UzWebiston: Марказий Осиёда ҳавонинг ноодатий исиши кузатилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM
Image caption Бозор ва жамоат транспортида одамларнинг хушдан кетиб йиқилиш ҳоллари кузатилган

Минтақанинг деярли барча давлатларида ҳавонинг ҳаддан ташқари исиб кетиши хабар қилинган.

Ўтган бир неча кун мобайнида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистонда ҳарорат 45 даражага қадар кўтарилган.

Ўзбекистон ва Тожикистоннинг айрим минтақаларида рекорд даражада юқори ҳарорат қайд этилган.

Маҳаллий матбуот одамларнинг дўконлар ва жамоат транспортида хушдан кетиб йиқилиш ҳоллари кузатилгани ҳақида ёзган.

Фавқулодда вазиятлар вазирликлари аҳолига уйда ўтириш ва иссиқдан сақланишнинг бошқа усуллари ҳақида тавсиялар берган.

Минтақа давлатлари ҳаддан ташқари иссиқ ҳаво бу йилги ҳосилга таъсир қилишидан ҳам хавотирдалар.

Ўзбекистон

Матбуот хабарларига кўра, август ойи бошларига қадар давом этиши кутилаётган жазирама энг кўп таъсир ўтказган давлат аҳолиси кўп Ўзбекистон бўлган. Ўзбекистоннинг Нукус, Термиз ва Самарқанд шаҳарларида рекорд даражадаги иссиқ қайд этилган. Давлат об-ҳаво агентлиги - Узгидрометнинг хабар қилишича, "2013 йил 25 июл куни Ўзбекистоннинг шимолий Нукус шаҳрида ҳаво ҳарорати 1984 йилнинг айни кунида қайд этилган рекорд даражадан ҳам юқори кўтарилиб, Цельсий шкаласи бўйича 42. 2 даражани ташкил этган. Бундан аввалги рекорд 40.8 даража эди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг 12uz.com вебсайти 26 июл куни хабар тарқатган.

Вебсайтнинг ёзишича, 27 июл куни Термиз ва Самарқанд шаҳарларида рекорд даражадаги иссиқ- 44.3 ва 40.8 даража қайд этилган.

"Ўзбек расмийлари об-ҳаво шароитларидан хавотирдалар, чунки агар сув етарли бўлмаса, мамлакат қишлоқ хўжалиги ҳосилнинг катта қисмидан ажралиб қолиши мумкин", деб ёзган stanradar.com вебсаҳифаси 27 июл кунги хабарида.

Тошкентдаги иссиқ ҳаво ҳақида ёзган uz24.uz вебсайти эса 29 июл куни ўз мухбири "бир неча одамларнинг дўконлар ва жамоат транспортида хушдан кетиб йиқилганликларига гувоҳ бўлгани" ҳақида хабар берган.

Айни пайтда Ўзбекистон Фавқулодда Вазиятлар вазирлиги мобил телефон фойдаланувчиларига хабар йўллаб, ҳаддан ташқари иссиқ ҳавода нима қилиш кераклиги борасида тавсиялар берган.

Вазирлик одамларга спиртли ичимликлар ичмаслик, кўпроқ суюқлик ва ҳўл мевалар истеъмол қилишни маслахат берган. Вазирлик шунингдек, одамларга енгил кийимлар кийиш ва кўпроқ вақтни сояда ўтказишни тавсия қилган.

Тожикистон ва Туркманистон

28 июл куни "Озодлик" радиосининг Тожик хизмати - "Радио Озоди" Тожикистоннинг Сўғд ва Душанбе шаҳарларида ҳаво ҳарорати 46 ва 42 даражага кўтарилгани ҳақида хабар берган.

Тожикистоннинг Давлат Гидрометеорология хизмати барча давлат ташкилот ва идораларига 25 июлнинг сўнгги кунларида кутилаётган иссиқнинг эҳтимолий оқибатларидан огоҳлантирувчи хабарлар йўллаган.

Тожик шифокорлари одамлар, айниқса, кексалар, ёш болалар ва беморларга кундузи кўчага чиқмасликни тавсия қилишган.

Матбуот хабарларига кўра, шунга ўхшаш вазият Туркманистонда ҳам кузатилган.

Туркманистоннинг давлат телеканалали - "Олтин Аср" 26-28 июл кунги хабарларида шу кунлари ҳаво ҳароратининг 41-43 даражага кўтарилишини айтган.

Қозоғистон

nur.kz портали 28 июл куни Қозоғистоннинг Қизилўрда вилоятида термометрлар Цельсий шкаласи бўйича 46 даражани кўрсатаётгани ва фавқулодда хизматлар юқори тайёргарлик ҳолига келтирилгани ҳақида хабар берган.

Хабарда айтилишича, шифокорлар ва тез тиббий ёрдам хизматлари ёз жазирамаси сабаб узлуксиз ишлашмоқда.

"Юрак хасталигидан шикоят қилиб, тез тиббий ёрдамга телефон қилаётганлар сони кўпаймоқда. Ой бошидан буён 1000 дан ортиқ одам қон босимининг бирданига кўтарилиб кетишидан шикоят этган", деб ёзади nur.kz

"Би-би-си Мониторинг" хизмати томонидан тайёрланган.