UzWebiston: Роғун лойиҳаси бўйича халқаро хулоса тайёрми?

Бугунги UzWebiston эътибори Британияда чоп этиладиган "Гардиан" ва халқаро бизнес нашр "Форбс" журналида нашр қилинган икки мақолага қаратилган.

"Гардиан" рўзномасининг мухбири Жон Стандингфорднинг мақоласи Тошкентда сут ва қатиқ сотиб рўзғор тебратадиган аёлларга бағишланган.

Британиялик журналист, Тошкентда менинг олдимга келадиган одам кўп эмас, деб ўз мақоласини бошлайди.

"Жума куни эрталаб соат 7.30 да квартира қўнғироғи чалинганда, калламга келган биринчи фикр "ОВИР" бўлди", деб ёзади "Гардиан" мухбири ва рўзнома ўқувчиларига ОВИР қанақа тартиб эканини, Ўзбекистон ва бошқа собиқ Шўро республикаларида сақланиб қолганини тушунтиради.

"Мен эрта тонгда чет элликлар ҳақиқатан ҳам рўйхатдан ўтган манзилларида яшаяптиларми ёки йўқлигини текширишлари ҳақида эшитгандим", деб ёзади журналист.

"Бироқ мен эшикни очганимда қўлида катта сумкани кўтариб турган паст бўйли, офтобда қорайган аёлни кўрдим. У ўзбек тилида нимадир деди, мен эса бу тилда кўп нарсани тушунмайман. Аёл айтган сўзлар орасида "қатиқ"ни тушунгандай бўлдим. Ўзимнинг қашшоқ рус тилимда нимадир дегандим, у "молоко" сўзини ишлатди. Ана ўшанда мен ҳамкасбларимнинг "агар Тошкентда янги соғилган сут ёки табиий қатиқ ичмоқчи бўлсанг, уларни квартирама-квартира юриб сотадиган аёллардан ол", деган сўзларини эсладим", деб ёзади мухбир.

"Агар сен Лондонда вояга етган бўлсанг, бир замонлар кўчада майда-чуйда сотиб юрганлар бўлганини эслайсан. Мен болалагимда кўчада бақириб олма, рўзнома сотиб юрган кишилар бўлганини эслайман", дейди журналист.

"Тошкентда сут-қатиқ сотувчилар эрталаб "Коу" деб бақирадилар. Бу биринчи марта эшитганингда сенга шундай туюлади. Бироқ ҳозир мен икки бўғиндан иборат бу сўзнинг биринчи бўғинини ҳам англайман. Бу "М-ла-Коу!".

Британ журналисти атиги 90 центга бир литр сут, 90 центга бир литр қатиқ сотиб олганини айтади.

"У менга икки шиша идишни тутқазди. Мен ҳақини тўлаб квартирамга кира бошладим. Аёл эътироз билдирди. Нима, мен пулини нотўғри бердимми? Мен ўзимнинг рус тили луғатимнинг якунига етиб қолганимда, у "бонка", деди. У нимани истаяпти? Мен бор ақлимни ишга солиб, гап нимадалигини тушунишга интилардим. Бонка. Бочка бу катта идиш. Бонка кичкина бочка бўлармикан?

Аёл имо-ишора билан шиша банкаларини кўрсатарди. У ўзининг бизнесидаги энг муҳим нарса ҳисобланмиш банкасини қайтаришни сўраётган эди. Мен квартира эшигини очиқ қолдириб, ошхонага шошилдим ва ўзимда бор бўш асал банкаларимнинг ҳаммасини кўтариб олиб чиқдим.

У ошхонагача кириб келди ва яна имо-ишора қила бошлади. У мен сотиб олган сут-қатиғимни ўзимнинг идишларимга қуйиб олиб, унга ўзининг банкаларини қайтаришимни истаётган экан. Мен сўзсиз унинг истагини бажо келтирдим.

Мен Британияда туғилиб ўсганман. Бу ерда сут уйларга оғзи алюминий қопқоқ билан бекитилган шиша бутилкаларда келтириларди. Онам ҳар доим қопқоқларни ювиб, шиша банкага солиб қўярди. Банка тўлганда эса улар хайрия ташкилотига берилар, улар эса алюминийни сотиб, маблағини кўзи ожизларга йўловчилик қиладиган итларни ўргатишга сарфлардилар. Онам сут идишларини остонамизга қўйиб қўйиш олдидан астойдил ювар эди. Онам учун ювилмаган сут идишини ташқарига қўйиш тасаввур қилиб бўлмас нарса эди. Шундай экан, мен ҳам энди ҳар доим "М-ла-Коу"чи аёлларга бонкаларини қайтаришдан олдин яхшилаб юваман, унгача эса улар эшик олдида кутиб қолишади", деб ёзади "Гардиан" мухбири Жон Стандингфорд.

Марказий Осиёнинг қийматли гидроэлектрэнергия салоҳияти

"Форбс" журналида эълон қилинган мақола ана шундай номланади.

Мақола муаллифи Уолл Стрит Жорналнинг капитал ва сармоялар бўйича етакчи таҳлилчиси Хиллари Крамер.

"Яқинда Нестлега қарши ижтимоий тармоқлардаги ҳужумларни кузатганлар сувни қўлга киритиш учун кураш глобал портлаш нуқтасига етганини яхши англайдилар. Бу гап айниқса Марказий Осиёга тааллуқли", деб ёзади Крамер хоним.

Унинг ёзишича, бу минтақани АҚШ Миллий Истиҳборот агентлиги директори сув устидан келиб чиққан сиёсий келишмовчиликни юмшатиш ва барқарорлаштиришга "ноқобил" деб таърифлаган.

"Бу ерда сувга бағишланган халқаро ҳуқуқлар иқтисодий, сиёсий ва атроф-муҳит ҳалокати ўртасидаги аро йўлда қолган", деб ёзади муаллиф.

Роғун сув омборини барпо этишдан манфаатдор Тожикистон оқимнинг қуйи қисмидаги Ўзбекистон қаршилигига дуч келаётганини эслатади мақола муаллифи.

Ва томонларнинг ўзаро манфаат келтирадиган бир ечимга келишлари муҳимлиги таъкидланади.

Сув баҳсига киришган қўшниларнинг бир қарорга келишлари йўлида АҚШ бу минтақа мамлакатларига бўлган таъсирини ишга солиши маъқул эканини маслаҳат беради муаллиф.

20 августда Душанбе шаҳрида олий мақом сув анжумани мўлжалланган.

"Форбс"даги мақола муаллифига кўра, узоқ кутилган Жаҳон Банкининг Роғун ГЭСи лойиҳасининг хавфсизлик, атроф-муҳит ва бошқа техник талабларга қанчалар жавоб бериши борасидаги хулосаси БМТнинг сув бўйича анжуманидан кейин эълон қилиниши кутилмоқда.

"Экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Роғун тўғонини тўлдириш дарё сувини 1-1,7 фоиз камайтиради - бу сув омборини тўлдириш вақтларига боғлиқ бўлади ва қуйи оқимдаги деҳқончиликка салмоқли таъсир кўрсатмайди", деб ёзади Хиллари Крамер.