Абитуриентларнинг илк онлайн норозилиги кенг муҳокамага сабаб бўлаяпти

Image caption Тошкентдаги бир неча олий ўқув юрти қабул комиссиялари саволларга жавоб беришмаган.

Илк бор ўзбекистонлик абитуриентлар олий ўқув юртига киришдаги муаммолар юзасидан ижтимоий тармоқларда норозилик изҳор қилиб чиққанлар.

Интернет саҳифалари ва Facebookда Тошкент Давлат Аграр Университети абитуриентлари мурожаати кенг муҳокама қилинаяпти.

Абитуриентларга кўра, ўзларининг ёнида ҳужжатларни солиш учун папка ва фотосуратлар бўлишига қарамасдан, Аграр Университетда янги папкалар сотиб олишни ва яна расмга тушишни талаб қилмоқдалар. Абитуриентларнинг айтишича, бу таъмагирликнинг бир шаклидир.

"Тошкент Давлат Аграр Университетининг Қабул комиссияси ходимлари бизнинг папка ва фотосуратларимизни қабул қилмаяпти, нега деган саволга ҳеч ким жавоб бермаяпти. Ҳаммани Қабул комиссиясидаги дўкондан папка сотиб олишга ва янги суратга тушишга мажбур қилишаяпти. Бу ердаги папка бошқа жойдагидан 1500 сўм қиммат. Фотосурат учун ҳам кўп пул олишаяпти", деб ёзишган абитуриентлар.

Абитуриентларнинг онлайн мурожаати Uzmetronom веб-сайти, Facebookдаги Uznetwork саҳифаларида босилган, бу мурожаатни тобора кўп одам ўқиб, унга шарҳ қолдираётган, мақолани бошқалар билан бўлашаётганларнинг сони ҳам соат сайин кўпайиб бораяпти.

Аксар шарҳларда "уятсиз юлғучлик" деган изоҳларни кўриш мумкин.

Би-би-си Тошкент Аграр Университети проректори Абдуазиз Абдувосиқов билан боғланганида, у таъмагирлик иддаоларини рад этди.

Проректор Абдувосиқовнинг айтишича, бу хизматлар ўқишга кирувчиларга қулайлик туғдириш ва суратларни сохталаштириш олдини олиш мақсадида йўлга қўйилган.

Унинг сўзларига кўра, ҳужжат топширишда фотошоп орқали ўзгартирилган, яъни ноқонуний ҳисобланган фотосуратлар олиб келиш ҳоллари кўпайган.

Ва ана шу сохта фотосуратларга йўл қўймаслик мақсадида шу ернинг ўзида бир полиграфия ширкати билан келишилиб суратга олиш йўлга қўйилган, бу суратлар университетнинг рамзи туширилган папкаларга солиб берилаяпти.

Проректор Абдувосиқовнинг айтишича, ҳатто пули йўқ кишиларга текинга фотосурати ишлаб берилмоқда.

"Бу ишни биз бу йил бошладик, Тошкентдаги айрим олий ўқув юртлари ўтган йили расмга тушириб, ўз папкаларига солиб беришни бошлаганлар. Ҳозир бу амалиёт Тошкентдаги камида олти институт-университетда йўлга қўйилган", деб айтди проректор Абдувосиқов.

Аграр Университет мулозими сўзларини Facebook иштирокчилари ҳам тасдиқлаётганларини кўриш мумкин.

Фойдаланувчилар Автомобил йўллари институти, Молия институтини тилга олишган.

Хуршид Холиқов ёзипти: Ҳужжат топшириш бошландими, энди ўқишга ҳам тайёрланаверинг.

Яна бир неча ўқувчи Ўзбекистонда ўқишга кириш ва ўқиш пайтидаги авж олган коррупция-порахўрликни назарда тутиб, бу ҳали ҳолваси, деган шарҳларни қолдирганларини кўриш мумкин.

Бу мавзуда батафсилроқ