UzWebiston: Твиттердаги машмаша

Шу кунларда Ўзбекистон Твиттер майдонида фарғоналик журналист Владимир Ахунов билан Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова ўртасида бўлган айтишуви кўпларнинг диққатини ўзига тортди.

Бироқ аввал воқеа қаердан келиб чиққанлигида тўхтайлик.

Фарғоналик журналистнинг танқидий чиқишлари туфайли ишдан ажралгани ҳақида бундан аввалроқ бир қатор веб сайтлар хабар берган эди.

Владимир Ахуновнинг Бадиий Академиянинг вилоят бўлими жойлашган бинони маҳаллий тадбиркоркорлардан бири эгаллаб олганидан сўнг, рассомлар 8 йил у билан курашдилар - деган мавзудаги мақоласи ҳеч иш бермагач, рассомлар шахсан мамлакат Президентига мурожаат қилиб ёрдам сўрайдилар.

Владимир Ахунов ижтимоий тармоқдаги саҳифасида фарғоналик рассомларнинг Ўзбекистон Президентига "Мамлакатга ўзи рассомлар керакми?" - деган савол билан мурожаат қилганларини чоп этади.

Видеоёзувда маҳаллий тадбиркор рассомлар биносини эгаллаб олгандан кейинги вазият батафсил тасвирланиб, бунда ҳуқуқ тартибот идораларининг ҳеч қандай чора кўрмаганлари айтилади.

Бунга жавобан Миллий хавфсизлик хизмати ва прокуратура томонидан телефон қўнғироқлари бўлади.

Журналист ўзига Миллий хавфсизлик Хизматининг Фарғона вилояти бўйича матбуотни назорат қилувчи ходими Нурматжон томонидан таҳдидлар бўлганини ёзади..

Журналист бу ҳақда Гулнора Каримовага Твиттер орқали маълум қилгач, Хавфсизлик хизматидан қўнғироқ бўлиб, бу сафар юмшоқроқ шаклда уни яна суҳбатга таклиф қилинади.

Ахунов МХХ га бориш учун унга расмий таклиф бўлмагани сабабли рад жавобини беради.

Журналистга кўра, унга энди прокуратурадан қўнғироқ бўляпти. Мақсад муаммони ҳал қилиш эмас, унинг овози ўчириб қўйиш холос.

Владимир Ахунов Твиттер орқали Гулнара Каримовага мурожаат қилгач, таҳдидчиларнинг гаплашиш оҳанги юмшоқлашади.

Лекин хавфсизлик идораси ва прокуратура босими остида қолган журналист Ахуновнинг Гулнора Каримовага қайта мурожаат қилганидан сўнг ўртада бўлиб ўтган ёзишмалар журналистнинг Гулнора Каримова марҳаматидан ҳам қуруқ қолганини кўрсатади.

Владимир Ахунов «Ферганская правда» газетасидан бўшатилганидан сўнг ҳам таъқиб қилиниши тўхтамагани ёзиб, Гулнора Каримовадан ёрдам беришни сўраб қайта мурожаат этади.

"Ҳурматли Гулнора Исломовна ёрдам беринг, муаммони ҳал қилиш ўрнига нега мени таъқиб қилишмоқда?" - деб ёзади шу кунларда Твиттер саҳифасида Ахунов.

Унга жавобан, Гулнора Каримова "жамоатчилик фаоллари ва маъмурият вакиллари муаммони ҳал қилишди, биринчи қават масаласи ҳал бўлди. Нега бу ҳақда ҳеч ким ёзмаяпти", - деб сўрайди.

Ахунов эса, бу нарсани ёзишга тайёрлиги, фақат ўзини таъқиб қилмасалар бўлгани ва ўз ҳаётидан хавотирда эканини билдирган.

Шундан сўнг Гулнора Каримова "Мен сизга ёрдам беришга ҳаракат қилдим. Мен сизни шахсан танимасам, нега менга шикоят қиляпсиз?", - дея савол беради.

Владимир Ахуновнинг "Сизга "Келажак овози"нинг собиқ фаоли сифатида мурожаат қиляпман, ёрдам беринг", - дегани Каримованинг жаҳлини чиқариб юборади.

"Мен собиқ фаол эмасман. Мен шу иш билан яшаяпман, шуғулланяпман. Кимга мурожаат қиладиганингизни олдин билиб олинг", - дейди Гулнора Каримова.

Охунов эса, Каримова хоним гапини нотўғри тушунганини айтиб, "Бу мен - собиқ фаол . 2010 йил "Келажак овози"дан сизнинг имзоингиз билан сертификат олган эдим" - деб ёзади.

Шунингдек ўзаро ёзишмалар давомида "Мақсадимиз очиқ фуқаролик жамият қуриш", деб фикр билдирган Ахуновга Гулнора Каримова "қаерда қурмоқчи эдингиз, АҚШдами?" - деб сўрайди.

"Мен сизга ёрдам бермоқчи эдим. Сиз эса жуда паст кетдингиз. Миннатдорчилик ўрнига шуми жавоб!"

"Мен суҳбат бошидаёқ айтгандим, мақсад одатдагидек аввал эътиборни тортиб, кейин "жабрдийда" сингари четга чиқиб кетиш деб", - каби бирин-кетин твитлар қолдиради Гулнора Каримова.

Владимир Ахунов бунга жавобан, "Мен чиқиб кетмоқчи бўлсам, аллақачон чиқиб кетган бўлардим. Мен шу ерда яшаб муаммоларни ёритмоқчиман. Биз ажойиб мамлакатда яшаяпмиз. Нима учун кетишим керак ?" - дейди.

Гулнора Каримова эса "Унда Ўз қизиқишларингиз учун яшайверинг... Омадлар сизга!" - деган жавобни беради.

Гулнора Каримова ва Владимир Ахунов ўртасидаги суҳбатга Твиттернинг бошқа файдаланувчилари ҳам фикрларини билдириб, Гулнора Каримова қилаётган ғамхўрликларнинг баъзи одамлар қадрига етмаётгани ҳақида ёзишган.

Ўзбекистонга хориж инвестицияси керак

12news.uz веб сайтига кўра, Ўзбекистон парламенти мамлакат иқтисодида хориж инвестициясини барқарорлаштиришга йўналтирилган қонун лойиҳасини қабул қилган. Лойиҳа инвесторлар учун қатор имтиёзлар, жумладан бож кафолати ва виза тартибларини осонлаштириш кабиларни кўриб чиқади. Қонун лойиҳаси мамлакатга кўпроқ инвестиция жалб қилиш бўйича охирги пайтларда қабул қилинаётган чоралардан бири ҳисобланади. Шунингдек, кўпроқ хориж инвестициясини жалб қилиш билан бирга, мамлакатда борларини сақлаб қолиш ҳақида сўз боради.

Янги темир йўл қурилади

Ўзбекистон шарқий минтақалар учун темир йўл линияларини қуришга киришади, деб ёзади 12news.uz сайти. Ўзбекистон Ангрен ва Поп ўртасида Тожикистонни айланиб ўтувчи янги электрлаштирилган темир йўл қуришни бошлади, деб хабар беради веб сайт Иқтисод вазирлиги ва Давлат Статистика қўмитасининг бу борадаги ҳужжатларига асосан. Бу ҳақда бошқа тафсилотлар келтирилмаган. Ўзбекистоннинг марказий минтақасини шарқий ҳудудлари билан боғлайдиган қиймати 2 миллиард долларга тенг темир йўл линияси қурилиши Президент Ислом Каримов томонидан 26 апрелда Андижон халқ депутатлари кенгаши мажлисида айтилади.

Ўзбек сўми учун рамз таклиф қилинди

Тошкентнинг USSO Design реклама агентлиги сайтида Ўзбек сўми учун рамз таклиф этилди.

Агентликка кўра, 30 миллиондан ортиқ аҳоли ишлатадиган валютанинг ўз белгиси бўлиши зарар қилмайди.

Рамзнинг кўриниши АҚШ долларининг рамзига ўхшаб кетиб, фақат кўк рангда тасвирланган.

Твиттердаги рассом ва Г.Каримовани ёзишувини таҳлил килишга ҳаракат қилдим лекин....Хўш рассомлар уйини ноқонуний тортиб олишаётган экан Гулнора Каримова бу адолатпарварлик килаяпдими?Ахир ўша рассомлар уйини тортиб олишгача бўлган қонунларни ўзини додаси имзолаганку. Яни ўшани лаёкатсизлигидан шу қонунсиз ишлар бўлаяптику. Мантиқсизлик ва яна мантиқсизлик....

узбек, турон.