Сиз яшаб турган жойда неча даража иссиқ?

Бутун Осиё минтақасида ўта жазирама иссиқ ҳаво ҳарорати давом этар экан, Хитойда иссиқ ҳаво нобуд қилган инсонлар сони кўпайган.

Ўзбекистонда ҳам ўта иссиқ ҳаво оқибатида одамлар саломатлиги ёмонлашгани ҳақида хабарлар олинмоқда.

Шанхай расмийларига кўра, бу шаҳарда об-ҳаво маълумотлари йиғила бошланган 1873 йилдан кейинги рекорд иссиқ, яъни +40,6 даража қайд этилган.

Биргина Шанхайнинг ўзида иссиқ туфайли ҳаётдан кўз юмган инсонлар сони 10 дан ошгани хабар қилинган.

Хитойнинг тўққиз вилоятида огоҳлантириш эълон қилинган.

Ўзбекистонда ҳам аҳоли ҳаво ҳарорати одатдагидан юқори кўтарилиб кетиши ҳақида июл ойининг учинчи ўн кунлигида огоҳлантирила бошланди.

Ўзбекистон об-ҳаво мутахассислари буни Эрон тарафдан иссиқ ҳаво оқими келиши билан огоҳлантирди.

Мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мобил телефонларга иссиқ ҳаводан сақланиш ҳақидаги огоҳлантирувчи SMS-хабарлар юборди.

Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан олинган хабарларга кўра, июл ойининг охирги кунлари ҳаддан зиёд иссиқ бўлган.

Ҳарорат "Ўзгидромет" маркази башорат қилган +40 дан анча ошиб кетган.

Мисол учун, Тошкентда +40 иссиқ бўлиши кутилаяпти, дейилган куни кўчаларда ўрнатилган термометрлар +43 ни кўрсатган.

Андижон, Бухоро ва Хева шаҳарларида ҳам + 50 даража кузатилган.

Шу кунларда Қарши шаҳрида одамлар ҳаво ҳарорати +52 дан кам бўлмади, демоқдалар.

31 август куни Термиз шаҳридаги уйи бузилаётган Роза аянинг сўзларига кўра, шунчалик исиб кетганидан "оёғингни асфалтга қўя олмайсан".

Қуёшли жойда +70, сояда +50 даража бўлди, деди Роза ая.

Тошкентда камида бир ҳомиладор аёл ҳушидан кетгани, бир кишининг жамоат транспортида аҳволи ёмонлашиб қолгани ҳақида хабарлар тарқалган.

Ўзбекистонликлар расмий об-ҳаво маълумотларида ҳаво ҳарорати пасайтириб кўрсатилишига Шўролар замониданоқ кўникиб қолганлар.

Ҳақиқий ҳаво ҳарорати билан телевизор эълон қиладиган ҳарорат ўртасидаги фарқ халқ орасида "Тоштемир Тойлоқов" ҳақидаги машҳур латифалар пайдо бўлишига ҳам сабаб бўлган.

Кузатувчиларга кўра, ишчи-деҳқонларнинг саломатлиги учун қулай шароит барпо қилганини овоза қиладиган Советлар ҳукумати ҳаво ҳароратининг +40, +45 дан ошганини эълон қилишдан манфаатдор бўлмаган.

Акс ҳолда бундай иссиқ шароитда ишлаётган инсонларга товон пули тўлашга тўғри келган.

Мустақилликка эришганидан кейин Ўзбекистон ҳукумати Шўролар Иттифоқида йўлга қўйилган тартибни бузмасликни афзал кўрган.

Бу йилги ўта иссиқ ҳаво рўза тутаётган мусулмонлар учун қийинчилик пайдо қилган.

Сиз яшаб турган жойда неча даража иссиқ?

Бундай жазирамани одамлар қандай ўтказишмоқда?

Кўрган-кечирганларингизни Би-би-си билан ўртоқлашинг, ўзингизнинг фото ва видеонгизни бизга йўлланг!

Электрон почтамиз манзили: uzbek@bbc.co.uk

Бу мавзуда батафсилроқ