Ўзбекистон: пахта мавсумида халқаро кузатувчилар иштирок этиши кутилади

Image caption Ўзбекистон бундан олдин кўп маротаба Халқаро ташкилотларнинг мониторинг ўтказиш сўровларини жавобсиз қолдирган.

Ўзбекистон далаларида 2013 йилги пахта йиғим-терими пайти Халқаро меҳнат ташкилоти вакиллари мониторинг олиб боришига рухсат берилиши мумкин.

Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби ёрдамчисининг ўринбосари Жейн Зиммерман Тошкентдаги Америка элчихонасида ташкил этган матбуот анжуманида айтган.

"Биз Халқаро меҳнат ташкилоти жорий йилда пахта теримини мониторинг қилиши юзасидан музокараларда сезиларли ютуққа эришдик", - деган Жейн Зиммерман.

Зиммерманн хоним Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазири Абдулазиз Комилов, Ўзбекистон парламентининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Сайёра Рашидова ва Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ раҳбари Акмал Саидовлар билан кўришган.

Ўзбекистон ҳукумати бундан олдин кўп маротаба Халқаро ташкилотларнинг мониторинг ўтказиш сўровларини жавобсиз қолдириб келаётганди.

Фаолларга кўра, расмий Тошкент пахта йиғим-теримида асосий куч арзон болалар меҳнати бўлгани сабабли, хорижий кузатувчиларнинг мамлакатга киритилишини хоҳламайди.

Пахта мавсумини кузатишни хоҳлаган Болалар ҳуқуқлари учун курашувчи бир неча инсон ҳақлари фаоллари мамлакатга киритилмаган.

Ўзбекистонда бу масала билан шуғулланувчи оз сонли ҳуқуқ фаоллари расмийлар қаршилигига дуч келишган, уларнинг пахта далаларида болалар меҳнати акс этган фото-видео лавҳалари милиция ходимлари томонидан олиб қўйилган.

Халқаро Хьюман Райтс Вотч инсон ҳақлари ташкилоти АҚШдан Ўзбекистон ҳукуматини пахта йиғим теримида халқаро мониторинг гуруҳи ва маҳаллий ҳуқуқ ташкилотлари иштирокига рухсати учун босим ўтказишга чақирган.

Хьюман Райтс Вотч мурожаатида Ўзбекистонда "қуллик меҳнати" давом этаётгани, кўплаб мурожаатларга қарамасдан ўқувчи ва талабалар меҳнатидан воз кечилмагани таъкидланади.

Шунингдек, Cotton Campaign" каолицияси ҳам АҚШ расмийларига мактуб йўллаб, Ўзбекистон пахта далаларида болалар ва катталарни мажбурий ишлатиш амалига чек қўйиш йўлида босим ўтказишга даъват этганди.

Ташкилотнинг АҚШ Давлат Котиби Жон Керри номига ёзилган мактубида Ўзбекистон ҳукумати бу йилги пахта териш мавсумини кузатиш учун Халқаро Меҳнат Ташкилотининг вакилларини мамлакатга келишларига рухсат бермас экан махсус "қора рўйхат"га киритилиши кераклиги билдирилган.

Ўтган йил Ўзбекистоннинг аксар вилоятларида мактаб ўқувчилари ўрнига лицей, колледж ва институт талабалари, шунингдек давлат хизматчилари - ўқитувчи, ҳамшира, шифокор ва қуролли кучлар аскарлари, хусусий ширкатлар ходимлари пахта йиғиб олишга кенг миқёсда жалб қилинган.

Мажбурий пахта теримига қатнашишни истамаган ходимлар ишдан бўшатилгани, талабалар ўқишдан ҳайдалиш ҳоллари кўплаб юз бергани, ёки энг камида маош ва нафақалари берилмаслиги билан пўписа қилингани ҳуқуқ фаоллари томонидан айтилганди.

Бу мавзуда батафсилроқ