"Жаҳон гўзали" конкурсида ўзбек қизининг иштироки ҳақида баҳслар

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Ўзбекистонлик 18 ёшли Раҳима Ғаниеванинг бу йил Индонезияда ўтадиган "Жаҳон гўзали" конкурсида иштирок этиши ҳақидаги хабар Интернет саҳифаларида қизғин баҳсларга сабаб бўлмоқда.

1951 йилдан бери ўтказилиб келинаётган қизларнинг гўзаллик мусобақасида Ўзбекистон вакиласи илк бор қатнашмоқда.

"Жаҳон гўзали" конкурси расмий вебсаҳифасида айтилишича, Раҳима Ғаниева 20 июл куни Тошкентда ўтказилган танловда ғолиб чиқиб, умумжаҳон конкурсида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган.

Турли вебфорум иштирокчилари томонидан қолдирилган фикрлардан баъзиларида ғарб оммавий маданияти кўринишларини ноахлоқий, дея қоралаб келинган Ўзбекистондан вакиланинг бу каби мусобақада иштирок этишига ҳайрат изҳор этилган.

"Лекин майли кўрайликчи, бикинида бу қиз қандай кўринар экан...", дея фикр қолдирган "Ferghana.ru" ўқувчиси.

Шуни илова қилиш керакки, бу йилги танлов аксар аҳолиси мусулмон бўлган мамлакатда ўтказилаётган бўлгани учун қатнашчиларнинг чўмилиш костюмларида саҳнага чиқишлари бекор қилинган.

Айтилишича, танловнинг ҳамма 130 нафар қатнашчилари бунинг ўрнига Бали оролининг аёллар миллий уст-бошида кўриниш берадилар.

"Қандай қилиб биздан яна бир малика чиқиб қолибди. Ахир бизда малика битта эмасмиди? Гугуша?"- дея ҳайратини билдирган яна қатор ўқувчилар.

Бошқаларнинг фикрича, бу қиз ватанга хизмат қилмоқда.

"У ватанимизни яхши ном билан дунёга танитмоқчи. Бунинг учун танасини сотса ҳам арзийди", дея айтилган яна бир фикрда.

Бунга жавобан айтилган фикрга кўра, ватанни танитаман деб, яримяланғоч саҳнага чиқиш керак эмас. "Бу мусулмончиликка тўғри келмайди".

Яна баъзи фикрларга кўра, гўзал қиз-аёлларнинг мавжудлиги мамлакат обрўсига обрў қўшмайди.