"Туркманистонда фуқаролиги бўлмаган ўзбеклар ҳуқуқсиз"

Хоразмдаги "Нажот" ташкилоти кўп йиллар давомида инсон ҳуқуқларига доир мониторинглар ўтказиб келади.

Бу кузатишлар давомида Марказий Осиёда мустақилликка эришган республикаларда миллатлараро муносабатлар тобора баҳсли бўлиб бораётгани, фуқаролар маҳаллий ҳукумат, баъзан туб миллат вакиллари томонидан "сен ўзбек", "сен туркман", "сен тожик" каби ажратишларга дуч келаётганини қайд этган.

"Нажот" ўз ҳисоботларида хусусан Туркманистон ва Ўзбекистон республикаларида ҳуқуқлари топталаётган 3000 га яқин фуқаро борлигини билдиради.

"Нажот" ташкилоти раҳбари Хайитбой Ёқубовнинг айтишича, мазкур ҳолатлар бўйича одамлар уларга ҳамон мурожаат қилиб, ҳеч бўлмаганда фарзандларига фуқаролик олишда, ҳуқуқларини ҳимоя қилишда кўмак беришни сўрашмоқда.

Ёқубовга кўра, Хоразм вилояти Хива тумани Дашяқ қишлоғида яшовчи фуқаро Комилжон Қурбонов Туркманистон Президентига мурожаат қилган хатини халқаро ташкилотлар орқали етказишни илтимос қилиб, Ташауз шаҳрига келин бўлган қизи Тамара Қурбоновага Туркманистон фуқаролигини олишда ёрдам қилишни сўраган.

Муаммо шуки, мана саккиз йилдирки, Тамара келин бўлиб тушган Туркманистонда яшаётгани учун ҳар йили давлат хазинасига 600 АҚШ доллари ҳисобида бож тўламоқда.

Сабаби у Туркманистон фуқаролигини ололмай, Ўзбекистон фуқаролигича қолган.

Ўзбек миллатига мансуб инсонларнинг ишга жойлашиши қийин. Ўзбекистонга ўтиш, борди-келди учун чегара божларининг кўплиги иккита оила гарданига жуда оғир юк булмоқда, - дейди Ҳайитбой Ёқубов.

"Нажот" томонидан мазкур муаммо юзасидан ўтказилган мониторингга кўра, ўзбек миллатига мансуб фуқаролар камситилгани, уларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари, армияда ўлим билан боғлиқ ҳодисалар содир этилгани ва бошқа маълумотлар олинган.

Бундай муаммо Ўзбекистонда ҳам қисман мавжуд, деб айтади Ҳайитбой Ёқубов.

Жумладан, Хива тумани Хоразм кўчаси 79-уйда ижарада турган, икки қизнинг онаси Сўнажон Азизова ўзига ва фарзандларига "фуқаролиги йўқ" деган Ўзбекистон паспортини олишга эришган.

Сўнажон Азизова 1986 йилда Ташауз шаҳрилик Раҳим Ниязметовга турмушга чиққан. Эри 1990 йилда автоҳалокат пайтида ўлган. 1998 йилда қийинчиликлар туфайли Ўзбекистонга, Хива шаҳрига, онасининг олдига фарзандлари билан кўчиб келган.

"Нажот"га мурожаат қилган Сўнажон Азизова ўзи ва фарзандларига Ўзбекистон фуқаролигини олиш учун 2000 йилдан буён ҳаракат қилиб келаётгани, аммо бу борадаги барча ҳаракатлари зое кетганини билдирган.

Шунингдек, у фарзандлари марҳум эрининг қариндошлари олдига чиқишдан, улар билан борди-келди қилишдан маҳрум қилинганини баён этган.

"Биз фуқароликсиз бўлсак-да, бизни сиёсий ҳаракатларда, яъни сайловда овоз бериш учун таклиф қилишади, ҳатто ўғлимни армияга альтернатив хизматга жалб қилиб, мендан пул ундириб олишди. Аммо мен ва фарзандларим туғилиб ўсган жойим, ўз ватанимнинг қонуний фуқароси бўлишимиз учун нимага ҳаққимиз йўқ? Бу борадаги хатларимга жавоб ололмаяпман" - дея дардини сўйлайди Сўнажон .

"Нажот" текширувлари давомида Хоразмда яна икки инсонга "фуқаролиги йўқ" деган паспорт берилганини аниқлаган.

"Ўзбекистондаку шундай паспорт берилар экан. Туркманистонда ҳатто шу ҳам йўқ. Лекин икки мамлакатда ҳам мазкур муаммо ечимини кутаётгани яққол кўриниб турибди", - дейди Ҳайитбой Ёқубов.

"Нажот" ташкилоти раиси икки мамлакат Президентлари ва мутасадди идораларидан мазкур масалага жиддий ёндошиб, инсонлар дардига қулоқ солишишига умид қилаётганини айтади.

Бу мавзуда батафсилроқ