Ҳасан Чориевнинг беш йилу икки ойга қамалгани яқинларидан сир тутилди

Image caption Ҳасан Чориев устидан маҳкама қарори оила аъзолари иштирокисиз чиқарилган.

19 яшар қизнинг номусига тажовуз қилишда айбланган 71 ёшли Ҳасан Чориев Қарши шаҳар Жиноий ишлар бўйича маҳкамаси томонидан беш йилу икки ойга озодликдан маҳрум этилган.

Бу ҳақда ҳукм чиқарилганидан саккиз кун ўтиб, Ҳасан Чориевнинг яқинлари ва "Бирдамлик"ҳаракати фаолларининг тинимсиз суриштирувлари натижасида ҳимоячи Мели Холмирзаев ниҳоят уларга маълум қилган.

Бундан олдин Чориевнинг оила аъзолари ҳимоячи Мели Холмирзаев прокуратура, суд фойдасига ишлаётгани ва Ҳасан Чориевга чиқарилган ҳукм ўзларидан сир тутилаётгани сабабли ҳимоячи хизматидан воз кечиш ҳақида ариза ёзган эдилар.

Бироқ уларнинг шикоятларига қарамасдан, Мели Холмирзаев Ҳасан Чориев иши билан шуғулланишда давом этган.

"Бирдамлик" ҳаракатининг фаоли Малоҳат Эшонқулованинг айтишича, маҳкама чиқарган ҳукм нусхаси нега оила аъзоларига берилмаётгани ҳақида ҳимоячидан сўрашганида, у суд раиси Ориф Элмуродовнинг топшириғи шундай бўлганини билдирган.

Шунингдек, Холмирзаев судьяга ҳам, ҳимоячига ҳам айбдорга чиқарилган ҳукмнинг нусхасини бериш мажбурияти юкланмаганлигини таъкидлаган.

Малоҳат Эшонқулова ҳимоячидан "нега ҳаммага бериладиган ҳукм нусхаси айнан Чориевлар оиласига берилмагани, отанинг 5 йилга қамалгани саккиз кундан буён сир тутилгани" ҳақида сўраганида, ҳимоячи ҳукм чиққанлиги ҳам, ҳукмнинг нусхаси ҳам Чориевлар оиласига етмаслиги ҳақида топшириқ бўлганини айтган.

Мели Холмирзаев ҳакам ўзига "Ҳасан Чориев оила аъзолари атрофида ҳар қандай хабарни дунёга достон қиладиган иғвогар кишилар юришибди ва улар маҳкама қарорини интернетга чиқариб юборишлари мумкин"лигидан огоҳлантирган.

Малоҳат Эшонқуловага кўра, "хориж айғоқчилари" деб ўзи ва мустақил ҳимоячи Шуҳрат Рустамов назарда тутилган.

"Нега ҳакам ўзи чиқарган ҳукмнинг ҳаққонийлигига ишонса, уни оммага ошкор этилишидан, интернетда муҳокама бўлишидан қўрқади?"- дейди Малоҳат Эшонқулова.

"Ҳасан Чориев номусига тегди", дейилган қиз яна 17 кун ўтгач, бошқа йигитлар ўзига тегажоғлик қилганини айтиб ариза берганини қандай тушуниш мумкин? Бу "номуси топталган бечора қиз" ҳуқуқ тартибот органларининг яхшигина бизнесига айланганини кўрсатади", деб айтади "Бирдамлик фаоли.

Айни пайтда Ҳасан Чориевнинг яқинлари у билан учрашувга рухсат сўраб қилган мурожаатлари натижасиз қолаётганини айтишмоқда.

Ҳимоячи Мели Холмирзаев Ҳасан Чориевнинг оила аъзоларига Эшонқулова ва Рустамов билан алоқа қилишни тўхтатиб, уларга ахборот беришни бас қилишса, оталари билан учрашув ташкил қилишга ваъда берган.

Ўғлининг сиёсий фаолияти учун жавобгар?

Ҳасан Чориевнинг ўғли, АҚШда яшаётган "Бирдамлик" раҳбари Баҳодир Чориев ўзининг сиёсий фаолияти учун ҳукумат отасини жазолаётганини айтади.

Бундан олдин ҳам Ҳасан Чориев "туҳмат" қилишда айбланиб, маҳкамага тортилганди.

Жиноят ишига унинг Қашқадарё вилояти Қамаши тумани ҳокими устидан Миллий Хавфсизлик Хизматининг маҳаллий бўлимига шикоят билан мурожаат қилгани сабаб бўлган.

Ўз аризасида у туман ҳокимини дастлаб ўзига тегишли, кейинчалик эса маҳкама қарори билан давлат қарамоғига ўтказилган 37 гектар ердан ноқонуний фойдаланишда айблаган.

Маҳкама аризачининг даъволарини рад этган ва Ҳасан Чориевнинг ўзини йирик миқдордаги жаримага тортган эди.

Бу галги ҳибсга олиш ҳам сирли тарзда рўй берган.

Ҳасан Чориев йўқолиб қолгандан бир неча кун ўтгандан сўнг у Қаршидаги тергов изоляторида экани маълум бўлган.