Ўзбекнефтгаз: Бензиннинг нархи ҳозирча ошмайди

Image caption Кўп жойларда бензиннинг нархи аллақачон оширилгани айтилмоқда.

"Ўзбекнефтгаз" матубот хизмати ширкат етказиб бераётган бензин нархи ошиши борасидаги интернетда пайдо бўлган хабарларга ойдинлик киритди.

Ширкат матбуот котиби Тамара Абидова Би-би-си билан суҳбатда бензин нархининг ошиши борасида ҳозирча ҳеч қандай кўрсатма йўқлигини билдирди. Аммо айрим вилоятларда Россиядан келтирилган бензин аллақачон баланд нархларда сотилмоқда.

"Бу бир тахмин холос. Ҳозирча расмий кўрсатма йўқ ва нарх ошишини тасдиқлай олмаймиз", дейди Тамара Абидова.

Ширкат масъули бензин нархи бозор талаблари асосида келиб чиқишини ва хом ашё таннархи билан боғлиқлигини айтди. Ҳозирча нархлар ошмайди, аммо бундан кейин ҳам ошмайди, деб бўлмайди.

Бензин нархининг бутун Ўзбекистон бўйлаб қарийб 51 фоиз ошиши ҳақида Тошкентда чоп этиладиган "Экономическое обозрение" журнали нашри блогида ёзилди.

"Вилоятларда давлат нархидаги бензинни "сиқиб чиқариш" ва унинг ўрнига "тижорий бензин" кириб келаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. АИ-80 маркали тижорий бензиннинг нархи 2500 сўмни ташкил қилади ва айни дамда ўрнатилган нархдан 51,5 фоиз қиммат", - дейилади хабарда.

Муаллиф бу нархда бензинни ҳозирча истисно бўлган Тошкентда кўрмаганини ёзаркан, агар ушбу ҳолат тасдиқланса, бу иқтисодга қаттиқ таъсир қилиши мумкинлиги савол остига олинади.

"Тижорий бензин"ни тақчилликни йўқ қилиш учун "Узгазойл" ширкати Россиядан шу йилнинг апрель ойида олиб кирган эди.

Россиядан келтирилган бензин, маҳаллий бензиндан 800 сўм қиммат сотила бошлаган.

"Узгазойл"нинг Тошкентдаги офиси ходимлари бензин нархининг нима учун қимматлиги борасида, хат орқали қилинган мурожаатга жавоб бериши мумкинлигини билдирди.

"Экономическое обозрение" нашри блогида ёзилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистонда юк транспортининг нархлари сезиларли даража кўтарилган. Бунинг асосий сабаблардан бири – ёнилғи, айниқса, газ нархининг кўтарилиши бўлган. Айнан мана шу нарса кичик бизнес экспортининг сўнгги 2 йилда тушиб кетишига олиб келган.

Табиий заҳиралар нархининг кўтарилиши инфляцияга олиб келиши мумкинлиги ёзилади.

Блог муаллифи жаҳон бозорида табиий заҳираларнинг нархи сўнгги вақтларда сезиларли ўзгармагани сабаб бензин баҳосини кўтариб юбориш арзимаслигини айтади.

Мисол учун Россияда АИ 80 бензини тахминан 80 центни ташкил қилади, Ўзбекистонда эса 78 цент атрофида.

Қозоғистонда эса Россиядан келтирилган АИ 80 бензин янада арзон 58 центни ташкил қилади.

"Узгазойл" томонидан келтирилиб сотилаёган бензин эса, 1 доллару 18 центни ташкил қилмоқда.

Ёнилғи қуйиш шаҳобчаси сотувчилари нархнинг баладлигини Россия бензинининг сифати билан боғлаган. Россия бензини Бухоро, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида сотилаётгани маълум.

"Узнефтгаз" ширкати вилоятларда арзон нархдаги бензин ҳам борлигини таъкидлаётганига қарамасдан, Самарқанд вилоятида фақат Россия бензини ва у ҳам навбат билан сотилаётгани айтилади.

Бензин учун узун қатор навбатлар ушбу вилоятда одатий ҳолга айланган.