OLAM.uz веб сайти ўз фаолиятини қайтадан бошлади

Image caption Олам.уз сайти бу сафар ўқувчиларнинг танқидий изоҳларига қанчалик ўрин бериши номаълум.

Бу ҳақда OLAM.uz ўзининг матбуот релизида маълум қилади.

"Йил бошида юзага келган техник муаммолар муваффақиятли тарзда бартараф этилди ва сайт фаолияти йўлга қўйилди", дейилади сайт тарқатган хабарда.

Шунингдек, интернет нашр ўз фойдаланувчилари учун "ёқимли янгилик" тайёрлаётгани, сайт жаҳоннинг етакчи янгилик портлалларига хос дизайн кўринишида бўлиши билдирилмоқда.

Унга кўра, кутилаётган ўзгаришлар сайтни янада замонавий ва фойдаланишни қулай қилади.

Яқин орада Олам.узда видео, иш, мусиқа каби янги бўлимлар ҳам очилиши таъкидланади.

Сайт бундан кейин ҳам энг янги ва муҳим хабарларни биринчи бўлиб тарқатишни ваъда қилмоқда.

Айни пайтда сайтнинг қайтадан иш бошлаши ҳақида Ўзбекистондаги Узметроном сайти ҳам хабар берган.

Сайтнинг ўзи бугун муамммосиз очилмоқда.

Олам.уз янгиликлар бўлимида "Ўзбекистонда қайси мобил алоқа хизмати энг яхши?", "Туркия миллий футбол жамоаси Тошкент билан ўйиндан воз кечдими?", "Мираброр Усмонов матбуотда танқид қилинган Миржалол Қосимовнинг ёнини олди" каби бугунги кунда муҳокама бўлиб турган мавзуларга назар ташланган.

Бундан олдин Олам.уз сайти ўз саҳифаларида ўқувчилар изоҳларига катта ўрин берган, айнан шу жиҳат сайт билан муаммолар пайдо бўлиши ва ёпилишига олиб келгани тахмин қилинганди.

Янги очилган интернет нашрида изоҳлар ўрни мавжуд, лекин ўқувчилар изоҳлари ҳозирча кўринмайди.

Олам.узнинг ёпилиши

Кунлик 60 минг, ойига 1 миллиондан ортиқ ўқувчиси борлиги айтилган Олам.уз янгилик портали 2011 йил 1 мартда ўз фаолиятини тўхтатган.

Марказий Осиё янгиликларини тарқатадиган CA-NEWS сайти орқали Олам.узнинг баъзи ходимларига нисбатан жиноий иш очилгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Сайт муҳарририга нисбатан хориж давлатига Ўзбекистонга душманлик қилишда кўмаклашиш, хиёнат, жосуслик, бузғунчилик, давлат сирлари акс этган ҳужжатларни йўқ қилиш каби бандлар бўйича айбловлар қўйилган, деб ёзганди CA-NEWS.

Olam.uzга шунингдек, "муаллифлик ҳуқуқларини бузганлик, жумладан, "Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлиги хабарларидан манбасини кўрсатмай фойдаланган", деган айблов борлиги ҳақида ҳам веб-сайт хабар қилинганди.

Шундан сўнг, сайтнинг Яккасарой туманида жойлашган идорасидан ўтган йилнинг декабр ойида барча асбоб ва техник воситалар олиб қўйилгани айтилган.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Olam.uzнинг "Ўзбекистонда муаммолар тўғри ёритиладиган сайт бўлгани"ни айтиб, унинг ёпилишидан афсусланган эдилар.

Бу мавзуда батафсилроқ