Тошкентдаги 'Демир' ўрнида янги гипермаркет бўлади

Тошкентдан олинаётган хабарларга кўра, кўп йиллар давомида пойтахтликлар ва меҳмонларнинг севимли гўшаси бўлган Турк бизнесменлари емакхонаси ва дўкони ўрнида янги савдо маркази ташкил этилади.

"Демир" супермаркети ва тез овқатланиш емакхонаси Тошкентда Ўзбекистон мустақиллигидан кейин иш бошлаган бу турдаги илк масканлар бўлганди.

Тошкентликлар орасида машҳур бўлган бу савдо муассасалари Ўзбекистоннинг туркиялик бизнесменлар билан муваффақиятли ҳамкорлигининг намунаси сифатида ҳам кўрсатиб келинарди.

Бироқ 2010 йилда қатор Турк ширкатларига қарши рейдлар уюштирилган, ўшанда Тошкентнинг қоқ маркази - Матбуотчилар кўчасида жойлашган супермаркет ва тамаддихона ёпилган эди.

Рейдлар чиндан ҳам Ўзбекистон қонунчилиги ижроси талаби билан уюштирилганми ёхуд "Демир"дан "қутулмоқчи бўлган қўли узун носоғлом рақобатчининг буюртмаси"миди жамоатчиликка аён эмас.

Текширишларга бостириб кирган солиқчи ёки бошқа назоратчилар ўз рейдларининг натижасини орадан қарийб уч йилдан кейин ҳам ошкор этганлари йўқ.

Фақат 2011 йил мартида Ўзбекистон телевидениеси Турк бизнесменларининг ноқонуний амаллари ҳақида ҳикоя қилувчи кўрсатув намойиш этган.

Кўрсатувда бу ширкатлар Ўзбекистонда диний экстремизмни молиялашда айблашган.

Давлат телевидениесига кўра, "Туркуаз", "Гунеш ва "Кайнак" сингари бир қатор турк ширкатлари Туркияда фаолияти тақиқланган "Нурчилар" диний оқими ғояларини тарғиб қилувчи адабиётларни тарқатиш ва яширин жамоатлар тузиш билан шуғулланган.

Туркияга қайтганидан кейин "Туркуаз" собиқ раҳбарларидан бири Воҳид Гунеш Тошкентда ҳибсда сақланган 9 ойи давомида электр шоки билан қийноқларга тутилганини айтиб маҳкамага мурожаат қилди.

"Фергана. ру" ахборот агентлиги "Демир" ёпилиши билан Амир Темур хиёбонига яқин жойда "Пойтахт" савдо маркази очилишида боғлиқлик кўрган.

"Фергана.ру" буни "юз метр наридаги мижозларидан маҳрум қилаётган рақибидан қутулиш" деб таърифлаган.

Айрим манбаларга кўра, "Демир" ўрнида очиладиган гипермаркет "Орзу" деб номланади.

Ўзбекистонликлар бу супер ёки гипермаркетлар оддий одамларга мўлжалланмаганини яхши билишади.

Бу дўконларда нарх-наволар оддий дўконлардаги баҳолардан анча юқори ҳамда бу савдо марказларининг аслида кимга тегишли экани ҳақида фақат миш-мишларни эшитиш мумкин.

Бундай савдо дўконларидан пластик карточка орқали харид ҳам мажбурий шакл касб этгани маҳаллий таҳлилчиларнинг муҳокама мавзусига айлантиришлари маъқул кўрилмайди.

Бу мавзуда батафсилроқ