UzWebiston: Мираброр Усмонов ва ишқибозлар тортишуви

Image caption Ўзбек футболчиларининг мағлубиятидан сўнг, ишқибозлар Футбол Федерацияси раҳбари Мираброр Усмоновни ҳам аямай танқид қилишди.

Ўзбек Футбол федерацияси Президенти Мираброр Усмонов журналистларни танқид қилиб, мутахассисларни "ўқитиш керакмас"лигини айтган.

Спорт сайтлари Ўзбекистондаги ўқувчилар орасида машҳур бўлиб, бу сайтларда журналистлар ва интернет фойдаланувчилар маълум даражада ўз фикрларини эркин билдириш имкониятига эгалар.

Бироқ, Ўзбекистон Терма жамоасининг 2014 йилги Жаҳон чемпионатига қатнашиш учун саралаш ўйинларига чиқа олмагани, миллий жамоа мураббийси Миржалол Қосимовнинг раҳбарлик салоҳияти танқид қилинган қатор мақоллалардан сўнг, журналистлар сенатор Мираброр Усмоновнинг ҳам "пўстагини қоқиш"га улгуришди.

22 июлда Sport TV нинг "Футбол шарҳи" ток-шоусида қатнашган Миллий Футбол Федерацияси Президенти Мираброр Усмонов футбол муаммолари бўйича блоггерларнинг эътирозларига эътибор қаратди.

Зафаржон деган журналистга қарата, "Мен сизнинг олдингизга бориб кўрсатувингизда у ёки бу нарсани қилишингизни ёки жарроҳга операцияни қандай ўтказишини ўргатолмайман. Бу бутунлай бошқа соҳа",- деб айтган Усмонов."Мен саккиз йилдан буён футбол соҳасининг ичидаман. Баъзида мен футболчилар, мураббийлар ва ҳакамлар билан гаплашишдан олдин тайёргарлик ишларини қиламан. Уларга гапиришдан олдин менинг талабларим адолатлими ёки йўқми обдон ўйлайман. Мен уларнинг тилида гапира оламанми йўқми? Ҳатто бугун мен ҳеч ким билан тайёргарликсиз гаплашмайман. Мен буни "назариётчилар" ва "прагматиклар"га айтаман. Федерация эшиклари доим очиқ. Имкон борича мен кунига бир-икки, баъзан кўпроқ ҳам бўлишга ҳаракат қиламан. Мен билан учрашмоқчи бўлган қайсидир журналист айтоладими, Усмонов уларнинг илтимосларини қабул қилмагани ҳақида? - деб сўрайди Футбол Федерацияси раҳбари.

"Баъзи бир сайтлар Миржалол Қосимовга истеъфо бериб, Абрамов(миллий жамоанинг собиқ раҳбари Вадим Абрамов)ни тайинлашни талаб қилмоқда. "Мен сизнинг фикрингизга қўшилишим мумкин. Лекин менинг саволимга жавоб: Миржалол қаерда, марказ қаерда, қаерда бошқа нарсалар... ҳақида ёзишдан олдин нима учун ўйламайсиз?!? - деб блоггерларга мурожаат қилади Усмонов.

Жаноб Усмонов қатор журналистларнинг номини тилга олиб, уларнинг мақолалари учун танбеҳ беради.

"Умуман олганда, мен(журналистлар ёзаётган нарсалардан) миннатдорман, лекин Бобур Акмалов, Олимхўжа Боронов, Шокиржонов ва Қаҳрамон Аслановларнинг ёзганларини ўқиб, шокдаман. Тўхта, сен ўзинг футбол учун, мамлакатимиз тинчлиги, ёшлар фаоллиги учун нима қилдингу, бошқаларни қилаётган иши учун ҳақорат қиласан?", деб айтади Футбол Федерацияси Президенти.

Шуҳрат Шокиржонов 28 июлда бунга жавобан "футболни амалдорлар учун эмас, ишқибозлар учун ўйнаш кераклиги"ни ёзади.

«Футбол шарҳи» кўрсатувида ЎФФ президенти Мираброр Усмонов 2012 йил июнда М.Қосимов терма жамоа рулига тайинлангач, ораларида суҳбат бўлиб ўтгани, футболимизда жуда кўплаб иқтидорли ёшлар етишиб келаётгани ва бош мураббий олдига ўша ёшларга эътибор қаратиб миллий терма жамоа сафига қабул қилиш вазифаси қўйилганини айтиб ўтдилар. Гарчи Мираброр Зуфарович оғзидан "Миржалол Қосимов олдига ЖЧ-2014га чиқиш вазифаси қўйилмаган эди", деган жумла янграмаган эса-да, бунга бирор шаъма қилинмаган бўлса ҳам, кўрсатув бошловчиси нималаргадир асосланиб, "Чиндан ҳам, кўриб турганингиздек Миржалол Қосимов олдига ЖЧ-2014 га чиқиш вазифаси қўйилмаган эди" деб юборди. Албатта, бу биргина телебошловчи томонидан миллионлаб ўзбек футбол мухлисларининг устидан кулиш ва ҳақорат сифатидагина баҳоланиши мумкин. Зеро, на Мираброр Усмонов ва на Миржалол Қосимов ЖЧ-2014 вазифаси қўйилмаганини айтган, ҳар икки мутасадди интервьюларда вазифаси ЖЧ-2014 йўлланмаси эканлиги ҳақида бот-бот такрорлаб келишаётган эди. Иккинчидан, миллий терма жамоа олдига вазифани мутасаддилар эмас, футбол мухлислари қўйишади, жаноб Зафар Имомхўжаев! Чунки футбол мутасаддилар учун эмас, мухлислар учун ўйналади, агар унутиб қўйган бўлсангиз. Бинобарин, мухлисларнинг вазифаси ҳеч қачон ўзгармаган - Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиш! Тамом!"

Шу тариқа журналист ўзининг олдинги мақолаларида хориж мутахассисини миллий жамоа раҳбари қилиб тайинлаш ҳақида ёзганини изоҳлайди.

"Олдинги чиқишларимда мен бизда 2014 йилки жаҳон чемпионатига чиқиш учун ҳали ҳам имкон борлиги, бунинг учун хорижнинг олий даражали мутахассисларини олиб келиш ва Туркия билан ўртоқлик ўйинидан олдин жамоани тайёрлашни айтганман. "Мен шуни айтишим керакки, Абрамовни Миллий жамоага қайтаришни ёқламаганман)", - дейди у.

Интернет фойдаланувчилар ҳам ток-шоуни қизғин муҳокама қилишади. (Шарҳлар ўз шаклида қолдирилган, Би-би-си)

"DIMKAESIGN" деган фойдаланувчи: "Ishqilib Turkiya qoqib ketsinda 0:4 gami 0:5 gami(o'yinni sotib qo'ymasdan). Keyin bular harakat qilishadi nimanidir o'zgartirishga".

"RUXSORTV": "Эҳ, Қосимовга ақл ўргатадиган кўп эканда!"

"BASHENKI": "Muxlislarni mensimaslik, san kimsan deb oyoq uchida ko'rsatish uzbek futboli uchun yaxshi oqibatlarga olib kelmaydi, bu ishi bilan Uff va bosh murabbiyni kosasi oqarmasligi aniq! Bu bilan MTJ va xaqiqiy muxlislar jabr ko'radi!"

"SINDROM": "Rahbarni tanqid qilib turganlar uni noto'gri yo'llardan saqlaydi".

"SINDROM" шунингдек, "Rahbar unga qulliq qilganlarni yoqtiradi bu holat rahbarni noto'gri yo'lga yetaklaydi".

"SINDROM" яна ёзади: "Mirjalol hali uni tanqid qilganlarga rahmat aytadi uni maqtaganlar bir tomonlama fikrlaydigan ahmoqlardir".

"SNAYPERUZ": "журналистлар ва std.uz сайти сиз энг зўрсиз, биз сизнинг ишингиздан хурсандмиз ва омад тилаймиз!"

"REALMADRIDS" шундай дейди: "std.uz ва журналистларга раҳмат! Хафа бўлманг ва ҳақиқатни босишда давом этинг, биз халқ сиз билан...бу ертўладагиларга ҳам, мураббийига ҳам, стадионига ҳам, э ҳаммасига...".

"SHAVKATFCB": "Шухрат ака маsола жуда яхши ёзилган, аммо бу мақолангизни ҳам "қулоқлар" М.Усмоновга нотўғри етказишади! Шунинг учун барча футбол ичидаги журналистлар ЎФФга бориб матбуот анжумани oтказишга ҳаракат килиш керак ва бунда Қосимов ҳам иштирок этиши шарт! Шунда бу ёзганларинг бирор эффект бериши мумкин...".