UzWebiston: Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида чегара устидан ахборот уруши

Ўзбекистондаги қатор нашрлар хабар тарқатишича, Қирғизистон икки мамлакат чегара хизматлари ўртасида яқинда имзоланган ўзаро протоколни бир томонлама бекор қилган.

Бу хабарлар Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик хизматининг Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси матбуот хизматига таянган.

Икки мамлакат чегарачилари ўртасидаги протокол шу йил 15 июнида демаркация қилинмаган сарҳадлар масаласи муҳокама этилганидан сўнг имзолангани хабар қилинган.

Учрашувда умумий чегараларни бузган шахсларни ушлаш, ҳибсда тутиш ва экстрадиция қилиш чораларини яхшилашга келишилгани ҳақида Central Asian News веб-сайти хабар тарқатган.

Ушбу учрашув протоколини Қирғизистон бекор қилгани ҳақида хабар қиларкан, Ўзбек чегара қўмитаси Қирғиз чегара расмийларини "ваколатсиз" дея баёнот тарқатган.

Ноқобиллик

Podrobno.uz веб-сайти хабар қилишича, ўзининг баёнотида Ўзбек Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси Қирғиз Чегара Хизматининг компетент ва профессионаллигини шубҳа остига олади.

"Қирғизистон Давлат Чегара Хизматининг ваколатсизлиги туфайли Қирғизистон Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари билан Қирғизистон Давлат Чегара Хизмати ҳарбий кенгашининг 2013 йил 15 июнида Қўқон шаҳрида бўлиб ўтган қўшма учрашуви протоколини бир томонлама бекор қилганини эълон қилди", дея веб-сайт Ўзбек чегара қўмитасидан иқтибос келтирган.

Ўзбек қўмитасига кўра, Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Тоқон Мамитов ташаббускори бўлган учрашувда Қирғизистоннинг энг юқори чегара расмийлари иштирок этганлар. "Протоколни бекор қилиш ишончсизлик ва бутун ҳайъатнинг ва жумладан Қирғиз Чегара хизматининг қобиллигига шубҳа уйғотади", дейилади Ўзбек томони баёнотида. Шунингдек, ушбу қадами билан Қирғизистон давлатлараро келишувларга оид халқаро ҳуқуқни ҳам поймол этган, дейилади.

Қирғиз томонининг ушбу қарорига қарамасдан Ўзбекистон протоколни ижро этишда давом этади, чунки "бу ҳужжатнинг бир томонлама тўхтатилиши ёки ундан воз кечиш фақатгина томонларнинг ўзаро келишуви асосидагина юз бериши мумкин", дейди Ўзбек Чегара қўмитаси.

Чегаралар ёпилиши

Ўзбек томонининг ушбу баёноти Қирғизистон Ўзбекистонни шу ой бошида умумий чегараларни ёпишда танқид қилганидан кейин пайдо бўлди. Август ойидаги матбуот хабарларига кўра, Ўзбекистон ўз чегараларини бир томонлама ёпиб қўйган.

Бунинг сабаби 9 августда мусулмонлар учун муқаддас Рамазон Ҳайити ва 1 сентябрда Ўзбекистон мустақиллиги нишонланиши кўрсатилгани хабар қилинган.

13 август куни 24.kg ахборот агентлиги Қирғизистон Омбудсмани Турсунбек Акунга таяниб хабар тарқатган, бу хабарни нашрлар босиб кўпайтирганлар.

"Одамлар уч кундан буён чегарадан ўта олмаяптилар. Уларнинг орасида беморлар ва кексалар, аёллар ва болалар бор. Улар яқинларини бориб кўролмаяптилар, дафн ёки тўйларда қатнаша олмаяптилар", дея Турсунбек Акундан иқтибос келтирган Қирғиз оммавий ахборот воситалари.

"Ўзбек расмийлари томонидан Мустақиллик байрамидан 20 кун олдин чегарани ёпиб қўйилиши шуни англатадики, улар Қирғизистонни мустақил мамлакат сифатида тан олмайдилар. Биз олдиндан бохабар қилинганимиз йўқ. Улар бизга хабар берганлари йўқ. Улар чегарани бир томонлама ёпиб қўйганлар. Фуқароларимизнинг эркин ҳаракатланиш ҳуқуқлари поймол этилаяпти", деган Қирғиз омбудсмани.

Бунга жавобан Ўзбек инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдусалом Эргашев Қирғизистонни икки мамлакат ўртасидаги умумий чегаралардаги барча муаммоларда айблаб чиққан. 17 август куни 12news.uz веб-сайти эълон қилган интервьюда шундай деган:

"Тарихга қайтиб мен шуни эслатиб ўтмоқчиманки, Ўзбекистоннинг Сўх анклавидаги январ ойидаги ҳодисадан кейин Қирғизистон Қирғиз ҳудудидаги Ўзбек анклавлари аҳолиси учун турли хил тўсиқларни пайдо қила бошлади, одамлар учун Ўзбек-Қирғиз чегарасидаги энг яқин ва қулай ўтиш пунктларини ёпиб қўйди".

"Бунинг оқибатида Ўзбек анклавлари аҳолиси катта ерга етиб олиш учун ортиқча юзлаб километр йўлни босиб ўтишга мажбур бўлаяптилар. Ва шу маънода бу турдаги бирор бир амалга қўл уришдан олдин Қирғизистон ҳукумати таёқнинг икки учи бор, деб ўзига-ўзи ҳисоб бериши керак эди", деган ҳуқуқбон Абдусалом Эргашев.

24.kg ахборот агентлигига кўра, Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Тоқон Мамитов ҳам Ўзбекистонни чегарани ёпаётгани ҳақида огоҳлантирмагани учун танқид қилган. "Бош вазир ўринбосари Ўзбек расмийларининг халқаро келишувни бузаётганларини қайд этди. Бу келишувда чегара ёпилаётгани ҳақидаги қарордан қўшинларни беш кун олдин хабардор қилиш лозимлиги ёзилган", деб бош вазир ўринбосаридан иқтибос келтирган 24.kg веб-сайти.

Бу мавзуда батафсилроқ