Россия: Муҳожирларга тил дарсими, ё дин дарси?

Image caption Патриарх Кирилл ташаббуси билан муҳожирларга тил ўргатилмоқда

Россияда меҳнат муҳожирларига нисбатан ҳуқуқсизлик авжига чиққан бир пайтда кутилмаганда Рус Православ Черкови жамоаси юртдошларимизга бағрикенглик ташаббуси билан чиқди ва уларнинг мамлакатга мослашувига ёрдам беришга тайёрликларини билдирди.

Оммавий ахборот воситаларида Патриарх Кириллнинг инсонларга нисбатан бағрикенг муносабатда бўлиш лозимлигини билдирувчи сўзлари тез-тез янграй бошлади. "Биз бўлмасак, ким унда? Бу инсоният тараққиётининг замонавий босқичида барча эътиқодлилар ва дин йўлбошчиларига ташланган алоҳида чақириқдир", - деди Патриарх Кирилл Россияда ишлаётган меҳнат муҳожирларини тарбиялаш борасида.

2010 йилда Патриарх ризоси ва Федерал Миграция Хизмати ташаббуси билан Россияда ҳамкорликдаги комиссия ташкил этилди.

Шу йилнинг апрель ойида эса Москва ва бутун Русь Патриархи Кирилл ва Федерал Миграция Хизмати раҳбари Константин Ромадановский ўртасида биргаликда ҳаракат қилиш келишуви имзоланди. Унга кўра, муҳожирларни мамлакатга мослашувида ёрдамлашиш, рус тили ва маданиятини ўрганишларига оид масалалар бўйича ҳамкорликда ишлаш дастури ишлаб чиқилди.

Ўтган уч ой давомида черковлар ҳузурида муҳожирлар учун рус тили курслари ташкил этилиб, марказий осиёлик меҳнат муҳожирларига рус тили ва маданияти, тарихидан бепул дарслар ўтказилиб келинмоқда.

Четдан қараганда, гўё меҳнат муҳожирлари учун ғамхўрлик қилиш бошлангандек. Аммо баъзи черковларда рус тили дарслари ўрнига христиан дини тарғиб этилмоқда.

Асл мақсад нима?

"Мен сиз билан сизнинг тилингизда гаплашаман, - дея мени қаршилади рус тили ўқитувчиси Ольга. - Биз муқаддас китоб ўқияпмиз, ўқувчиларимизнинг қизиқишлари баланд. Ўзбеклар билан ўз тилида гаплашиш тез тил топишишимизнинг осон йўли. Дарсларимизда билдикки, ўзбеклар Ислом ҳақида кам билар эканлар, Бу ҳам Худонинг инояти, қанча кам билишса, улар билан гаплашиш шунча осон".

Image caption Россияга иш излаб келаётган кўпгина муҳожирлар рус тилини билмай қийналадилар

Черковлардаги дарсларга қўшимча, ўзбек тилига таржима қилинган "Ҳаёт китоби" бепул тарқатилмоқда.

Шу ойда Рус Православ Черкови ва Федерал Миграция Хизматининг Данилов монастирида ўтказилган навбатдаги йиғилишида ҳамкорликда ишлаш бўйича 65та келишув имзолангани таъкидланди. Маълумотларга кўра, айни пайтда мамлакатда муҳожирлар учун рус тили ўргатишга мўлжалланган жами 278та курс фаолият юритмоқда, шундан 93таси бепул курслардир.

"Бу бепул ёрдамлар ортида бошқа мақсад бор, - дейди асли ўзбекистонлик мустақил консультант Раъно Ҳамроева. - Ночор инсонларнинг кучсизлигидан фойдаланувчилар ҳамма жойда топилади. Кейинги йилларда ишлашга келаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг аксар қисми рус тилини билмайдиган ёшлардир. Уларнинг ёшлиги ва билимсизлиги диний таъсирлар оқимига тушиб қолишига сабаб бўлиши мумкин".

Москвада бу каби ҳоллар аллақачон кузатила бошланди. Черковларнинг биридаги бепул рус тили курсига қатнашаётган андижонлик қиз нафақат исмини, балки динини ҳам ўзгартирди.

"Черковда ибодат қилишга авваллари киноларда кўриб қизиқардим, - деди Марина (аслида Марҳабо). - Бу ерга келгач, динга муносабатим ўзгарди. Ҳеч ким мажбурлагани йўқ, ўз хоҳишим билан динимни ўзгартирдим. Буни ота-онам ҳалигача билишмайди, айтмоқчи ҳам эмасман".

Федерал миграция хизмати эса, айни пайтда черковлар қошида 12та рус тили курслари фаолият юритаётганини билдирди.

ФМХ раҳбари Ромадоновский бу борада шундай деди: "Демография - давомли мавзу. Унинг муаммолари ечимлари борасида бугун нимаики иш қилсак, бунинг натижасини 18-20 йилдан кейин кўришимиз мумкин. Зеро, Патриарх таъкидлаганидек, мамлакат бу муаммонинг радикал енгиш йўлини тўсиши керак"

"Россияга фақат мамлакатимизга керакли одамлар келиши учун хизматимиз қўлидан келган барча чора-тадбирларни кўради", - деди ФМҲ раҳбари Константин Ромадановский.

Меҳнат муҳожирларига рус тилини ўргатиш пардаси ортида афтидан жуда катта лойиҳалар мўлжалланган. Иеромонах Дмитрий Першиннинг берган маълумотига кўра, Миссионерлик комиссияси томонидан муҳожирлар учун бир неча тилларда қўлланмалар тайёрланган. Барча китоб ва қўлланмалар епархия бюджети ҳисобидан чоп этилиб, бепул тарқатилмоқда.