UzWebiston: «Дунё ўзбеклари» ва ўзбек адабиёти

Image caption «Дунё Ўзбеклари» - интернет-газетаси адабиётни ҳам унутмайди.

«Дунё Ўзбеклари» - журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий хабарлар, мақолалар бериб бориш билан бирга адабиёт мухлисларини ҳам унутмайди. Гарчи айрим мақола ё суҳбатлар бошқа веб-сайтлар, нашрлардан олинган бўлса-да, лекин улар «Дунё Ўзбеклари» да кўп мухлислар томонидан ўқилади.

Масалан, кеча dunyouzbeklari.comга қўйилган ёзувчи Эркин Аъзам билан суҳбатни аллақачон 2700 нафардан ортиқ киши ўқибди. «Тафаккурни тўхтатиб бўлмайди», деб номланган бу суҳбат od-press.uz веб-сайтидан олиб берилган.

«Янги мингйилликнинг одамларимиз»

Эркин Аъзамов ҳар галгидек қизиқарли суҳбатдош сифатида гавдаланади. Масалан, у журналистнинг «ўтган асрнинг 80-90-йилларидаги одам билан бугуннинг кишиси ўртасида қандай тафовутларни кўрасиз», деган саволига шундай жавоб беради:

«Кечаги замоннинг қавми хийла содда, кўнгилчанроқ эди, назаримда. Лекин ҳам руҳан, ҳам амалий жиҳатдан бирмунча танбалмижоз эди-ёв?! Фаоллашувига на рағбат, на имконият бор эди-да. Ишласангиз-ишламасангиз ўша маош, кесиб қўйилган, ортиғига изн йўқ.

Бугунгилар эса бир қадар нақдпараст (прагматик) бўлиб қолгандек. Нимани айтманг, дарров бармоқ букиб фойда-зарарини ҳисоблашга тушади. Алланечук безовтами-ей, жонсаракми-ей, ўзини ҳар ёққа урган…

Хўш, қайси бири маъқул бунинг? Дангал хулоса қилмоққа шошмай турайлик. Негаки, салбий-ижобий дегандек томонлари бор-да. Аммо шуниси аниқки, барибир эркинлик яхши, эркин танлов муҳити пеш. Ҳам шахсий, ҳам ижтимоий тараққиётга йўл очади.

Қолаверса, биз энди йигирманчи асрнинг эмас, янги юзйилликнинг, ҳатто, янги мингйилликнинг одамларимиз. Рақамларнинг одатдаги ўрин алмашинуви деб қарамаслик керак бунга. Жаҳон миқёсидаги гоҳ улкан, гоҳо дафъатан кўзга ташланмайдиган ўзгаришлар бугунги инсоннинг руҳиятига таъсир ўтказиши табиий.»

Эркин Аъзамовнинг зиёлиларимизнинг ижтимоий ҳаётдаги ўрни ҳақидаги саволига жавоби ҳам кўпларни қизиқтиргани, табиий.

«Зиёлиларнинг ўрни масаласига келсак… Ўзимизга ҳам боғлиқ. Бойлигу, шон-шуҳрат илинжидагина юрган, гоҳо калла қолиб, бошқа аъзолари билан фикр қилмоққа ишқибоз шоу-бизнесчиларга бериб қўймайлик-да ўрнимизни. Аччиқроқ туюлса ҳам бор гап шу», деган истеъдодли адиб.

Бахт ҳақида ҳам адибнинг ўз тушунчаси бор: «Менинг содда ақидам бўйича, ҳақиқий бахт-иқбол — қаноатда, дилижамликда. Сабр-қаноатнинг кўчасидан ўтмаган, хотиржамлик нималигини билмайдиган кимса бахтиёрлик даъво қилса, асти ишонманг. У ё ўзини пухта англаб етмаган ҳовлиқма бир банда ёки тўймас бир юҳо!

«Дунё ўзбеклари» танлаб олган мақолалардан бири Ўзбекистон Халқ шоири Хуршид Давроннинг бошқа бир истеъдод эгаси Эшқобир Шукур ҳақидаги фикрлари қоғоз юзига тушган мақоласидир.

«Токи шеър тирик экан…» деб аталган бу мақола kitobdunyosi.uz веб-сайтидан олинган. «Бугунги асл маъносини йўқотиб бораётган дунёда инсонийликни, эзгуликни шивирлаган шеър ўт ва олов сочаётган бомбалар-у тўпларга қарши тура оладиган ягона инсоний ҳимоядир. Шеър ҳеч кимга керак эмасдек туюлган бир пайтда бу гапни айтиш нечоғли асоссиз туюлмасин, мен бу гапни қайта-қайта такрорлайман: эзгуликнинг кичик жунайдуллоси – кичик қўшини бўлмиш шеърият тирик экан, дунё тирикдир. Ҳатто мавжудотнинг ўзи Яратган сўзидан ва шеъридан пайдо бўлган, деган ўйга бораман баъзан.

Шивирлаган шеър кучи

Фақат Адабиёт ва Шеър инсон юрагига кира олади, уни нур ва меҳр билан тўлдира олади. Бошқа ҳеч нарса на сиёсат, на матбуот, на телевидение ва радио, на интернет бу ишни эплай олади. Бугун дунёни санъату адабиёт қўлидан тортиб олган бизнес (пул) бошқариб турганда, бу гапларни айтиш бениҳоя аччиқ ва аламлидир.»

Истеъдодли шоирнинг бу сўзларини ўқиган ҳатто адабиётдан узоқлашиб кетган, кейинги ойлар тугул, кейинги йилларда қўлига китоб олмаган одам ҳам ҳеч бўлмаганда бир муддат ўйланиб қолиши, табиий.

Хуршид Давроннинг Эшқобил Шукурнинг янги шеърий туркуми ҳақидаги баҳоси билан танишган ҳалиги адабиётдан узоқлашган одамларнинг кўпчилигида бу шоир ижоди билан танишиш иштиёқи туғилади.

«Эшқобил Шукурнинг бу туркумдаги шеърлари табиий равишда, шоирнинг олдинги шеърларига ҳамоҳанг, аммо янги ранглар қўшилгани билан эътиборлидир. Ўша таниш оҳанг – шоирни бошқалардан ажратиб, “Бу Эшқобил Шукур шеъри” деб шивирлаган оҳанг янги рангин туйғулар, янги тимсоллар билан ўранган. Бу шеърлардан уфуриб турган ҳазинлик, ўша кўҳна – шеърни шеър қилиб келган, ҳеч қачон бақирмайдиган, фақат шивирлайдиган ҳазинлик, кишини тушкунликка эмас, ёруғликка чорлайдиган ҳазинлик ёрқин тус олгани ва тозалиги, Иброҳим муаллим айтмоқчи, “жадидий” маъноси билан ажралиб туради,» дея Хуршид Даврон Сизни Эшқобил Шукур шеърий оламига бошлаб кетади.

«Бу шеърлар елкасини йиллар залвори босса-да, ярим асрлик масофани ортда қолдириб, покиза фаслга, ўша уч ёшига, беғубор кунларга қайтишни орзу қилган юракдан туғилган. Бу юрак шаҳарнинг сиқиқ муҳитидан абадият оралаб ўтган ёлғизоёқ йўлга, олтин боши эгик бошоқлари мавжланган зарҳал буғдойзорга, кўнгилни гул билан тўл-дирган алвон далага талпинади. Ўша томонларда:

Ойнинг ёруғида, оқшом бағрида

Ялпиз япроғида ухлар хонқизи…

Ўша олисларда:

Хазонли боғларнинг ҳазин ҳасрати

Шамолни уйғотар сокин руҳимда…»

«Мен бу шеърларни таҳлил қилишни истамайман. Зеро, баъзан шеърни таҳлил қилиш уни ўлдириш билан баробардир. Мен фақат бу шеърлар ўзбек шеърияти дафтарига ёзилган энг сара асарлар қаторига қўшилишига ишонаман.

Нотинч дунёда, бир неча бўлакка бўлиниб, бир-бирини маҳв этишга чоғланган дунёда Ер сайёраси ўқини заиф бармоқлари билан ушлаб турган эзгулик лашкари ичида адабиёт, унинг жунайдуллоси шеър борлигига ишонаман. Эшқобил Шукурнинг бугун сизга тақдим этилаётган шеърлари аллақачонлар ўша қўшинга бориб қўшилганига ҳам ишончим комил.

Уларни (умуман эзгуликни ифода этувчи ҳар бир шеърни) мутолаа қилар экансиз, сиз ўша заиф бармоқларга куч ва қувват қўшишингизга ишонинг.»

Хуршид Давроннинг бу сатрларини ўқиётган пайтда мени қамраб олган кучли ҳаяжон сизда янада кучлироқ кечишига ишонаман. Чунки Хуршид Даврон ҳеч қачон асоссиз гап айтмаган.

Шоир юрагида кўпираётган “исён”

«Дунё ўзбеклари»да берилган бошқа бир мақола – «Эрку муҳаббатнинг мухтор элчиси»нинг эълон этилганига анча йиллар кечди. Аъзам Раҳимнинг бу мақоласи 1997 йилда чпо этилган.

Мақола бизга юрак қонидан яралган шеърларини ташлаб кетиб, энди бир четдан боқиб турган Шавкат Раҳмон шеърларини янгидан кашф қилаётган каби.

Исён.

Шу сўзни яна бир қайтариб ўқинг.

Исён!

Вужудингиз зирқирадими? Борлиқнинг ҳайқириғини ҳам эшитгандирсиз? Тоғлар сирқирашини, дарёлар шовуллашини, бўронлар гувуллашини ҳам эшитдингиз. Буни яширишнинг ҳожати ҳам йўқ…

Изоҳ талаб қилиб луғат титкилашдан фойда чиқмайди. Бир ёқлама изоҳдан кўнглингиз тўлмайди. Сўз сизни таъқиб қилишда давом этади. Тобора вужудингизни парчалаётган Руҳнинг ўсаётганини сезасиз.

Тийранлашаётган кўзлар, уйғоқ дарёлар, гуллаётган тошлар, қонталаш оғриқлар руҳингизни қитиқлаб, алланечук хаёллар оғушига ғарқ бўлаётганингизни элас-элас илғаб оласиз. Демак, сўз сизнинг қўлингизга салтанатидаги энг муҳташам қасрларининг калидини тутқазди. Сиз унга хайриҳоҳсиз. Сўз салтанатидаги сайрингиз тобора узайиб боради.

Ва шунда… Ва шундагина “шеър” шоир юрагида кўпираётган “исён” эканлигига амин бўласиз. Шоирнинг маҳорати ҳам ана шу исённи алангалатиб, ўқувчига қай даражада етказиши билан ўлчанади. Бунинг учун шоир нафақат ўз қалбини тинглай билиши , балки энг зарра нурнинг-да , илк бора кўз очаётган гиёҳнинг-да, хуллас, тобора тилсимга айланаётган борлиқнинг-да тилини тинглай билиши керакдир.

Қалбнинг эзгу эҳтиёжини қондира олмоқлик, ундан (минг бир оғриқлар ила) лаззатлана билишлик, узоқ изтироблардан сўнг ором олмоқлик – буларнинг барчаси шоирликнинг Худо сийлаган қисматини ташкил этади. Мана шу қисматнинг тор ва узун кўчаларида адл юра олган шоир нафасига Ватан ҳам , Эзгулик ҳам , Севги ҳам эврилиши муқаррар.

Ана шундай танқис нафас соҳиби Шавкат Раҳмон ўзбек шеърияти бўстонида ўзининг ўжар, исёнкор, ва айни пайтда сокин шеърияти билан ажралиб туради.»

Йиллар ўтган бўлсада худди Шавкат Раҳмоннинг шеърлари каби оҳори тўкилмаган бу сатрлар шоир билан бир даврда яшаган инсонларни қанчалик севинтирса, ҳозирги ўн саккиз-йигирма ёшли йигит-қизларни Шавкат Раҳмон шеъриятига бошлаб кетиши аниқ.

“Рангин лаҳзалар”да юракнинг исёнга, шижоатга тўла қирраларини кашф қила олган шоир “Очиқ кунлар” умидида яшайди. Умид мисралар силсиласида буюк исёнга айланади.

Бу исён тошларни ҳам гуллатиш қудратига эга. Давр таъсиридан лоқайдлашиб бораётган кимсаларни “Уйғоқ тоғлар” садоси келаётган кенгликларга чақиради.

“Ҳулво”лар барқ уриб очиладиган кенгликлар шоирга бир умр Ватан бўлиб қолади.

Айни пайтда шоир Ватанда ўсаётган “Қоп-қора чечаклар”ни армон билан куйлайди. Шеър авжида туғилган лаҳза шоирнинг ўктам қиёфасини, ўжар феъл-атворини, уйғоқ овозини ўзига муҳрлаб олади. Лаҳза овоз таъсиридан асрлар қадар буюклик, асрлар қадар салобат касб этиб улғаяди. Осмон қадар бўй чўзиб, уфқ қадар кенгаяди.

Юракни куйдириб учаётган овозни, саркаш туғённи, ўтлиғ эҳтиросни босиқ сатрларга сиғдирмоқ жасорат эмасми?»

Мазкур сатрлар билан танишган сезгир ўқувчи муаллифнинг Шавкат Раҳмон шеърий тўпламларига ишора этаётганини яхши тушуниб олади, албатта.

Келинг, яна мақолага мурожаат этайлик:

«Турғунлик йилларига келиб эрк тушунчаси бир қадар қадрсизликка учради. Одамлар қалбига эрк сўзини сингдирмоқ амри маҳол бўлиб қолди. Шундай бир қалтис турғун вазиятда кўзи очиқ, уйғоқ одамларгина бутун вужуди билан Эркни қўмсадилар. Ҳатто тушларида ҳам эркинлик уларни ўзига чорлар, қушга айлантириб осмону фалакка олиб чиқаради.

Шавкат Раҳмон “Учаётган одам” шеърида қуш образига мурожаат қилади. Қуш – озодлик рамзи, озод руҳнинг парвози. Фақат осмонгина ҳақиқий эркин парвозга имкон беради. Лекин ердан кўтарилган “қора дарахт” шохларининг тиғдай учлари қушнинг парвозига ҳалал беради, ҳатто уининг қанотларини яралайди ҳам.

Шундай бўлса-да, “қонталаш қанот”ларни силкиш билан осмонга кўтарилиш мумкин.

“Минг бор ўлиб, минг бор тирилиб” ҳам юксакка талпинасан.

Лекин:

Юксакда бир олам мовий рангларда,

Озод руҳлар учун бошпана берган,

Учиб кетолмасдим

Гўё жисмимни

Кўринмас ришталар боғлаган ерга…

Хайриятки , бу туш, акс ҳолда инсон бу шум исканжадан қутулмоқлик илинжини ҳам йўқотиб қўйган бўлар эди.

Баъзан шоир тутқунлик ибтидосини қидиради. Сангин салтанатнинг макру ҳийлаларидан азобланади. Кўнгилни жунбушга келтириб оқиб келаётган саволларга жавоб қидиради.

Баъзан умидсизликка ҳам тушади. Лекин у шоир. Умидсизлик - шоир учун ёт. У юксак ишончлар, умидлар билан яшашга маҳкум. Бу унинг тариқати, бу унинг қисмати.

Шоирнинг кўнгил салтанатида учишга шайланган, лекин қанотлари калталиги туфайли уча олмаётган “полапон” чирқиллайди. Полапонга бутун меҳрини бериб улгурган шоир унга қуйидагича васият қилади:

Ожизлар дуч келса, тилагин сабот,

Бир шоир сўзларин дадил сўзлагин:

“Кучли қанот”ларинг бўлса умрбод,

Қафасни кўтариб учсанг бўлади.

Ҳа, шоир ҳақ, қафасни кўтариб бўлса ҳам учмоқлик керак. Ердан кўтарилган қафас қуёш ҳароратига дош беролмайди, кулга айланади. Полапон эса Қақнусга айланади. Қуш кучли қанотларини ёйиб узоқ парвоз қилади. Қанотларини ҳар силкиганда ердан осмон қадар чечаклар унади. Эрк қўшиғини баралла куйлайди.

Шавкат Раҳмон “Тутзор хотиралари” шеърида ҳурлик фалсафасини ўзига хос образлар орқали ифодалайди. Шоир назарида каллакланган тутлар ўзларининг майишган баданлари билан бутун бир осмонни кўтариб тургандай. Шоир уларни бир қарашда маҳзун қулларга ўхшатса, яна бир қарашда туркий шевали паҳлавонларга қиёс қилади. Ҳаваснинг зўридан лирик қаҳрамон ўзини тутлардай ҳис қилишни ҳоҳлаб қолади.

Тутнинг дастлабки ҳайратлари қуйидагича:

…Воҳ, ер тагидиям боболар эрдир,

Шу лаҳза тиғ мисол илдизларимга

Кафтларини тираб, тасалли берди,

Кўзингни узма деб юлдузларингдан.

Юлдузларга талпиниб, юлдузлар қадар юксалаётган тутни тез-тез каллаклаб туришади.

Лекин бу билан у исёндан қайтмайди, аксинча эрксизликка қарши муштини тобора маҳкамроқ тугиб боради. Исёнкор тутлар ўсишдан тўхтаса ҳам фожеа юз бермайди. Энди улар эркини қирқаётганлар учун гурзига айланади. Аслида унинг муқаддас вазифаси ҳам шу эди-да.

Безовта овоз олдида сиз анча вақтлар кўникиб қолган овозлар сассиз йўқолади. Кўкрак қафасингизда алланечук ғалат туғён пайдо бўлади. Сиз уни шошиб “Исён” деб атайсиз.

Ажаб, унинг зарбидан безовталанмайсиз, аксинча, таскин топасиз. Таассуротларингизнинг эса поёни йўқ.