Гулнора Каримованинг "топилдиғи", насронийларга босим ва "Боинглар" ҳақида

Image caption Гулнора 200 доллар топиб олган

Гулнора Каримова «оддий Тошкент кўчасини» кезиб юриб 200 доллар топиб олгани ҳақида Twitterдаги муштарийларига ва салкам дунёга дарагини бериши ортидан соатлар ўтиб интернетнинг «сариғу оқ» сайтларига сизиб чиқди.

Табиийки, унинг фолловерлари орасида Гулноранинг қанчалар олийжаноб эканлиги ҳақида бонг урадиганлар сафи кенгаяверади…

Гулнора алоҳида меҳр билан таъриф қилган «чиройли тахланган» 200 долларнинг эгаси ҳам чиқиб қолиши мумкин…ҳар қалай, 200 доллар бу 200 ва ё ҳатто 5000 Ўзбекистон сўми ҳам эмас…

Uzmetronom сайти аллақачон бу “топилдиқ” ҳақида ўзига хос киноясини чоп этиб улгурди.

“Оддий Тошкент кўчаларида “ 200 долларнинг “тушиб” қолгани нашрга кўра, тобора фаровонлашиб бораётган турмушдан нишонадир.

Форум 18 насронийларга босимлардан хавотирда

Асосан насронийларнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи Форум 18 ташкилотининг хабарига кўра, Ўзбекистон Баптистлар Иттифоқига тегишли ердан жудо қилишмоқчи экан.

Бу ер насронийлар томонидан болалар ва оилалар учун ёзги таътил жамлоғи ўлароқ ишлатиб келинган.

Ўзбекистон ҳукумати эндиликда айни ер участкаси 2000 йилда ноқонуний шаклда сотиб олинганини иддао қилаётган экан.

Форум 18 хабар беришича, Самарқанд вилоятида протестант мазҳабидагиларга тегишли бошқа бир болалар жамлоғига жами қарийб 50 нафар милиция ва мулозимлар бостириб киришган. Улар ўзлари билан жамлоқдаги адабиётларни текширув учун олиб кетишган. Форум 18 насроний фаолларга нисбатан жиноий иш очилишидан хавотирга тушганлар.

“Боинг бу - Боинг”

Image caption "Боинг, бу- Боинг..."

Президент Каримов Боинг ширкатининг вице-президенти Реймонд Коннер билан учрашган.

Оқсаройда кечган учрашув давомида Каримов Боинг ширкатига олқишлар ёғдирган.

“ Ўзбекистонда "Боинг" жуда машҳур. Биз 18 йилдан бери ширкатингиз ила ҳамкорлик қиламиз. Ўзбекистонда одамлар "Боинг бу Боинг"дейишади”, деб айтган Каримов.

Бугун Ўзбекистон ҳаво йўлларида 15та Боинг ширкати ишлаган учоқ бор.

Расмий хабарларга кўра, 2016 йилгача Ўзбекистон иккита Боинг 787-800 Dreamliner сотиб олиш ниятида экан.

Бу мавзуда батафсилроқ