Vatandosh.com вебсайтига бир назар

Image caption Vatandosh.com сайтига бир назар

Америка Қўшма Штатларида нашр этилаётган «Ватандош» газетаси Америкада яшаётган ўзбеклар учун мўлжаланган. Айни бир пайтда газетанинг vatandosh.com веб-сайтини дунёнинг ҳамма томонида ўқиш мумкин.

Веб-сайт ўз ўқувчиларини Ўзбекистонда бўлиб ўтаётган янгиликлар билан таништириб туришга ҳаракат қилади. Кейинги янгиликлар орасида РИА «Новости» ахборот агент-лигига таяниб берилган бир хабар диққатни тортади.

«Тошкент шаҳар хўжалик суди «Unitel» МЧЖ (“Beeline” савдо белгиси остида фаолият юритади)нинг монополияга қарши органлар томонидан монопол ташкилотлар рўйхатига киритилгани ҳақидаги қарори бўйича шикоятини қаноатлантирмади. Ўз навбатида, суд “Coscom” МЧЖ ХК (“Ucell” савдо белгиси остида иш олиб боради)нинг худди шундай шикоятини қаноатлантирган,» дея бошланган бу хабар.

Суд вакилига кўра, суд тақдим этилган материалларни ўрганиб чиққан ҳамда «Unitel» Ўзбекистон алоқа бозорида етакчи ўринни эгаллашини белгилаган ва бундай таомил доирасига “Coscom” МЧЖ ХК тушмаслигини маълум қилган.

Beeline вакили компания яқин кунлар ичида суд қарори бўйича апелляция беришини маълум қилган. Ўзбекистондаги мобиль операторлари – «Unitel» ХК МЧЖ (“Beeline”) ва «Coscom» ХК МЧЖ (Ucell) жорий йилнинг июнь ойида Тошкент шаҳар Хўжалик судига даъво аризасини берган эди.

Шу ўринда vatandosh.com май ойида Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитаси иккита операторни юқори мавқега эга бўлган корхоналарнинг давлат реестрига киритганлигини эслатади. Қўмита маълумотларига кўра, уяли алоқа бозорида “Unitel”нинг улуши 54 фоиз, “Coscom”нинг улуши 41 фоизни ташкил этган.

Шунингдек, Ўзбекистон хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ри-вожлантириш давлат қўмитаси Ўзбекистондаги иккита мобиль алоқа операторини келиш-ган ҳолда рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузганлиги учун умумий ҳисобда 30 мил-лион сўм жарима солганди.

Тожикистонни четлаб ўтадиган темир йўл

Веб-сайтдаги Қамчиқ довони бўйлаб темир йўл қуриш ишлари бошлангани борасидаги хабар ҳам қизиқиб ўқилмокда.

«Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Давлат статистика қўмитаси Ўзбе-кистон Республикасини 2013 йилнинг биринчи ярмида ижтимоий-иқтисодий ривожлан-тириш якунлари тўғрисида расмий ахборот эълон қилди. Унда қайд этилишича, Ўзбекис-тон «Ангрен-Поп» янги электрлаштирилган темир йўл линиясини қуриш ишлари бошлан-ди. Темир йўл линияси ҳақида бошқа маълумотлар келтирилмаган,» дейилади хабарда.

Веб-сайтда эслатилишича, халқ депутатлари Андижон вилояти кенгашининг май ойи-даги навбатдан ташқари мажлисида нутқ сўзлаган Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳри ва Наманган вилоятининг Поп тума-нини боғлайдиган темир йўл қурилишини маълум қилган эди. У Ангрен-Поп йўналишида умумий узунлиги қарийб 125 километр бўлган электрлаштирилган темир йўл қуриш лойи-ҳасини амалга оширишни маълум этганди.

«Шуни айтиш керакки, Фарғона водийси вилоятлари темир йўл қатновлари Тожикистон Республикаси ҳудуди орқали амалга оширилган. Аммо кейинги пайтларда икки давлат ўр-тасида айрим масалаларда саволларнинг туғилиши темир йўл алоқасини амалга оширишга ҳалақит бера бошлаган эди,» дея янги темир йўл қуриш сабаблари ҳақида тўхталар экан vatandosh.com.

Ислом Каримов “…Бугунги кунда Фарғона водийсида 10 миллиондан ортиқ аҳоли яшайди. “Олтин водий” деб ном олган бу минтақани Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудлари билан темир йўл орқали боғлаш масаласини эътибордан четда қолдиришга бизнинг ҳаққимиз йўқ”, деган.

Ангрен-Поп темир йўли қурилиши 2016 йилда ниҳоясига етказилиши режалаштирил-ган. Сўнгги маълумотларга кўра, ушбу лойиҳани рўёбга чиқариш 2 миллиард долларга айланиши мумкин.

Фавқулодда ҳодисами?

Веб-сайтдаги милиция ходими ўз айбини бошқага ўтказмоқчи бўлганлиги хабар ҳам ўқувчиларда қизиқиш уйғотаётгани табиий. Чунки таҳлилчилар фикрига кўра Ўзбекис-тонда милиция ходимлари айбдор бўлган ҳолда кўпинча айбсиз топиладилар.

« Қарши шаҳар ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги қўриқлаш бўлими ходими Ҳамдам Комилов иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси юз берди. Оқибатда маҳаллий академик лицей ўқитувчиси Абдиназар Тўлаганов ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Истеъмолчи” газетасига таяниб, 12uz.com сайти хабар тарқатди. Масаланинг муҳим жиҳати шундаки, Ҳамдам Комилов муқаддам судланган Юлдаш Мойлиев билан келишиб, айбни ўз бўйнига олишга кўндиради», дея ёзилади хабарда.

Суд иши жараёнида милиция ходими тергов идоралари вакилларини алдагани аён бўла-ди. Натижада жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди Ҳамдам Комиловни 7 йилга озод-ликдан маҳрум этади. Шу билан бирга, суд ҳалок бўлган Тўлагановнинг турмуш ўртоғига 15,3 миллион сўм (Марказий банк курси бўйича 7,2 минг доллар) моддий ва маънавий жарима тўлаш ҳақида ҳукм чиқаради. Ёлғон гувоҳлик бергани учун Юлдаш Мойлиевни 2,5 йилга ахлоқ тузатиш ишига ҳукм қилади.

Юрт шаънини кўтармоқ учун Ватанда бўлиш муҳим эмас

«Ватандош»да Америкада яшаётган ўзбеклар ҳаёти ҳақида мақолалар, уларнинг ўзлари билан суҳбатлар бериб борилади. Ана шундай суҳбатлардан бири «Ўзбек аёли Америкада: сабр, меҳнат ва ютуқ» сарлавҳаси билан берилган.

Суҳбатдош Санобар опа Бобохонова 1946 йилда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтини тамомлаган. “Полиз экин-ларини етиштиришда сув режими” мавзусида диссертация ёқлаб, “Қишлоқ хўжалиги фан-лари номзоди” унвонига сазовор бўлган олима.

Тўрт нафар фарзанднинг меҳрибон онаси ҳамда ўн бир нафар набиранинг севимли бувижониси бўлган Санобар Бобохонова ҳозирда Америка Қўшма Штатларининг Нью Йорк шаҳрида истиқомат қилади. Америкада Санобар опа “Ўзбек-Америка Жамияти” га асос солди.

Санобар Бобохонова «Ватандош» мухбирининг саволига жавоб берар экан, ўзининг олис Америкага келишини шундай эслайди:

«- Мустақиллигимизнинг илк йилларида халқимиз 130 йиллик мустамлакачилик азоб-лари сабабли ҳали ҳануз бутунлай оёққа туриб олмаган пайтлари эди. Мен эса фарзанд-ларим, уларнинг келажаги учун ҳар нарса қилишга тайёр эдим. Айни тижорат билан шуғулланаётган пайтларимда жуда зиёли олима ва профессор аёл билан танишиб қолдим. У киши қизларини Америкадаги бир ўзбек йигитига узатаётганини айтди ва бу ҳолат мени озроқ ўйлантирди. Мен эса шундай маданиятли аёлнинг бу қароридан жасоратландим ва менда ҳам фарзандларим учун имкониятлар доирасини кенгайтириш фикри уйғонди. Шундан кейин Аллоҳнинг амри билан мен ҳам 13 ва 15 ёшли икки қизим - Мадина ва Мафтуналарни олдимда, 1995 йил Америкага йўлландим. Келганимиздан учаламиз ҳам ишга жойлашдик. Мен “Олтин калитча” дўконининг ошхонасига ишга кирдим. Бир куни менежеримиз барча ишчиларни йиғиб шундай: “Менга қаранглар, Санобар Тошкентдан келган. Тошкент – бу нон шаҳри, биласизлар-а, у ернинг одамлари уруш йиллари биз яҳудийларни, русларни бағрига олган, бир бурда нонини баҳам кўрган. Биз уларнинг фарзандлари билан бир кўрпада ётиб, бирга-бирга катта бўлганмиз. Тошкентликларнинг берган нону тузи ҳурмати, шу ўзбек қизимизни ҳеч ким хафа қилмасин” деди. Мен учун бу сўзларнинг ҳар бири бир олам ғурур берганди, айнан ўша дамда Ўзбек фарзандилигим-дан бутун вужудим билан фахрлангандим. Фарзандларимни эса мен ёшлигидан меҳнатга, ҳалолликка ўргансин деб озроқ муддатда ишга қўйгандим.»

Янги ерда оёққа туриш осон кечмайди. Санобар Бобохонова ҳам каттами-кичикми машаққатларга дуч келган. Лекин иродали аёл машаққатлар олдида сира довдираб қол-маган.

« - 50 ёшларда бўлишимга қарамай, инглиз тилини ўзлаштириш мақсадида мен тил курс-ларига қатнаганман. Янада ўз устимда ишлаш мақсадида кейинчалик уй ҳамшираси бўлиб иш бошладим ва бошлиғимдан инглиз беморга қарашни хоҳлашимни илтимос қилдим ва ўз қизимдай бўлиб қолган америкалик қиздан оналик меҳрини кўрсатиш эвазига инглиз тилини ўзлаштириб олдим. Барчамизга маълумки ҳозир деярли бутун дунёни, ҳар бир соҳани технология бошқаради, усиз тараққиётни тасаввур қилиш қийин, шу сабабли 65 ёшимда компьютер курсларига қатнаб тугатдим. Бу ишни, аввало,оиламиз фаровонлиги учун, фарзандларим келажаги учун, ва албатта, қизларимга ўрнак бўлиш ва уларни янада руҳлантириш мақсадида қилдим,» деган машаққатларни енгиб ўтиш борасида гапираётиб олима.

Олима Америкада Ўзбек-Америка жамиятига асос солган. Бу жамият Бруклин шаҳрида ташкил топган. Санобар Бобохонованинг айтишича мазкур жамият Амарикадаги ўзбеклар учун кўп хайрли ишларни амалга ошираётир:

- Бруклинда ўзбекларимиз сафи жуда ҳам кенгайиб бормоқда эди, ва табиийки Амери-кага янги ташриф буюрганлар ёрдамга муҳтож бўлишади. Шундай пайтларда Туркистон-Америка Жамияти қанчалик ёрдам беришга уринмасин, уларнинг узоқда жойлашгани ноқулайлик яратарди. Шу мақсадда мен шунга ўхшаш жамиятни Бруклинда ташкиллаш-тиришга қарор қилдим. Бу таклифни эшитган консулимиз ҳам жуда мамнун бўлдилар ва уларнинг кўмаклари билан маълум бир муддатдан сўнг жамият ишга тушди. Жамиятимиз-нинг асосий мақсади АҚШда истиқомат қилаётган ватандошларимизга ҳар томонлама ёрдам бериш, қоғозбозлик ва қонуний ишларида, тўй ва маъракаларини ўтказиб беришда кўмаклашиш, маслаҳатлар бериш, байрам ва концертлар ташкиллаштириш эди. Мақсади-мизга мувофиқ равишда жамиятимиз анча ишларни амалга оширди, хайрия маблағлари-дан тушган даромад билан юзлаб юртдошларимизга ёрдамлашдик, маросимларини ўтка-зиб бердик, Обид Асомов, “Болалар” гуруҳи каби кўплаб халқимиз суйган санъаткорларни олиб келиб концертлар ўтказдик. 2005 йил 8 Март куни эса жамиятимиз нодавлат нотижо-рат ташкилоти номи билан лицензияга эга бўлди.

«Санобар опа, эслатиб ўтганингиздек, АҚШда юртдошларимиз сафи кенгаймоқда, улар-га қандай маслаҳатлар берган бўлардингиз,» дея сўраган «Ватандош» мухбири.

«Энг аввало, ҳар бир мусофир ўзи келиб истиқомат қилаётган юртни қадрламоғи, унинг ҳар бир жиҳатига ҳурмат билан муносабат қилиши лозим. Мусофирликда қийинчилик бўлиши бу табиий ҳол, аммо уларни енга ола билиши керак, бунинг учун эса интилиш, яхшилик, сабр ва энг асосийси, бирлашмоқ лозим. Юртдошларимизга маслаҳатим айнан шу: қаерда бўлмасин, меҳнат ва ташаббус, чин виждон билан яшасинлар. Зеро, ўзбекнинг бундай ноёб фазилатларини бутун дунё кўриб ҳайратлансин, уни бутун дунё танисин, қандай буюк тарихга эга эканлигимизга гувоҳ бўлсин. Бунинг учун, яъни юрт шаънини кўтармоқ учун Ватанда бўлиш муҳим эмас, мақсади бор инсон ҳар ерда ҳам унга эриши-ши мумкин. Навоий бобомиз ҳам ўз юртларида яшамай туриб бутун ўзбек халқига бебаҳо хизмат кўрсатганлар.»

Ҳақиқий Адабиёт мангу яшайверади!

“Шарқ юлдузи” журналининг 3-сонида истеъдодли ёзувчи Исажон Султоннинг “Интер-нет адабиёти” мақоласи эълон қилинди. «Ватандош» бу мақолага эътибор қаратган.

Исажон Султоннинг фикрича, адабиёт интернетга кўчиб ўта бошлаганига бир неча йил бўлди. Лекин шу ҳолатнинг ўзиёқ келажакда босма нашрлар ва Интернет адабиёти ора-сидаги чегара йўқолиб, адабиёт Интернетга тамомила кўчиб ўтса нима бўлади, деган хавотирларга олиб келди. “Мазмунан қарасак, Интернетнинг адабиётга таъсири, бор-йўғи, икки омилдан иборат. Биринчиси – кўп йиллардан бери яккаҳокимлик қилиб келаётган қоғоз ва матбаа саноатининг четга сурилиши. Иккинчиси, адиб билан ўқувчи орасидаги масофанинг (шунингдек, нашриёт ва китоб савдоси номи остидаги тижорий воситачи-нинг) йўқолиши”, деган ёзувчи.

Исажон Султоннинг фикрларини ўз ўқувчилари учун муҳим деб билган нашр ёзувчи мақоласини кўп ҳам шарҳлаб ўтирмайди.

“Бизлар кўп йиллардан бери китоб ортидаги ижодкорни ва гоҳо телевизор экранида кўриниб турадиган ижодкорни таниймиз. Лекин Интернетдаги ижодкор тамомила “бош-қа”, имконлари чексиз ижодкордир. У асарини ўзи хоҳлаган шаклда, ранг ва дизайнда, хоҳлаган безаклари билан эълон қила олади, изоҳлар киритади, айни вақтнинг ўзида таҳ-рир ҳам қила олади. Айни вақтда ўқувчининг фикрларига, ижтимоий ҳодисаларга муно-сабат ҳам билдиради, масалан, шу дамда нимани ўйлаётганини ҳам билдира олади. Ўқув-чи эса муайян асар юзасидан истаган вақтида адиб билан мулоқотга киришиши, мулоҳаза-ларини баён этиши, ҳатто махсус дастурлар орқали юзма-юз мулоқотга ҳам киришиши мумкин. Мулоқотнинг ривожи шу тарзда юз беради ва “фаол ўқувчи”ни пайдо қилади. Бунинг яхши томонини кўра олишимиз керак. Айнан шу боис “йўқолган ўқувчи”ни топиш имкони пайдо бўлади”, деб ўз фикрини асослайди,» деб ёзилади веб-сайтда.

«Ёзиш жараёнида адиб ўқувчини, мутолаа жараёнида ўқувчи адибни тасаввур қилади. Муаллиф бўшлиққа хитоб қилиши сира мумкин эмас. Шу нуқтаи назардан қарасак, адабиётнинг Интернетга кўча бошлаши янги ҳодисаларни, ўз ёзувчиларини кутаётган янгидан-янги ўқувчилар қатламларини очиши мумкин. Тўғри, ўқувчиларнинг асосий қатлами ҳозирча Интернет билан унча таниш эмас. Лекин тараққиётнинг бугунги суръатига қараб, бир неча йилдан кейин Интернет худди телевидение каби кундалик эҳтиёжга айланиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилиш қийин. У ҳолда, ҳозирги Интернет қўлланувчиларни сираям “олақуроқ оломон” деб атаб бўлмайди, улар – эртанги куннинг постиндустриал жамиятининг илғор қисми, йигирма-ўттиз ёш орасидаги бугуннинг ёшлари эртанги куннинг профессионалларидир,» дея фикрлаган адиб.

Ёзувчига кўра, интернет янги, ҳали нотаниш муаллифларнинг пайдо бўлиш маконига айланиб бораётир. У – ўз услубини ва сўзини айтишни эндигина ўрганаётган ёшлар учун машқ майдони, шунингдек, машаққатли шу юмушни эплай олмаганлар учун ҳам тинч-гина, беташвиш бир макон ҳамдир.

Интернет афзалликларини таъкидлаш билан бирга Исажон Султон юксак адабиёт масаласига тўхталади. Унинг бу борадаги сўзларини ҳам «Ватандош» ўқувчиларига бирон-бир шарҳсиз тақдим этган:

“Юксак адабиётга келсак, бу ўринда аҳвол бошқачароқ. Фаоллик нуқтаи назаридан қарасак, Интернет ўқувчилари кўпроқ “иккинчи даражали” адабиёт эканини, тақдим қилинаётган асарларда дилетантлик, такрорлар ва тақлидлар кўплигини кўрамиз. Лекин кимдир қайсидир саҳифага нимадир ёзса, бу ҳали уни кишилар ўқийди ва юксак санъат намунаси сифатида қабул қилинади, дегани эмас. Мўътабар нашрларнинг электрон саҳифаларидан ёки кутубхоналардан ўрин олиш учун ўша нашр талаблари асосида сара-лаш босқичидан ўтиш лозим. Яъни адабий ҳаётнинг асосий марказлари – журналлар, танловлар ва ҳоказолар Интернетга кўчиши билан уларнинг аҳамияти камайиб қолмайди, балки ортади”.

Исажон Султоннинг мақола хулосасидаги фикри албатта ҳар бир адабиёт мухлисини қувонтиради: «Хулласки, таҳлиллар ва кузатишлар сўнггида шуни тўла ишонч билан айта оламанки, Интернетда бўладими, бошқа нетдами, ҳар қанақасига ҳам, олди-сотди муноса-батларига асосланган тижорий ёзмалар эмас, балки бетакрор, гўзал ҳодиса бўлмиш Инсон фикру тафаккури, қалбининг фавқулодда гўзал ва такрорланмас баёни, инсоният орзу-ларию изтироблари, миллат тилининг ва руҳиятининг ақл бовар қилмас ажойиб гўзаллик-ларини акс эттира олган адабиёт, яъни ҳақиқий Адабиёт мангу яшайверади!»

«Ватандош» - vatandosh.com билан танишган ҳар бир киши тобора кўпроқ ўзини қизиқтирган мавзуларни топа олаётганлигини таъкидлаб ўтиш жоиз.