга келиб кўп эсланмайдиган зиёлилар ҳам секин-аста Facebook каби ижтимоий тармоқларда фаоллашиши ҳукуматни хавотирга солган бўлиши мумкин.

Энди сиз интернетда Тошкентда ўтирган адибнинг янги чиқарилган 5000 талик сўмга атаб ёзган кинояларию ва маҳаллий матбуотда тоқатсиз бўлинадиган фикрларини ўқишингиз мумкин.

Ҳукумат нашрлари ҳам оммани интернетдаги “ёт” фикрлардан қайтариш борасида жим тургани йўқ.

Ҳукумат газетаси бўлмиш “Правда Востока” рангли инқилобларнинг ўрнига келган интернет инқилоби ҳақида огоҳлантирган. Муаллиф Абдували Сайбназаров “”Рангли” инқилоблардан “интернет” инқилобигами?” номли мақолада Яқин шарқ ва Шимолий Африкадаги инқилобларга халқаро ташкилотларнинг иштироки борлиги ҳақида ёзади.

Мақолада нодавлат ва нотижорат ташкилотлар инқилобларда тўғридан тўғри алоқаси борлиги таъкидланади. Ушбу ташкилотлар фэйсбек, твиттер каби ижтимоий тармоқлари орқали қудратли мобиллаштирувчи кучга айланиши ёзилади.

Turkiston.tv веб саҳифаси муҳаррири Камолиддин Йўлдош Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг паймол этилиши ва сўз эркинлигининг бўғилиши ортидан ижтимоий тармоқлар оддий халқнинг фикр алмашиш платформасига айланиб бораётганини айтади. Кейинги босқич ушбу иштирокчиларнинг амалий фаолиятга кўчиш бўлиши мумкин.

“Фэйсбук гуруҳлари ёки бошқа ижтимоий гуруҳларнинг бирор амалий фаолиятга кўчишини кутиш маҳол бўлмай қолади. Зотан "Араб баҳори" деган жараёнлар ана шундай амалга ошган эди. Ҳозир бу режим – Ўзбекистон ҳукумати учун энг асосий бош оғриғи бўлиб турибди. Яъни тахт учун хавф соладиган ягона манбаъ информацион оқимнинг давлат назоратида бўлмай туриши”, - дейди Камоллиддин Йўлдош.

Бироқ кузатувчилар қонун қабул қилинганда ҳам бугун бошқарувдан деярли чиқиб бўлган интернетни жиловлаш ўта мушкул иш эканлигини айтишади.

Интернетга тўсиқ қўйиб бўлмаслигини ҳаттоки Президент Ислом Каримовнинг ўзи ҳам тан олиб гапирганди. Лекин шунга қарамасдан Ўзбекистонда ахборотни чеклашга қаратилган қонун қабул қилиниши мумкин.

Бу мавзуда батафсилроқ