Ҳуқуқ химоячиси Надежда Атаева етти йиллик шартли қамоқ жазосига ҳукм этилган

Қароргоҳи Парижда бўлган "Марказий Осиё Инсон ҳуқуқлари уюшмаси" раҳбари Надежда Атаеванинг Фейсбук саҳифасида ёзишича, ўтган жума куни Тошкент шаҳар маҳкамаси, уни етти йиллик шартли қамоқ жазосига ва бутун мол мулкини мусодара этиш борасида ҳукм чиқарган.

Унинг айтишича, маҳкамада унинг ўзи ва ҳимоячиси ҳозир бўлгани йўқ. Надежда Атаева бошқа одамларнинг мулкини ўғирлашда абланмоқда. Надежданинг отаси Олим Атаев тўқсонинчи йиллар охирларида ЎзДон маҳсулот корхонасининг раҳбари бўлиб ишлаган. Надежда Атаеванинг ёзишича, отаси билан бирга ишлаган 69 гувоҳларнинг кўрсатмаларига асосланиб, маҳкама мазкур қарорга келган. Надежда Атаеванинг фикрича, интернет орқали келган пўписалар унинг инсон ҳуқуқлари фаолияти билан боғлиқ.

Надежда Атаева: Мен бугун бу ҳақда Париж вақти билан эрталаб соат 9 да электрон мактуб олдим. Биласизми, мен бу ишга гувоҳ сифатида жалб этилган 69 киши орасидан қатор шахслар билан гаплашгандим. Улар тергов жараёнида қатнашиш учун чақирилганмидилар ё маҳкама ишидами, шуни ҳам тушунмай чиққанларини айтишганди. Мана бугун беҳосдан, маҳкама ҳукми жума, 19 июл куни чиқарилган экан. Ҳукмда мени, шунингдек акам ва отамни давлат мулкини ўта йирик миқдорда ўғирлаш айби асосида 7 йилга озодликдан маҳрум этиш айтилган экан. Гўёки биз бу ўғирлик учун тил бириктирган эканмиз. Бизга қанча миқдорда давлат мулкини ўғирлаш айблови тиркалаётгани ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Би-би-си: Сизни қайси асосда отангиз билан боғлиқ ишга алоқадор кўрганлар? Сиз у билан бирга ишлаганмисиз?

Надежда Атаева: Мен бир фактни айтмоқчиман , мен Ўзбекистонда яшаган вақтим ҳеч қачон давлат муассасида ишламаганман. Менга менинг қўл остимда бўлмаган ёда тақсимотини назорат қилмаган мулкни ўғирлашда айблов қўйишмоқда. Мен Ўзбекистонда шахсий тижорий ширкатнинг ташқи алоқалар бўйича менежери сифатида ишлаганман. Бу ширкатниннг ҳам давлат муассасалари билан ҳеч қандай алоқаси бўлмаган. Акам ҳам бир ташкилотда юрист ёрдамчиси бўлиб ишлаган. Отамни эса Давлат мол- мулк қўмитаси назорати остида бўлган 10 та мини нонвойхонани ўғирлашда айблашган. Бу нонвойхоналар ҳам менинг отамнинг назорати остида эмасди.

Би-би-си: Лекин бу ҳукм ҳақида сизнинг бир манбангиз хабаридан ташқари қўлингизда ҳеч қандай нусха ёки ҳужжат йўқ шундайми?

Надежда Атаева: Биз бугун ҳимоячи ёллаймиз, у эртага маҳкамага ордер йўллаб ҳукм нусҳасини олишга ҳаркат қилади. Биз аппеляцияга бериб ўз ҳуқуқларимизни тиклашга ҳаракат қиламиз.

Би-би-си: Демак агар ҳукм тасдиқланиб, нусхаси қўлингизга етиб келса, бу сизга қарши маҳкама бошлангани ва ҳаттоки ҳукм чиқарилгани ҳақида сизга бирон нарса айтмай амалга оширилганини англатади, шундайми?

Надежда Атаева: Албатта. Мен Ўзбекистонда бир хонали квартирада пропискадан ўтказилганман. У ерда менинг қизим ҳам қайд қилинган. Ҳозирда мени озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм билан бирга ўша кичиккина бир хонали квартирамни ҳам мусодара қилиш ҳақида ҳукм чиқарилган. Бу ҳукмларнинг ҳаммаси бизнинг ҳимоячи ёки ишонган вакилимизнинг иштирокисиз чиқарилган. Ҳимоя томони ёки айбланувчиларнинг ўзлари бўлмаган маҳкама қарорини қандай қабул қилиш мумкин. Буни маҳкама, деб ҳам атаб бўлмайдику, ўч олишнинг ҳудди ўзгинаси. Буларнинг ҳаммаси Тошкент Шаҳар жиноий ишлар маҳкамасида бўлиб ўтган. Судга Бахром Тошпўлатов ҳакамлик қилган.