Доғистонда икки ўзбек ўғирлаб кетилгани ишонилади

Image caption Доғистон ҳукумати авж олиб бораётган диний экстремизга қарши курашиб келади, бироқ Ўзбекистон фуқаролари қўлга олинмаган

Россиянинг "Мемориал" инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилоти даъво қилишича, Доғистонда икки Ўзбекистон фуқароси ўғирлаб кетилган.

Қашқадарёда туғилиб ўсган ака-укалар - 30 ёшли Жасурбек Фозилов ва 23 ёшли Алишер Фозиловлар Доғистон пойтахти Махачкаланинг Кировский туманида ўн кун аввал ғойиб бўлганлар.

Уларнинг яқинлари икковлоннинг махфий хизматлар томонидан ўғирлаб кетилганига ишонадилар. Ака-ука Фозиловларнинг исми-шарифи Ўзбекистон Бош прокуратурасидан Россияга юборилган ҳужжатларда бўлган.

Алишернинг Россия фуқаролигига эга рафиқаси Жамулат Нажмуддинованинг билдиришича, ака-укалар 13 июлда эрталаб Махачкала чеккасидаги уйнинг томини ёпиш учун ишга кетганларича, қайтиб келмаганлар.

Телефон алоқаси узилган, кечқурун эса икковлонга тегишли машина йўл четидан топилган. Машина калити машина ичида қолган, ака-укага тегишли ҳужжатлар эса ғойиб бўлган.

"Мемориал"нинг Марказий Осиё бўйича директори Виталий Пономарёвнинг Би-би-сига айтишича, икковлоннинг айбини Россия қонунчилиги доирасида исботлаш имконсиз бўлгани учун улар ўғирлаб кетилган бўлишлари мумкин.

"Мемориал" танишиб чиққан ҳужжатларга кўра, ўтган йил июнида Қашқадарё Ички Ишлар бўлинмаси Алишер ва Жасурбекка қарши жиноий иш очган.

Улар 2009-2012 йилларда Доғистонда ишлаётган қатор ўзбекистонлик муҳожирлар орасида Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг жиҳодий фильмларини намойиш қилиш билан диний-экстремистик тарғибот ишларини олиб борганлари даъво қилинган.

Ака-ука, шунингдек, "анъанавий Исломга ёт ғоялар"ни ўз ичига олган диний адабиётни сақлашда айбланганлар.

Жаноб Пономарёв бу даъволар ҳеч қандай далил-исботга асосланмаганини айтади.

"Ҳужжатда жуда мавҳум иборалар келтирилган. Бу икковлон агар ташкилот тузган бўлса, унинг номи нима бўлгани, айнан қачон, қайси санада қандай учрашув ё экстремистик ҳаракатларни содир қилганлари келтирилмаган. Россия қонунчилигига кўра, бир жойга йиғилиб, дин ҳақида суҳбатлашиш жиноят эмас," - дейди у.

Жорий йил апрелида Алишер Фозилов Доғистоннинг Кизляр тумани полицияси томонидан халқаро қидирувдаги шахс сифатида ҳибсга олинган. Бироқ маҳкама прокуратуранинг уни ҳибсда ушлаб туриш сўровини рад қилганидан сўнг озод этилган.

Ўзбекистон бу икки фуқароси ўз жиноятларини Россия ҳудудида содир қилганини даъво қилаётган бўлсада, Россия ҳуқуқ-тартибот органларида Фозиловларнинг қандайдир жиноий ҳаракат олиб борганлари ҳақида умуман маълумот йўқ.

"Улар Россияда биронта ман қилинган ташкилот аъзо эканлари ҳақида маълумот йўқ. Гап бу ерда яна бир сохта жиноий иш ҳақида кетаяпти. Афтидан у Россияда ишлаб қайтган муҳожирларнинг босим остида берган кўрсатмаларига асосланади", - дейди Пономарёв.

Унинг айтишича, одатда Ўзбекистон фуқароларини ўғирлаш амалиётларини Россиянинг ФСБ хавфсизлик хизмати мувофиқлаштиради, Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати эса россиялик ҳамкасбларини "экстремист"ларни қўлга олиб бергани учун норасмий тарзда тақдирлайди.

Россия ҳудудида ўтган йил кузидан бери Ўзбекистон ва Тожикистонлик "экстремистлар"га ов авжига чиққани айтилади.