Муҳожирлар жамлоғи ичидан репортаж

Москвадаги ноқонуний муҳожирлар ушлаб турилган жамлоқдаги шароит ва вазият борасидаги шикоятлар ортиб бормоқда.

ИИВ матбуот хизмати эса "бу ер аввалги яшаган жойларидан анчагина яхши"лигини таъкидламоқда.

Кеча осиёлик муҳожирлар сақланаётган "2-чи Иртышский проезд 8" да бўлиб, мавжуд вазиятни ўргандик.

50 м.кв. да 40 киши

Муҳожирлар жамлоғининг ташкил этилиши ҳақида эса ҳар хил мулоҳазалар мавжуд. Кимдир буни сайловолди ҳаракатлари билан изоҳласа, кимдир "Матвеевск" бозоридаги полиция ҳодимининг калтакланиши билан боғлиқ дейди. Ноқонуний муҳожирлари давлат сиёсатчилари, хукумат вакиллари ва қонун ҳимоячилари учун ўз ишларини кўрсатиш борасида жуда фойдали эканлигини таъкидлаётганлар ҳам оз эмас.

Нима бўлганда ҳам, яна меҳнат муҳожирларининг жабри ортди. 2 август куни Гольяново районида ташкил этилган махсус жамлоқда 600 дан зиёд муҳожирлар суд ҳукмини кутишмоқда. Улар Вьетнам, Миср, Марокаш, Сурия, Озарбайжон, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқароларидир.

Концлагерни эслатувчи бу бинога кириш-чиқиш, ичкаридагиларга нарсалар (озиқ-овқат ёки кийим-кечак, зарурат буюмларини) бериш, яқинлари билан кўришиш таъқиқланган. Илгари мева-чевалар омбори бўлган бу майдонда 200 та чодир, 100 та ҳожатхона ўрнатилган. Дала шароитига монанд лагерда ошхона, юз-қўл ювиш жойи, аҳлат идишлари бор. Буларнинг барчаси жуда тезкор равишда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан ташкиллаштирилди.

Қатор тизилган 50 кв.м ҳажмли чодирларнинг ҳар бирида 40 кишидан яшамоқда. Аввалига эркаклар ва аёллар жойи аралаш эди, аммо муҳожирларнинг норозиликлари туфайли чодирлар аёллар ва эркаклар бўлимларига ажратилди. Эр–хотинлар ўз ихтиёрларига кўра, жойларида қолдирилди.

Ҳомиладорлар борлиги рост

Илк кунларда чодирларда ёш болалар ҳам бўлган. Вьетнамлик бир болакайнинг соғлиги ёмонлашгани учун касалхонага ётқизилган. Шундан сўнг қолган ёш болалар оналари билан бирга "Канатчиково" чет элликларни ушлаб туриш марказига олиб кетилди. ИИВ матбуот хизмати ёшига тўлмаган бола лагерга жойлаштирилмасдан аввал касал бўлганлиги билан изоҳлади.

Матбуот маркази рад этаётганига қарамай, журналистлар талабига кўра шифокор лагерда 20 га яқин ҳомиладор аёл борлигини маълум қилди. Уларнинг бири ўзбек.

Иссиқ сув, ювинишга шароит йўқ. Бераётган овқатларига қорин тўймайди. Ҳомиладорлигим ҳам ҳисобга олинмаяпти. – дейди ўзини Севинч деб таништирган аёл. – Чодирни ичи иссиқ ва дим, тоза ҳаво йўқлигидан бош айланади. Диққатчиликка асабларимиз ҳам чидамаяпти.

Тутқунларга икки маҳал овқат, нон ва чой берилмоқда. Овқатланиш тартибидан кўпчилик норози.

"Кўпчилигимиз мусулмонмиз, чўчқа гўшти емаймиз, – деди афғонистонлик муҳожир Ашрафи. – Овқат ичидаги гўштчани нимаданлигини билиб бўлмайди. Рўза тутаётганлар жуда қийналишаяпти"

Чодирлардаги вьетнамликларнинг норозиликлари туфайли муҳожирларнинг овқатланишига ўзгартириш киритилди. Гречкали бўтқа ўрнига гуручли таом бериладиган бўлди.

Айнан шу масала юзасидан жамлоқ раҳбарияти 5 август куни соат 15 да ноқонуний муҳожирлар маконига ОАВ ходимларини йиғди. Маълум қилинишича, "Офицеры России" ва "ГУЛАГу нет" жамоа ташкилотлари фаоллари томонидан мигрантлар учун 2 тонна гуруч ва 50 та вентилятор, кўрпа жилдлари, ювиниш воситалари ва канцелярия буюмлари беминнат ёрдам тариқасида келтирилди. Аммо чодирлар электр энергияси билан тўлиқ таъминланмагани учун ҳали вентиляторлардан фойдаланишнинг имкони йўқ.

Қувурдан узатилган нон

Белгиланган вақтдан олдинроқ бориб, айрим воқеаларнинг гувоҳи бўлдик. Чодирлар жамлоғининг темир дарвозаси олдида, бино атрофида тутқунларнинг қариндошлари юришибди.

– Эримнинг ўпкаси касал, кечалари салқин, захда ётибди. Ҳеч бўлмаса, қалин пайпоғини бериб қўйинглар, десам қўйишмаяпти. – дейди тожикистонлик Раъно Шарипова – 3 кундан бери егуликлар, қалин кийим у ёқда турсин, тиш чўткасини ҳам бера олмаяпман. Туйнукдан кўрдим, соқоли ўсиб кетган. Қамоқхонада ҳам жиноятчи билан кўришишга рухсат беришади, эрим жиноятчи эмас-ку.

Шарипованинг айтишича, эри Нусратилло билан 17 йилдан бери Москвада ишлашади. Нусратуллони "Измайлово" ФОК да ушлашган. Унинг ҳужжатларини иш берувчилари тахтлаб беришган.

Меҳнат муҳожирларини ноқонуний ҳужжатлар билан ишга ёллаган иш берувчиларга нисбатан эса деярли ҳеч қандай чора–тадбирлар кўрилмаяпти. Улар сохта ҳужжатлар билан ишга қабул қилишмаса, муҳожирларнинг бундай қийин вазиятларга тушиб қолишлари эҳтимоли анча камаяди.

Лагер биносининг 3 метрлик бетон девори остида сув қувури бор. Муҳожирларнинг яқинлари егуликларни шу қувур орқали узатиш йўлини топишди.

– Лекин берган нарсаларимизни полициячилар олиб, еб қўйишаяпти экан, – деди вьетнамлик Чоу. – Ҳозир ҳам нону гўшт олиб келиб бердим, бекитишни уддалай олса ейишади, бўлмаса йўқ.

Қийноқлар бўлаяпти

Ўзбек ва тожиклар ҳам полиция бўлимларида ва жамлоқ ичида вазият бирмунча мураккаблиги ҳақида айтишмоқда.

– Пул талаб қилиб калтаклашаяпти, – деди тожикистонлик меҳнат муҳожири ва кўйлагини кўтариб ўнг биқинидаги кўкарган калтак изларни кўрсатди. – Пули борлар бераяпти, йўқларни дўппослашаяпти. Ҳамма нарсаларимизни олиб қўйишди.

Озарбайжонлик Жамил эса лагерга келтирилгунга қадар полиция маҳкамасида азоб чекишганини гапириб берди:

"Икки кун на овқат, на сув беришди. Қўлга олишганида ҳамма нарсаларимизни тортиб олишган: пул, телефон, компьютерим бор эди. Лагердан чиқаётганда кийимларимни сўрасам, беришди, йиртиб ташланган. Ҳеч вақосиз қолдим. Ҳаммамизни бирданига ушлаб олиб келишди. Хужжатларим жойидалиги учун суд қарорига кўра, озод қилиндим".

Ўзбекистонлик Ваҳоб исмли меҳнат муҳожири эса полиция маҳкамасидан қочган.

– Қийнаб юборишди, охири 3–қаватдан сакрадим. Бир оёғим синган, шифокорга кўринай десам, яна ушлаб олишади деб қўрқаман. Яхшиси, йўлкирага пул ишлаб уйга кетаман, – деди телефон орқали суҳбатда.

Мисрлик Одилнинг аҳволи ҳам жуда аянчли. Кекса киши 1 хафталик сарсончилик туфайли кўринишидан дайдига ўхшаб қолган. Бир чақасиз ва чорасиз қолган араб муҳожири тушкунликка тушиб қолган.

Аксар муҳожирлар паспорти йўқлиги учун бу ерда узоқ муддат қолиши мумкин. Аслида эса уларнинг паспортлари бўлган, қўлга олиш чоғида полиция маҳкамасида йўқолган.

Чодир атрофида нарсаларини олиб кетиш учун йиғилиб турган муҳожирларга уларнинг шахсий буюмлари фақат элчихона орқали олишлари мумкинлиги айтилмоқда.

"Дам олиш уйи эмас"

Муҳожирлар мамлакат қонунларига ҳилоф равишда ишлаганликда айбланиб, суд ҳукмини кутишмоқда. Аммо "муҳожирларни лагерда ушлаб туришнинг ўзи қонунга зид", дейишмоқда эксперт ва қонун ҳимоячилари. Бу борада ҳуқуқ фаолларининг фикрлари турлича.

"Инсон ҳуқуқлари" комитети раиси Андрей Бабушкин чодирдаги шароит қониқарли даражадалигини айтди.

"Муҳожирларга берилаётган гречкали бўтқани еб кўрдим, жуда мазали. Шунчаки улар бу таомга ўрганишмаган”, деди Бабушкин. Шу билан бирга "Табуретка йўқлигига ўхшаш озроқ муаммолар бор"лигини қистириб қўйди.

Миграция ва Ҳуқуқ маркази раҳбари Светлана Ганнушкина эса матбуотга бундай лагерларда инсонларни вақтинчалик сақлаш учун юридик мақом йўқлигини маълум қилди. Россияда инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Владимир Лукин ҳам меҳнат муҳожирларнинг яшаш шароитидан қониқмаган.

Мосгордума депутати Александр Семенников эса ўз эътирозларини қуйидагича билдирди: “Бу ер қулай бўлмаслиги мумкин, чунки бу пионерлар лагери ёки дам олиш уйи эмас. Ҳарҳолда, муҳожирларни вақтинча ушлаб туриш марказларига нисбатан анча яхши шароит".

Депутатнинг фикрича, меҳнат муҳожирлари жамлоқда суд қарори кучга киргунга қадар, яъни 10 сутка муддат бўлишларини мумкин. Аммо уларнинг ўрнига яна қўлга олинган ноқонуний муҳожирлар келтирилиши кутилмоқда.

Гарчи лагернинг очилиш кунида матбуот учун эшиклар очиқ бўлади дейилганига қарамай, ичкарига чет эллик журналистларнинг киритилиши таъқиқланди.

"Чодир ичида аҳвол худди турма тартиби каби эди, шу сабабли чет эллик журналистларнинг киришига йўл қўйилмади. Муҳожирлар қандай шароитларда яшашларини кўришларини исташмади, шекилли", дейди "Дождь" телеканали мухбири Егорь Максимов.

Миллатларо низо ҳавфи

Таҳлилчилар айнан шу лагер ортида миллатлараро низо чиқиши хавфи кўринаётганини билдиришмоқда.

Вьетнам элчихонаси вакиллари ўз фуқароларига нисбатан ҳимоя чораларини қўллай бошлашди. Маслаҳатчи Нгуен Куанг Минь ҳуқуқ фаоллари билан лагердаги оғир шароитлар борасида Ташқи Ишлар Вазирлигига мурожаатнома йўлланганини, аммо ҳанузгача жавоб олишмаганини билдирди.

Қирғизистон элчихонаси вакили муҳожирлар лагерида бўлди, Афғонистон элчихонаси эса қўлга олинган биргина фуқаро учун келмаслигини маълум қилди. Аммо Тожикистон ва Ўзбекистон элчихоналари ҳанузгача ҳеч қандай муносабат билдиришгани йўқ.

"Жамлоқ кузда ҳам ёпилмас экан, марказий осиёлик қўшниларнинг эътирозлари юзага келиши мумкин", деди эксперт Дмитрий Александров.

Аммо муҳожирлар лагери тобора кенгайтирилиши режалаштирилмоқда. Россиянинг Миграция хизмати бутун Россия бўйлаб 83 та муҳожирларни сақлаш жойлари очилиши ҳақида қонун лойиҳасини тайёрлаганини хабар қилган. Шунингдек, айни пайтда 21 махсус бўлимлар борлиги, штатлар кенгайтирилиб, ходимлар сони 4,5 минггача етказилишини айтади.