Ўзбекистон: вазир шифокорларни пахтадан озод қилолмайди

Image caption Урлаева хоним вазир ўзини қабул қилганидан ҳайратга тушган

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири тизимдаги коррупция ва шифокорлардан ноқонуний пул йиғиш ҳоллари юзасидан текширув ўтказишга ваъда берган, аммо тиббиёт ходимларини пахта даласидаги мажбурий меҳнатдан озод қилолмаслигини айтган.

Бу ҳақда вазир Анвар Алимов сешанба куни Мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари алянси раҳбари Елена Урлаева билан учрашувда гапирган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари Тошкент шаҳри ва Янгийўл туманида шифокорларнинг ноқонуний эксплуатация қилинаётганидан шикоят қилиб, соғлиқни сақлаш вазирлиги олдида пикет ўтказишни режалашганди.

Аммо бу сафар милиция пикетчиларни ҳайдамаган ва шахсан вазирнинг ўзи Елена Урлаевани қабул қилган.

Би-би-си билан суҳбатда Урлаева хоним юқори даражадаги учрашувдан ҳайратга тушганини айтди.

"Мен тўғриси ҳайратландим. Турмуш ўртоғим менга бормагин, сени ҳибсга олишади, деган эди. Гарчи биз милицияни пикетдан огоҳ қилган бўлсак-да, мени боришим билан ҳибсга олишади, деб кутгандим. Аммо ҳеч қандай ҳибсга олишлар бўлгани йўқ ва бизга жуда ҳам яхши муомала қилишди. Ҳаво иссиқ эди, менга хатто совуқ сув ҳам таклиф қилишди", - дейди ҳуқуқ фаоли.

Унинг сўзларига кўра, вазир тизимдаги қонунсизликлар билан боғлиқ айрим фактлардан хабардор бўлган.

"Мен вазирнинг столида шифокорлардан бири- Авлоқулова Иқболнинг аризасини кўрдим. У Тошкентдаги биринчи диспансер шифокорлари номидан шаҳар соғлиқни сақлаш мулозимларининг ноқонуний пул йиғаётганидан шикоят қилиб, ариза берган. Аммо Янгийўлдаги ҳолатдан бехабар экан. Ўтган йили янгийўллик шифокорлардан пахта учун 800 минг сўмдан пул йиғиб олишган",- дейди Елена Урлаева.

Ҳуқуқ фаолининг айтишича, вазир Анвар Алимов ҳамда унинг ўринбосари Асилбек Худояров барча фактлар юзасидан текширув ўтказиш ва чора кўришга ваъда берганлар.

"Менга бугун Янгийўлдан қўнғироқ қилишди, текширувлар бошланган", - дейди Елена Урлаева.

'Давлат дастури'

Аммо Урлаеванинг айтишича, Соғлиқни сақлаш вазири шифокорларни пахта йиғим-теримидан озод қилишга ваъда бермаган.

"Вазир пахта, бу - давлат дастури ва агар бизга юқоридан айтишса, биз шифокорларни ҳашарга олиб чиқамиз, деб айтди", - дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Унинг сўзларига кўра, шу йил баҳорида вазирликка қўнғироқ қилган ҳуқуқ фаолларига вазирнинг ўзи пахта даласида эканини айтишган.

"Тасаввур қиласизми, соғлиқни сақлаш вазири пахта даласида. Бу бориб турган шармандалик!", - дейди норасмий инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари алянси раҳбари.

Елена Урлаеванинг ишонишича, сешанба кунги учрашув ўзбек расмийларининг мажбурий меҳнат борасида мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари билан мулоқот қилиш истагидан далолат бериши мумкин.

Аммо у расмийларнинг истагидан қатъий назар, қонунсизликларга қарши курашишда давом этишларини айтади.

"Балки мустақиллик олдидан шундай қилишди, балки ҳукумат коррупцияга қарши курашаётганини кўрсатмоқчидир. Ким билсин. Аммо биз бундан фойдаланамиз. Биз қонунсизликларга барҳам бериш йўлидаги курашимизни давом эттираверамиз", - дейди Урлаева хоним.