Ниҳоят Ўзбекистонда муштумзўр ҳокимларга қарши кураш бошландими?

Image caption Ўзбекистонда энг юқори даражадаги ва бутун республиканинг энг нуфузли, обрўли инсонлари ва вазирлари қатнашаётган мажлисларда ҳам дўқ-пўписа билан гапириш табиий ҳолатга айланди.

Ўзбекистонда прокуратура Наманган вилоят ҳокимининг ўринбосарига нисбатан фермерга қўл кўтаргани учун жиноят иши очгани ҳақида хабарлар тарқалган.

Ўзбекистондаги расмий доираларга яқин 12uz.com веб-сайти хабар қилишича, Наманган вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ўктамжон Эргашев Косонсой туманидаги "Зафар Муҳаммаджон чорваси" фермерлик хўжалиги раҳбари Муҳаммаджон Раҳимовни калтаклаган.

Бунга фермерлик хўжалигининг давлатга дон топшириш режасини бажармагани сабаб бўлган.

Ҳоким ўринбосари фермерни урган мажлис Косонсойдаги "Қишлоқхўжаликкимё" идорасида бўлиб ўтган.

Вилоят ҳокимининг муштумзўрлигига Косонсой туман ҳокими, туман прокурори, милиция бошлиғи ва бу тумандаги 43 та фермер гувоҳ бўлганлар.

Дўппосланганидан кейин Муҳаммаджон Раҳимовнинг вилоят прокуратурасига мурожаат қилгани хабар қилинмоқда.

Суд-тиббиёт экспертизаси жаноб Раҳимовнинг баданида кўп сонли жароҳат ва моматалоқларни қайд қилган.

12uz.comга кўра, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари ўзининг лавозимида фаолиятини давом эттирмоқда.

Ушбу жиноят иши Ўзбекистондаги давлат амалдорининг муштумзўрлиги билан боғлиқ қўзғатилган илк жиноят ишидир.

Аслида эса бундай ҳодисалар Ўзбекистонда деярли ҳар куни юз берадиган бўлиб қолди.

Ўзи Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин кадрлар орасида Шароф Рашидов ёки Ўлмас Умабековдек интеллигент-зиёли инсон фазилатларига эга, юксак маданиятли, одоб-ахлоқли мутахассислар юксак қадрланмай қўйгани кузатилади.

Аксинча, энг юқори даражадаги ва бутун республиканинг энг нуфузли, обрўли инсонлари ва вазирлари қатнашаётган мажлисларда ҳам дўқ-пўписа билан гапириш табиий ҳолатга айланди.

Раҳбар ўз қўли остидагини қанча ҳақоратлаб-сўкса, кулдон билан бошига урса ёки тепса, шунча ҳурматга сазовор бўлиши керак, деган феодал замонга қайтиш аломатлари устун кўрила бошлади.

Натижада Ўзбекистонда бир неча ҳоким ўзининг зўравонлиги билан инсонлар ўлимига сабаб бўлган аниқ ҳолатлар мавжуд, аммо ҳаётдан кўз юмган хўжалик раҳбари, ҳоким ёки фермер қариндошларига ўтказилган босимлар оқибатида бу жиноятлар жамоатчиликдан ҳозирча сир тутилиб келаяпти.

Худди Косонсойдаги мажлисда бўлгани сингари раҳбарнинг муштумзўрлиги деярли бутун вилоятдан йиғилган инсонлар гувоҳлигида кўп бора рўй берган.

Жиноят экани аниқ кўриниб турган бу амалга милиция ва прокуратура раҳбарлари бошларини хам қилиб қараб турадилар.

Бир неча йил олдин Сурхондарё вилояти ҳокимининг кўпчилик олдидаги таҳқирлаши музроботлик фермер ўлимига сабаб бўлган эди.

2011 йил Исмоил Тўраназаров ўлими юзасидан очилган жиноят иши қандай якунлангани номаълум.

Ўзбекистонда "Маънавият ва маърифат" марказлари ташкил этилган, лекин шу пайтгача маънавиятни юксалтириш ҳақидаги маърузачилар маданиятсиз "арбоб"ларнинг ахлоқсизлигини танқид қилишга журъат этмаганлар.

Али Бобо, Багдод: Бундай холат Узб рахбарлаи учун мода тусига кирмокда. Хокимни мажлисида бундай манзалар йигилишнинг энг асосий нуктаси хисобланиб, бу харакати бн кейинги гал сен шундай булишинг мумкин ишорасини беради. бундан юраги ерилай деган рахбар хам кул остидагиларга шундай талабни куяди. имкони йук талаблар, бефойда гап сузлар асосий планга куйилади.

Бу мавзуда батафсилроқ