Мухлислар Миржалол Қосимовдан норозими ё Мираброр Усмоновдан?

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри чиқа олмаганлиги футболга оид Интернет саҳифаларида кескин чиқишларга ва мураббий истеъфосини сўрашга сабаб бўлган. Кузатувчилар бундан ташқари Ўзбек футболининг сифати йилдан-йилга пасайиб кетаётганини ҳам айтишади. Би-би-сига мактуб йўллаган ўзбекистонлик журналист муаммоларни тилга оларкан, Ўзбекистон Футбол федерацияси кескин ўзгаришларга муҳтож эканлигини ёзади.

Бразилияда бўладиган Жаҳон Чемпионати саралаши, гуруҳдаги сўнгги ўйин. Ўзбекистон янги қуриб битказилган “Бунёдкор” стадионида Қатарни 5-1 ютаяпти. Таъбир жоиз бўлса, саралашдаги энг ҳужумкор ва сермаҳсул ўйинни ўтказаяпти. Ўйиннинг сўнгги дақиқалари, стадиондагилар жонсарак. Гуруҳдаги иккинчи ўйин – Жанубий Корея-Эрон ҳисобини билиб бўлмаяпти. 35 минг одамнинг бирдан телефонга ёпишганини алоқа ширкати ускуналари кўтаролмай, алоқа “ўтириб” қолган. Бизни нариги ўйиндаги дуранг ҳам қониқтиради.

Ўйин тугади. Футболчилар стадион бўйлаб югурмаяпти. Терма жамоа бош мураббисйи Миржалол Қосимовнинг ўриндиқда ўтириб қолганидан, йирик ҳисобдаги ғалаба ҳам бизни Жаҳон чемпионатига олиб чиқолмаганини билса бўларди.

Эрон Кореяда рақибини 1:0 ҳисобида ютди ва ҳақли равишда тўғридан-тўғри жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритди. Жанубий Корея мағлуб бўлган бўлса-да, бир тур олдин ўз майдонида Ўзбекистонни ютгани учун тўплар нисбати бўйича у ҳам чиқиб кетди.

Ҳали бунчалик яқин келмаган эдик. Иккинчи гуруҳдан Иорданиядан ўтсак, Жанубий Америка қитъасидан катта эҳтимол билан Уругвай билан курашиш имконимиз бор. Аммо бу жамолардан ўтишимизга энди кўпчилик ишонмайди.

Икки тур олдин гуруҳда биринчи ўринда кетаётганимизда, футбол мухлисларининг кўпчилиги тўғридан-тўғри чиқишимизга ишонишганди.

Стадиондан чиқамиз, умримизда кўрмаган одамларимиз билан ҳам ўйинни маълум жойгача муҳокама қилиб борамиз. Йўлимиз айрилганидан кейин, бошқа бировлар келиб қўшилади. Кимдир Кореяни ҳаттоки дуранг ўйнолмаганликда айбласа, яна кимдир ишни олдинги ўйинда ҳал қилолмаган мураббию-ўйинчиларни сўкади.

Стадионда бошланган ушбу тортишувлар кейинчалик футбол сайтлари ва ижтимоий тармоқларга кўчди. Айниқса, stadion.uz сайтида бир вақтнинг ўзида интервью берган футбол мутахассислари ва журналистларнинг кўпчилиги мувафаққиятсизликда бош мураббий Миржалол Қосимовни айблади ва унинг истеъфоси тўғри қарор бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзди.

Журналистлар, "биз федерация раҳбари Мираброр Усмоновдан розимиз, у киши ишини тўғри бажараяпти. Миржалол кетсин”, дегани билан ушбу норозиликларнинг замирида шахсан федерация раҳбарларидан қониқмаслик ётарди.

Чунки 2010 йилнинг апрел ойида қисқа муддат бош мураббийликдан кейин Ўзбекистон Футбол федерацияси Миржалол Қосимовни лавозимидан олиб, унинг ўрнига Вадим Абрамовни тайинлаганди.

Орадан икки йил ўтди. Бу вақтнинг ичида Абрамов бошчилигидаги терма жамоа Қатарда бўлиб ўтган Осиё кубогида муносиб иштирок этиб кучли тўртликка кирди. Жаҳон чемпионатининг 3 босқичида, кимсан Япония ва Шимолий Кореяларни ортда қолдириб биринчи ўринда гуруҳдан чиқди. Аммо саралашнинг 4 босқичидаги илк ўйинида Ўзбекистоннинг 90 дақиқалик ҳужуми самара бермади ва қўшиб берилган дақиқаларда Эроннинг қарши ҳужуми гол билан якунланди.

Биргина мағлубият Абрамовнинг терма жамоа мураббийлигидан кетишга ва ўрнига мувафаққиятсизлиги учун атиги икки йил олдин ишдан олинган Қосимовнинг келишига сабаб бўлди. Ушбу қарорларнинг ҳаммасини федерация олди. Қосимов ҳам федерациянинг талабини бажарди ва терма жамоани бошқаришга рози бўлди. Яъни Қосимов “Бунёдкор”даги вазифасини ҳам биргаликда бажаришда давом этаверди. Ўшанда футбол мухлислари федерациянинг ушбу қарорига тушунолмаганди.

Энди маълум бўлишича, Қосимовнинг олдига жамоани тўғридан-тўғри жаҳон чемпионатига олиб чиқиш мажбурияти қўйилмаган экан. Бу ҳақда “Спорт” каналининг “Футбол шарҳи”да Футбол федерацияси раҳбари Мираброр Усмоновнинг ўзи айтди.

Моҳиятига қарасангиз, федерация раҳбариятининг ўзи ҳам жаҳон чемпионатига чиқишга ишонмаган ва мухлисларнинг кўзини бўяш учун Қосимовни яна ушбу ўринга олиб келган, кўринади. Биргина мураббий билан боғлиқ машмашалар ўзбек футболининг орқага кетаётганиданини кўрсатмайди. Бошқа омиллар ҳам борки, ривожланаётгандек кўринаётган ўзбек футболи аслида инқирозга учраётганини кўрсатади.

Олий лигага чиқмаслик учун ўйнайдиган биринчи лига клублари ва зерикарли олий лига

Image caption Жаноб Усмонов журналистларни танқид қилган, бироқ конструктив ва асосли танқидга қулоқ тутишга ваъда берган.

Бировга айтсанг ишонмайди. Аслида Ўзбекистонда биринчи лига Олий лигага чиқиш учун саралаш босқичини ўташи ва кучлилар янада шиддатли ва рақобат кучли бўлган лигада тўп суриш учун курашиши керак. Аммо маблағнинг йўқлиги, ҳаттоки стадионларнинг талабга жавоб бермаслиги боис биринчи лигадаги аксар жамоалар қуйи лигада ўйнаб юришга маҳкум.

Жиззахнинг Дўстлик туманидаги “Дўстлик-2008” жамоаси ташкил топган йили барча тўсиқларни енгиб Олий лигага чиқди. Аммо маблағ, стадион ва яна бир қанча муаммолар сабаб клуб кучлилар сафида ўйинни давом эттира олмади. Кейинчалик умуман йўқ бўлиб кетди. Бундай мисоллар Ўзбекистонда тез тез учраб туради.

Ўйинлардаги келишувлар, натижаларнинг олдиндан маълум бўлиши каби ҳолатлар ўзбек футболидаги шиддат ва сифатга салбий таъсир қилди. Буларнинг ҳаммаси мухлисларнинг стадиондан безишига олиб келди.

Бир вақтлар стадионлар тўлиб тошган бўлса энди, биринчи ўрин учун курашаётган жамоаларнинг ўйинига 4 минг атрофида томошабин киради. Олий лига клублари ўйинни бўм-бўш стадионда ўтказишга кўникиб ҳам қолди. Далда бериб турувчи мухлис бўлмаганидан кейин, футболчилар ҳам истар-истамас тўпга ташланади. Уларни кўриб югураяпти, деб ўйламайсан. Шунчаки йўрғалаётган футболчига ўхшайди. Натижада, бир вақтлар Оврўпадан қизиқиш бўлган ўзбек футболчиларига ҳаттоки Россия ва Украинда ҳам қизиқиш сўниб кетган.

Россиялик таниқли агент Олег Малежик uff.uz сайтига берган интервюсида буни қуйидагича изоҳлайди: “Ўзбек футболчилари савиясини олайлик. Кескин фикр билдиришимга хафа бўлмайсиз, деган умиддаман. Мисол учун, ўтган мавсумда аутсайдер “Алания”да ҳам мустаҳкам ўрин эгаллай олмаган Санжар Турсунов сизларда 2012 йилнинг энг яхши футболчиси деб топилди. Бундан ўзингиз тегишли хулоса чиқариб олаверинг”.

Нотўғри олиб борилган бошқарув туфайли ўзбек клублари бугунга келиб ҳокимият ёки бой ташкилотларнинг боқимандасига айланиб қолган. Натижа бўлса-бўлмаса, агар ҳоким ҳиммат кўрсатса пулини олади, агар ҳокимиятнинг чўнтагининг таги кўриниб қолган бўлса, ойлаб ва ҳатто йиллаб маошлари ва мукофат пулларини ололмай юраверишади.

Футболдаги маркетинг, ўзини-ўзи таъминлаш каби хислатлар аксар клублар учун умуман бегона атамалар. Чунки тизим шундай қурилган. Футбол гўёки мухлислар учун эмас, балки хўжа кўрсин учун ўйналгандек.

Гарчи ФИФА ва ОФК қоидаларига зид бўлса ҳам Ўзбекистонда футбол соҳасига ҳукуматнинг аралашуви қаттиқ сезилади. Миллионлар ўйини сиёсий ўйинчоққа айланиб қолгандай.

Профессионал клубларни ҳокимият, яъни давлат бюджетидан, одамларнинг солиғидан таъминлаш камдан-кам кузатилади. Ўзбекистондаги аксар клублар эса халқ маблағи эвазига тирик, лекин стадионлар бўм бўш.

Бу гаплар эса ўзбек матбуотида ёзилмайди. Журналистлар футболнинг шундай аҳволга келиб қолишида ЎФФ раҳбарининг ҳам ҳиссаси катта эканлигини билиб турсалар ҳам, айбни дарров терма жамоа мураббийсига (ҳозирги ҳолатда Қосимовга), футболчиларнинг устидаги сифатсиз тикилган кийимларга ва яхши ундирилмаган чимга тўнкашдан бошқа иложлари йўқ.

Ўзбекистонда футбол соҳаси ривожланиши ва мухлисларнинг стадионга қайтиши, футболчиларнинг сифатли футбол намойиш этиши учун ЎФФ да кардинал ўзгаришлар амалга оширилиши керак, кўринади. Аммо 2006 йилдан бери федерацияни бошқараётган сенатор Мираброр Усмонов кўплаб ишқибозларнинг фикрича бу ўзгаришларни амалга ошира оладиган шахсга ўхшамайди.

Федерация раҳбари ўз вазифасини бажаришнинг ўрнига Спорт телеканалидаги “Футбол шарҳи” да чиқиш қилиб, бош мураббий ва ҳакамни танқид қилган журналистларни номма-ном айтиб, уларни маҳмаданалик, ноинсофлик ва беномусликда айблади.

Биз гаплашган кўплаб ишқибозларнинг назарида вазифасини бажара олмаган Мираброр Усмонов истеъфога чиқиши ва унинг ўрнига очиқ сайловлар асосида янги раҳбар келиши лозим. Номзодлар футболнинг ривожланиш дастурини тақдим қилиши ва сайланганидан кейин ушбу дастур бўйича ҳисобот бериб бориши шарт, дейишади улар.

Энг муҳими ҳукуматнинг футболга аралашувини чеклаш керак деган фикр анча кенг тарқалган. Ана шунда жаҳон чемпионатларига чиқиш одатга айланади ва чиққан жамоаларимиздаги футболчиларимизнинг тўпни бир-бирларига аниқ ошира олмаслигидан уялиб ўтирмаймиз, дейди ишқибозлар. Муҳими стадионларга ана шу мухлислар қайтади.

Бу мавзуда батафсилроқ