Москва вилоятида икки мингга яқин меҳнат муҳожири ушланган

Image caption Россияда ноқонуний муҳожирларни ушлаш амалиёти давом этмоқда.

Россия полицияси Подмосковьеда икки мингга яқин ноқонуний муҳожирни ушлагани хабар қилинмоқда.

Чоршанба куни "жамоат тартибини мустаҳкамлаш" ҳамда Подмосковье ҳокимининг сайловолди тадбирлари олдидан Одинцов туман полицияси "Ноқонуний муҳожир" рейдини ўтказди, дейилади Москва вилояти ИИБ матбуот хизмати тарқатган хабарда.

Ўтказилган амалиёт давомида қурилиш ва қишлоқ хўжалик бозорлари текширилган ва 1800та ноқонуний меҳнат муҳожири аниқланиб, полиция бўлимларига олиб кетилган.

Шунингдек, ҳужжатларни сохталаштирганлик бўйича ўнлаб, ноқонуний муҳожирликни ташкил қилиш бўйича 13 та жиноий иш очилгани айтилади.

Айни пайтда Гольяново жамлоғидан яна бир гуруҳ муҳожирлар ватанларига депортация қилиниши маълум қилинди.

Россия ФМХнинг Москва бўйича бўлими вакили Николай Азаров пайшанба куни 24 вьетнамлик ватанига қайтарилишини билдирди.

Ҳозирда чодир жамлоқда 512 муҳожир қолмоқда. Улар бирин-кетин Муҳожирларни сақлаш марказига кўчирилиши кутилмоқда.

Ўтган шанбада Гольяноводаги "чодир-жамлоқ"дан биринчи гуруҳ- 31 вьетнамлик юртига депортация этилди.

Федерал хизмат ходимларига кўра, август ойи охиригача жамлоқ тўлиқ тугатилади.

Россиядан келаётган охирги хабарларга кўра, Петербург шаҳридаги муҳожирларни сақлаш марказида жойлар тўлган. Муҳожирлик федерал хизматидан айтишларича, 20га яқин ноқонуний муҳожир жой йўқлиги сабабли автобусларда тунни ўтказишга мажбур бўлишган.

15 августда ИИБ, ФМХ ва шаҳар ҳокимлиги расмийлари биргаликда шошилинч мажлис ўтказиб, ушбу масалани ҳал қилишлари кераклиги айтиляпти.

Москвада муҳожирларни оммавий текшириш Матвейск бозорида кавказликлар билан полиция ўртасидаги муштлашувдан сўнг бошланган.

Тартибсизлик натижасида бир полициячи жароҳатланган, икки кавказлик муҳожир ҳибсга олинган эди.

Бу мавзуда батафсилроқ