Абитуриентлар тест синовлари адолатли ўтишидан умидвор

Image caption Бу йилги қабул жараёнида ҳужжатлар билан боғлиқ сарсонгарчиликлар рўй берган.

Ўзбекистондаги олий ўқув юртларига ҳужжат топширувчиларнинг сони ҳар йилгидан ҳам кўп бўлгани айтилмоқда.

Ўзбекистон Давлат Тест маркази маълумотларига кўра, айни пайтгача абитуриентлардан 446 минг ариза қабул қилиб олинган.

Хабарларда келтирилишича, янги ўқув йили учун 56,7 минг бакалавр ўринларига, хусусан 19 мингта давлат грантлари бўйича, 37 минги шартнома асосида ўқишга қабул қилиниши кўзда тутилади.

Бугун олий ўқув юртларига ҳужжат топширишда охирги кун ҳисобланади.

Биз республикадаги баъзи бир ўқув юртлари абитуриентларидан имтиҳон олди кайфияти ҳақида сўрадик.

Қабул комиссияларидаги янги тартиблар сабаб Тошкент Аграр университетига кўп бора ҳужжатларини топшира олмай, охирги кунда улгурган йигитнинг айтишича, ҳужжат қабул қилишдаги "ўта талабчанлик"ка қараганда қабул имтиҳонлари ҳам ҳаққоний, адолатли ўтишига умид қилиб турибди.

"Ишонасизми, ҳар сафар келганимда ҳужжатимда бир камчилик топиб қайтаришди. Шуни бир мартада айтса бўладику. Охирги марта 86-форманинг орқасида эмланганлик ҳақида маълумотнома йўқ дейишди. Ундан олдин маҳалладан справкада хато бор экан. Ҳар ҳолда бир амаллаб топшириб олдим", дейди у.

Ўзбекистон Миллий Университети талабаси бўлиш иштиёқидаги бошқа абитуриент ўз кучига ишончи борлиги, қолаверса ҳарбий хизмат учун бериладиган баллдан ҳам умидворлигини айтади.

Шарқшуносликка ҳужжатларини топширган талабанинг сўзларига кўра, у бу йил қабул комиссиясида йўлга қўйилган тартибдан жуда хурсанд, ҳужжатларини ҳеч қийинчиликсиз топшириб энди имтиҳонларни кутяпти.

Тошкент Ирригация олийгоҳи талабаси бўлишни хоҳлаётган талаба қиз эса таваккал қилиб турибди экан. Унинг айтишича, имтиҳонларга яхши тайёрланмаган бўлса ҳам, ота-онаси бир ўқитувчи билан гаплашиб қўйишган.

Тошкентлик яна бир абитуриент ўзи тиллар бўйича колледжни ўтган йил битириб ўқишга киролмагач, бу йил таниш топишига тўғри келибди.

"Минг билимингиз бўлса ҳам, ҳозир ўқишни хоҳловчилар кўп, пулликлар кўп. Қолаверса инглиз тилига эътиборнинг ошиши бу факультетларга талабни ҳам оширган, барибир гаплашмаса бўлмас экан", дейди унинг онаси биз билан суҳбатда.

Ҳар йили олий ўқув юртларидаги қабул имтиҳонлари олишга жалб қилинадиган қашқадарёлик мактаб ўқитувчисига биноан, бу йилги тест синовларида талаб ҳар йилгидан кучли.

"Ҳозир ҳамма нарса компютерлаштирилаётгани учун ўқувчи билими бўлса кириб кетса керак деб ўйлайман. Олдинги йиллар бир аудиторияда икки киши ўтирардик. Бу йилги Низомга кўра, олти ўқитувчи тестни кузатади. Шпаргалка, телефон ишлатган абитуриентларни чиқариб юборишимизни таъкидлашди. Синов вариантлари ҳам бошқача тузилгани айтилмоқда. Ҳали қайси институт учун имтиҳон олишимизни билмаймиз. Ҳар ҳолда ҳақиқат қилишга ҳаракат қилишмоқда. Милиция ходимлари ҳар бир кишини текширади, биз ҳам ичкарида кузатиб турамиз", дейди ўқитувчи аёл.

Тошкент шаҳридаги маориф идораларидан бирида ишловчи ходимнинг сўзларига қараганда, "қабул маросимидаги ва имтиҳон пайтидаги тартиб-қоидалар кўп ҳолларда кўзбўямачилик учун қилинади. Аслида ўқишга кирувчилар анча илгари ҳал қилиб олинган бўлади".

"Ҳар қандай чекловлар, кузатувларга қарамасдан олий ўқув юртларига киришдаги таниш-билишчилик, порахўрлик давом этаверади. Бунинг илдизлари аслида энг юқорига бориб тақалади. Мен ўзим маориф соҳасида ишлаб туриб, ўтган йили ўғлимни кирита олмадим. Билимига ишонгандим. Бу йил барибир таниш топишга мажбур бўлдим", дейди кириш имтиҳонидаги қаллобликлар ҳали-бери тугатилишига ишонмайдиган суҳбатдошимиз.

Ўзбекистонда маориф тизими энг коррупциялашган соҳалардан бири экани бот-бот айтилади.

Кузатувчиларга кўра, ҳар йили 1 августда ўтадиган тест синовларида минглаб милиция ва хавфсизлик хизматлари ходимлари иштирок этсада, бу синовларда адолатни кафолатлашга ожизлик қилади.

Бу мавзуда батафсилроқ