Навоий қамоқхонасидан диний маҳкум жасади чиқди

Image caption Ўзбекистон давлат телевидениеси Абдураҳмонов ва шериклари тўғрисида махсус кўрсатув намойиш этганди

Ўзбекистондан келаётган хабарларга кўра, 46 рақамли Навоий жазони ўташ колониясидан диний экстремистик гуруҳга аъзоликда айбдор деб топилиб, шу йил апрел ойида Тошкент шаҳар суди томонидан 9 йилга озодликдан маҳрум этилган Абдувоҳид Абдрураҳмонов жасади чиққан.

Жума куни тупроққа қўилган Абдувоҳид оила аъзоларига кўра, унинг баданида қийноқ излари бўлмаган.

36 ёшли Абдувоҳид Абдураҳмонов ноябр ва декабр ойларида Тошкентда ҳибсга олиниб, узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этилган олти шахсдан биридир.

Уларнинг барчаси маҳкама томонидан мустақил имом Обидхон қори Назаровнинг тарафдорлари ва "Жиҳодчилар" гуруҳи аъзолари деб топилганлар.

Айблов хулосасига кўра, Уч Тепа туманида истиқомат қилган Абдувоҳид Абдураҳмонов ва унинг шериклари диндор таниш-билишларидан пул тўплаб, Ўзбекистон қамоқхоналарида жазо ўтаётган диндор маҳкумларга ёрдам бериб келганлар.

Уларга нисбатан диний экстремистик гуруҳга аъзолик ва Конституцион тузумга тажовуз қилиш каби қатор айблар қўйилгани хабар қилинади.

Бир гуруҳ аъзолари сифатида кўрилган олти шахс ўтган йилнинг ноябр ва декабр ойларида ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан ҳибсга олинганди.

Шайхонтоҳур туманидан бўлган 39 ёшли Абдурашид Ҳорунов 26 ноябрда уйидан олиб кетилган.

Ички ишлар ходимлари унинг турмуш ўртоғини ҳам 15 суткага қамашган.

Орадан бир ой ўтиб ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари айни туманда яшаган 45 ёшли Шуҳрат Тожибоев ва Олмазор туманидан 33 ёшли Бобур Каримовни ҳибсга олганлар.

Беш фарзандли Шуҳрат Тожибоев 2000 йил ёзида айни айбловлар билан 18 йилга озодликдан маҳрум қилинган ва уч йил жазо муддатини ўтаганидан кейин озодликка чиққанди.

Яқинларининг айтишича, Шуҳрат Тожибоев охирги пайтларда "яна қайта қамалишидан хавфсираб, беркиниб юришга мажбур бўлган".

45 ёшли Аҳмаджон Каримов эса 29 декабр куни паспорт столига борган пайти ҳибсга олинган.

Тергов хулосасига кўра, ҳозирда мазкур шахслар бир-бирларини яхши танишган ва 90-йилларда таниқли уламо Обидхон қори Назаров имомлик қилган Тошкентдаги Тўхтабой масжидида жамоат намозларига қатнашишган.

Яқинлари уларнинг ҳеч бири бирон бир диний гуруҳга аъзо эмасликлари, диндор бўлганликлари учунгина тазйиққа учраётганларини айтишади.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаолларининг хабар беришларича, 14-декабрда Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармаси тергов изоляторидан 40 ёшли Шовкатжон Нурматовнинг жасади чиққанди.

Ҳуқуқбонлар хабарига кўра, Шовкатжон Нурматов ҳибсга олинган 5-ноябр кунида биргина Тошкент вилояти Занги Ота туманида яна йигирмага яқин диндор ҳибсга олинган.

2012 йилнинг 12 декабрь куни эса жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар маҳкамаси "Туркистон исломий ҳаракати"га мансубликда айбланган 16 нафар диндорни узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этганди.

Ўтган ноябрда Тошкент вилоят маҳкамаси Паркент туманида яшаб келган 9 нафар диндорни "ноқонуний диний ташкилот тузиш" ва "жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материалларни тарқатиш" айблари билан маҳкум этганди.