'Ўзбекистон мобил телефон бозорида консенсус йўқолди'

Шу кунларда Тошкент шаҳар маҳкамаси Ўзбекистонда "Билайн" белгиси билан фаолият олиб бораëтган "Вимпелком" телекоммуникациялар ширкатининг монополиячилар рўйхатидан чиқариш борасидаги сўровини қондирмади.

Аввалроқ "Билайн" ҳукумат тарафидан мобил телефон бозорини монополия қилувчилар рўйхатига киритилган эди.

Кузатувчилар телеком бозорида мувозанатнинг бузилишини ўтган йил ёзида МТС савдо маркаси остида фаолият юритувчи "Ўздунробита" алоқа компаниясининг лицензияси бекор қилинишига боғлашади.

Мобил телефон алоқаси бозори тез ва кўп даромад келтирувчи соҳалардан ҳисобланади.

Россиянинг МТС ширкати солиқларни тўлашдан бош тортишда айбланиб, беркитилиши ортидан 9 миллион мижоз ё "Билайн" ёда "Юселл" ширкатларига қўшилди ва бу телефон алоқаси сифатини кескин тушириб юборди.

Яқинда МТС ширкатининг мулки ким ошди савдосига қўйилди, лекин бу мулкни сотиб олиш хоҳишини ҳеч ким изҳор этмади.

Ўзбекистонда илк уяли алоқа ширкати - "Уздунробита" асосчиларидан бири бўлган Санжар Умаровнинг айтишича, МТС ширкати бозордан сиқиб чиқарилганидан бери ушбу соҳада "жанжалли вазият" юзага келган.

Жаноб Умаровга кўра, МТСнинг бозордан чиқарилишидан аввал уч йирик мобил телефон ширкати орасида "консенсус", яъни ўзаро норасмий келишув мавжуд бўлган.

Санжар Умаровнинг айтишича, жумладан, МТС мол-мулкига харидор топилмаётганлигининг сабабларидан бири мобил телефон алоқаси соҳасида расмий лицензиясиз иш юритиб бўлмаслигидир.

"Бу лицензиясиз ширкатнинг техник ускуналарини ишлатиб бўлмайди ва бу ускуналар темир-терсакдан бошқа нарса эмас", деди Санжар Умаров.

Унинг фикрича, 90 йиллар ўрталаридан бери мобил телефон алоқаси соҳаси Ўзбекистонда порахўрликка бота бошлаган ва бу маънода Санжар Умаров сўнгги пайтларда юзага чиққан ва чет эл матбуотида кенг ёриталаётган Телиасонера можаросини тилга олди.

Жаноб Умаровнинг тахмин қилишича, лицензия беришни Ўзбекистонда таъсирли шахслар ўз назорати остига олишган.

"Бошқа томондан қаерда давлат назорати ва киритилган чекловлар кўп бўлса ўша соҳанинг порахўрликка ботиши эҳтимоли кўп бўлади", деб айтди Санжар Умаров.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди