Футбол: Ўзбекистон Туркия ўйини нега қолдирилди?

Image caption Ўйиннинг сиёсий сабаблар туфайли қолдирилган, деган эҳтимоли рад этилган.

Туркия футбол федерацияси Миллий жамоалар марказидан Би-Би-Сига маълум бўлишича, 14 август куни Тошкентда бўлиб ўтиши керак бўлган ўйин бекор қилинган.

Масъул ўйиннинг нима сабабдан қолдирилгани борасида бирор изоҳ бермади. Олдинроқ Ўзбекистон футбол федерацияси интернет нашрларида ўйиннинг қолдирилгани борасидаги хабарни рад этиб чиққан эди.

“Ўйин бўлмайди. Сабабини билмаймиз. Ўзбекистон футбол федерациясининг эмас, балки бизнинг айтганимиз тўғри”, - деди Туркия Футбол Федерацияси Миллий жамолар марказидан исмини ошкор қилишни истамаган масъул.

Туркия Футбол Федерация ходими ўйин иссиқ ҳаво туфайли бекор қилинган бўлиши мумкинми деган саволга, “Бўлиши мумкин”, дея жавоб берди.

Аммо асл сабаб нима эканлиги тўғрисида бирор хабарга эга эмаслигини билдирди. Федерация раҳбариятидан шундай қарор қабул қилинган. У ўйиннинг сиёсий сабаблар туфайли қолдирилган, деган эҳтимолни рад этди.

14 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон-Туркия ўйинининг қолдирилгани тўғрисида сал олдинроқ olam.uz информацион портали хабар қилган эди.

Интернет нашри Туркиядаги манбаларига таяниб, Туркия Футбол федерацияси учрашувнинг иссиқ ҳаво сабаб бекор қилишни сўраб мурожаат қилганини маълум қилган.

“Гап ўйинни бошқа кунга қолдириш ҳақида кетмаяпти. Чунки Туркия сентябр ойидан бошлаб Жаҳон чемпионати саралаш баҳсларида қатнашади”, - дейилади хабарда.

Бироқ ушбу хабарни Ўзбекистон Футбол федерацияси твиттердаги микроблоги орқали рад этди.

“Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ўйиннинг ўтказилмаслиги ҳақида тарқалган миш-мишлар асоссиз. Бу ҳақда ТЖМ директори Асқар Толибжонов айтди. ТЖМ директори Асқар Толибжоновга кўра, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ўйинни ўтказиш бўйича режа асосида иш кетаяпти”, - дейилади расмий хабарда.

ЎФФ расмий твиттеридаги хабарга кўра, Ўзбекистон - Туркия ўртоқлик учрашувига аккредитация давом этаяпти, чипталар чоп этилаяпти ва ўйин дастури тайёрланаяпти.

Би-би-си Терма Жамоалар Маркази директори Асқар Толибжонов билан боғланишнинг уддасидан чиқа олмади.

Марказдаги ходимлар унинг иш билан чиқиб кетганини ва ўртоқлиқ учрашуви борасида фақатгина Толибжонов изоҳ бера олиши мумкинлигини айтди.

Футбол агенти Санъат Шарипов ҳам твиттер орқали ўйиннинг қолдирилганига шаъма қилган.

“Туркиядаги ҳамкасбларим 14-нчидаги ўйин бекор қилинганига шаъма қилаяпти. Унинг сабабини яқин соат ичида ўрганиб хабар беришади”, - деб ёзади Санъат Шарипов.

Ўзбекистон Туркия ўртасидаги ўртоқлик учрашуви 14 август куни соат 19:00 да Тошкентдаги марказий “Пахтакор” стадионида ўтказилиши керак эди.

Ўйин Жаҳон чемпионатига тўғридан тўғри чиқишдан маҳрум қолган Ўзбекистон учун плей офф ўйинлари учун жиддий тайёргарлик вазифасини ўташи кутилган эди.

Ўзбекистон терма жамоаси бунгача Туркиянинг ёшлар термаси билан ўртоқлик ўйини ўтказган. Миллий Терма жамоалар шу кунгача бирор марта футбол майдонида юзма-юз келмаган.