Ўзбекистонда Рамазон ҳайитини йўқсил қандай нишонламоқда

Ўзбекистонда қўшни давлатлардан бир кун кейин Рамазон ҳайит байрами нишонланмоқда.

Тошкентнинг марказий масжидлари одамлар билан тўлиб тошгани айтилади. Аммо айрим масжидларда намозхонларнинг ўтган йилларга қараганда камроқ келгани кузатилган.

Чекка туманларда эса иқтисодий етишмовчилик сабаб байрамни кўпчилик бўлиб нишонлаш бу йил анча камайган.

Тонги соат 6 да Тошкентдаги масжидларда Ҳайит намози ўқилиши билан байрам бошланиб кетган.

Pressphoto.uz сайтида одамларнинг Ҳаст Имом масжиди олдидаги очиқ сатҳни тўлдириб намоз ўқиётганини кўриш мумкин.

Ижтимоий тармоқларда байрам намозига чиққанлар ўз фикрлари билан ўртоқлашган. Фикр билдирувчилар намозхонларнинг кўплигидан ҳайратини яширмаган.

"Алҳамдулиллаҳ. Ийд намозини ҳам адо этдик. Ҳали умримда бу каби катта жамоатни кўрмаган эдим. Тошкент шаҳридаги Бодомзор жомесига тахминан 30 000 одам йиғилди. Саф сал кам бир километрга чўзилди. Бошқа фарз ибодатларга ҳам шундай жамоат бўлсайди...", - деб ёзади Давронбек Тожиалиев.

Аммо Тошкент шаҳрининг марказдан узоқроқ масжидларида одам бу йил олдингига қараганда камроқ бўлгани кузатилган. Сирғали туманидаги масжидга чиққан суҳбатдошимиз одам камлигидан масжид ховлисида ўтирганини айтади.

"Кўчалар тўлиб кетарди, масжиднинг ҳовлисига киролмай кўчада қолиб кетардик. Одамлар эрта бориб кириб кетишарди. Бугун соат 5:40 ларда борган бўлсак, ичкарида жой бор экан, ҳали тўлмаган экан. Кўчаларда ҳам ўқишди, аммо олдингидан кам бўлди. Олдин имомдан ҳам олдинга чиқиб кетарди, ўқиб бўлгандан кейин ҳам оқим тўхтамасди", - дейди сирғалилик турғун.

Ҳайит номози ўқиб бўлинганидан кейин байрам ҳар вилоятнинг урф одатларидан келиб чиқиб турлича нишонланади.

Жануб вилоятлари қатори Қашқадарёда Ҳайит куни бу дунёдан ўтган яқинларнинг қабри ва уларнинг уйлари зиёрат қилинади, бундан ташқари қуда андалар ва қариндошлар бу кунда бири бирини излайди. Қашқадарёлик Ҳакимжон бир неча йилдан бери хориждан ватанига энди келди. У Ҳайит байрами ҳар қадамда сезилаётганини айтади.

"Масалан, қуда-андалар бир-бирини зиёрат қилади. Ҳозир қишлоқ кўчаларида гуррос- гуррос аёлларнинг яқинини йўқотган хонадонга бориб таъзия изҳор қилаётганини кўриш мумкин. Бугун қабристонга борганда кўрдим, одамлар яқинларининг номларига дуои фотиҳа қилишди, эслашди. Бозорларда ҳам жонланиш кузатилди. Ҳамма ҳайит учун уйга ширинлик ва совға салом олаётганини кўрамиз", - дейди Ҳакимжон.

Бироқ ҳамма жойда ҳам байрам исталганидек кутиб олинаётгани йўқ. Иқтисодий етишмовчилик ва нарх наволарнинг баландлиги одамларни ушбу байрамни камтарин нишонлашга ёки умуман нишонламасликка мажбур қилаётган жойлар ҳам бор.

Жиззахлик Саида Қурбонова пул етишмаслиги сабаб бу йил ўзи ва қўшнилари бир-бирларини меҳмонга айтолмаганлар.

"Кўчамизда 48 та хўжалик бўладиган бўлса, уларнинг ҳаммаси олдинлари Ҳайит куни бирор нарса қилиб, меҳмон чақирарди. Бу йил унақа нарса йўқ, фақат 5-6 уйда "Ҳайит оши" бўлди холос. Қолганлари бизга ўхшаб жим ўтиришди. Ҳамма нарса иқтисодга келиб тақалади. Қимматчилик, бир кило гуручнинг нархи 3 минг сўм, 1 кило гўшт 19 минг сўм, ёғ 5 минг. Унинг олдига нон, ширинлик, қовун тарвуз деган нарсалар керак. Ўша дастурхоннинг ўзига ҳам яхшигина ҳаражат кетиб қолади бизда", - дейди Саида Қурбонова.

Саида Қурбонова олдинлари Ҳайитда сайллар бўлишини ва танишлар бир -бириникига меҳмон бўлиб зиёрат қилишини айтади. Ҳатто олисдаги қариндошлар ҳам келиб табриклаб, совға салом улашган.

Аммо иқтисодий қийинчиликлар туфайли бундай зиёратлар кескин камайган ва энди фақат телефон орқали бир бирини табриклаш билан чекланишмоқда.