UzWebiston: Ҳайит байрамида Тошкентда нархлар ошди

Image caption Ўзбекистонда Ҳайит кунлари нархлар сунъий равишда кўтарилгани кузатилган.

Olam.uz ҳайит куни Тошкент бозорларида нархларга назар солган.

"Ийд ал-Фитр арафаси, байрам кунлари хайр-эҳсонлар ва албатта байрам дастурхони учун бозорлик қилинади.

Бир қанча мусулмон давлатларида муқаддас Рамазон ойида озиқ-овқат маҳсулотларига нархни оширмаслик учун қишлоқ хўжалик ярмаркалари ўтказилади", деб ёзади Олам.уз.

Бироқ Ўзбекистонда айнан Ҳайит кунлари нархлар сунъий равишда кўтарилгани кузатилган.

myday.uz сайтининг ўтказган кичик тадқиқоти кўрсатишича, 31 июлда Фарҳод бозорида 17 минг сўм бўлган гўшт 7 августда 18,500 га кўтарилган.

Турли пишириқлар учун зарур тухумнинг ўнтаси илгари 3500 га сотилган бўлса, 7 августда ва ҳайит кунлари 5000 сўмга чиққан.

Мухбирнинг кузатишича, қишлоқ хўжалик маҳсулотларига нарх бозорда ошган бўлса, супермаркетларда пасайибди.

Мақола тагида қолдирилган изоҳлардан қайси бозор арзону, қайсиси қимматлиги ҳам бироз англашилади.

f.aripjanov. деб изоҳ қолдирган киши "Юнусобод бозорига бориш керак, нархлар арзон", деб маслаҳат беради.

Исмсиз ўқувчига кўра, "супермаркетдан бозор қилишига сабаб, у ерда пластик карточкаларни ишлата олади". Яна унинг ёзишича "Чорсу бозори жуда қиммат".

Бошқа бири "Машинасозлар бозорида шакар ва гўшт арзон, қассоблардан гўштни ҳатто пластикда олиш мумкин"лигидан хабар беради.

Image caption "Пахтакор-79"га ўрнатилган ёдгорлик.(Gazeta.uz сайтидан олинди)

Тошкентда "Пахтакор"чилар хотирасига ёдгорлик ўрнатилди

Gazeta.uz интернет нашрига кўра, 11 август куни Тошкентдаги Боткин қабристонида 34 йил олдин ҳалок бўлган "Пахтакор-79" футбол жамоаси хотирасига ўрнатилган ёдгорликни очилиш маросими бўлиб ўтган.

Ёдгорликни Футбол фахрийлари кенгаши раиси Наримон Жалолов ва Михаил Аннинг ўғли Дмитрий очиб беришган.

Маросимда футбол мухлислари, ҳалок бўлган футболчиларнинг яқинлари ва дўстлари, Ўзбекистон Футбол Федерацияси вакиллари, "Пахтакор", "Локомотив", "Бунёдкор" ва "Машъал"жамоалари спортчилари қатнашиб, марҳум футболчилар хотирасини ёдга олишган.

Буғдой унига солиқ туширилди

"Ўзбекистонда буғдой унига акциз солиғи 15 фоиздан 11 фоизга туширилган. Бу мамлакатга олиб кириладиган ун маҳсулотларининг хилма-хиллигини кўпайтириш учун қилинган".

Бунга жавобан изоҳ ёзган исмсиз ўқувчи "ўзимизнинг 7,61 миллион тонна буғдойимизчи?" деган саволни беради Olam.uz саҳифасида.

Ҳайдовчилар диққатига

Olam.uzдаги яна бир хабар "Тошкентнинг Тарас Шевченко кўчасида хавфли чуқур пайдо бўлди"дея ҳайдовчиларни огоҳлантиради.

Унда ёзилишича, шаҳар марказида йўлнинг ўртасидаги чуқур ҳайдовчилар учун хавфли вазиятни пайдо қилмоқда.

"Кўп ҳайдовчилар қарама-қарши йўлга чиқиб кетишга мажбур бўлишмоқда, билмаганлари тўсатдан қаттиқ тормоз босишларига тўғри келмоқда", дейишган гувоҳлар.

Айтилишича, бир ой олдин бу йўлдаги қувурлар таъмирланиб, янги асфалт ётқизилган. Лекин "ўзига хос усул"да қўйилган асфалтдан ҳозир асар ҳам қолмаган.

Россияда ўқишни битирганлар уч йил ишлаб бериши керак

UzDaily.uz ва бошқа интернет сайтларига кўра, бундан кейин Россия Олий ўқув юртларини Маориф вазирлиги тавсияси билан битирган ёшлар Ўзбекистонда уч йил мажбуран ишлаб беришлари лозим.

Ўзбекистон Маориф вазирлигининг сайтида ёзилишича, Россия Федерацияси ўқув юртларига кирмоқчи бўлган ёшлар аввало вазирлик билан шартнома тузишлари, шунингдек шартномада ота-оналарининг имзоси ҳам бўлиши талаб қилинади.

Янги тартибга мувофиқ, ўқишни битирган талабалар шартнома талабини бузса, улар учун масъулиятни бўйнига олган томон, яъни ота-она шартнома талабларига жавоб бериши, кетган харажатни тўлаши керак бўлади.

Ўзбекистондаги Roshen шоколадлари сифатли

CA-NEWS сайтининг ёзишича, Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Роспотребнадзордан Украинанинг Roshen шоколадини мамлакатда тақиқлаш сўралган хат олган.

Олдинроқ Roshen шоколадида зарарли бензапирен моддаси борлиги аниқлангани сабабли Россияда тақиқланганди.

12news.uzнинг келтиришича, Ўзбекистонда Roshen маҳсулотлари билан муаммо йўқ.

Ўзбекистон санитария-эпидемиология хизмати эса Roshenда ҳеч бир зарарли моддалар топилмаганини билдирган.