Uzmetronom веб-сайти фаолиятини қайта бошлаганини эълон қилди

Image caption Ўнлаб мактубларда изҳор этилган муштарийларимизнинг ишончи фаолиятимизни қайта бошлашга асос бўлди, деган сайт асосчиси.

Ўзбекистонда мустақил ахборот тарқатиб келадиган ва ҳукумат хавфсизлик идораларига яқин деб баҳоланган Uzmetronom.com веб-сайти яна фаолиятини давом эттиришини маълум қилган.

Сайтда Ўзбекистонга оид рус тилидаги янгиликлар эълон қилина бошлаган.

Uzmetronom.com асосчиси, Тошкентда жойлашган журналист Сергей Ежков "Биз ўйлаб кўрдик ва мен қарор қабул қилдим" деб сарлавҳаланган қисқа хабар эълон қилган.

"Махсус ҳолатлар юзага келтирган узоқ давом этмаган сукутдан кейин UzMetronom.com ижодий жамоаси ўз ишини қайта бошлашга қарор қилди. Бундай қарор қабул қилишга бизнинг нашримиз почтасига келиб тушган ўнлаб мактубларда изҳор этилган муштарийларимизнинг ишончи асос бўлди. Шунингдек, биз умид қиламизки, бир ва ҳатто жуда юксак мансабли бўлса ҳам амалдорнинг силтови - оммавий ахборот воситаларини демократлаштириш йўналишини танлаган давлатнинг сиёсати эмас. Бундай умидлар асослими ёки навбатдаги адашишми, буни вақт кўрсатади", деб ёзган сайт Бош муҳаррири Сергей Ежков.

25 июл куни Uzmetronom.com ўз фаолиятини вақтинча тўхтатаётгани ҳақида эълон қилган эди.

Бунга веб-сайтнинг Ўзбек-Қирғиз чегарасида чегарачилар ўртасида отишма рўй бериб икки Ўзбекистон чегарачиси ҳалок бўлгани ҳақидаги ахбороти сабаб бўлган.

Сергей Ежков Би-би-си билан суҳбатда ўзига Ўзбекистон Ҳарбий прокуратурасидан огоҳлантириш берилганини айтган.

Бу огоҳлантиришда ҳарбий прокуратура UzMetronom.com сайтини "Қирғиз-Ўзбек чегарасидаги можаро ҳақида ваколатли идоралар билан мувофиқлаштирмай хабар" тарқатганликда айблаган.

"Ўзи аслида нималар бўлаётганини тушуниб етишим учун ва бу ерда яшаб келаётган фуқаро сифатида ҳаққоний маълумотни тарқатишим нақадар оқилона иш эканини тушуниб етишим учун вақт керак. Тўғрисини айтсам, мени ҳукумат шу кунгача тушуниб келган. Менга буни очиқча айтмаганлар, лекин ҳукуматнинг менинг Uzmetronom саҳифамда чоп қилинган хабарларга муносабати ва муаммоларга жавобан чоралар кўраётганининг гувоҳи бўлганман. Бундан жуда қониққанман. Масалан, Россияда истаганингча ёз, ҳукуматдан ҳеч қандай муносабат ололмайсан. Лекин, бизда бундай эмас. Бундан жуда хурсанд эдим. Лекин, афсус, нимадир нотўғри бўлган кўринади", деб айтган Сергей Ежков.

Фаолиятини қайта бошлаганидан кейин UzMetronom.com эълон қилган илк хабар Ўзбекистонда нашр этиладиган рўзнмаларнинг шарҳи бўлган.

Бу шарҳида UzMetronom.com веб-сайти "Туркистон" рўзномасидаги мақола Президент Ислом Каримовни подшоҳ деб атаганига эътибор қаратган.

Бу мавзуда батафсилроқ