BBC Гаштак: Тошкентда олинган ҳайдовчилик сабоқлари

Image caption Тошкентда олинган ҳайдовчилик сабоқлари

Бу йил мен Тошкентда паспортимни янгилаётган чоғим бир йўла ҳайдовчилик дарсларига ҳам қатнашмоқчи бўлдим.

Ҳозирги кунда шахсий йўлда дарс олиш Ўзбекистонда таъқиқланган ва хусусий мактаблар ёпилган.

Авваллари бу мактаблар ёрдамида ҳайдовчи ҳуқуқларини дарс ё синовдан ўтмасдан ҳам олиш мумкинлигига барҳам бериш учун ҳукумат буларни ноқонуний қилиб қўйган. Бурун бояги мактаблар гуркираганда янги ҳайдовчилардан талайи қонун-қоида нималигини билмай йўлларда мошина суришган, ГАИ эса булардан пора олиб яшнаган. ГАИнинг топган-тутгани жарималарнинг ҳажми бирданига ортиб кетганида янада зиёда бўлган эди. Кўча-кўйда юрган гап: "Бунёдкор" стадиони қурилишини ГАИ гарданига юклашибди, шунинг учун уларга ортиқча даромад керак бўлиб қолди қабилида эди. Ўзбекистонда ҳайдаш ҳуқуқи ё оғзаки тилда "права" деган нарсани олиш учун энди уч ой давлат мактабида ўқиш лозим. Афсуски, мен Тошкентга атиги бир ойга келганим учун тўлиқ курсдан ўта олмасдим. Шунинг учун менга дарсларни расмий инструктор ўз ишидан кейин берадиган бўлди.

Биринчи дарсимизда у мени автопаркка олди. У ерда биз машинани турган еридан силжитиш, "скорость"ларга солиш каби асосий нарсаларни унинг Матис машинасида ўргана бошладик. Қизиғи шуки йигирма дақиқа машқдан сўнг домлам менга: "Мана энди катта йўлда ҳам ҳайдашга қодирсан!" - деди.

Ўша пайт кўчада ёмғир ёғиб, олдиндаги масофани деярли кўриб бўлмасди. Устига устак кеч соат эмасми, ҳамма ишдан чиқиб машиналарида уйларига шошилган, атрофимда камикадзега ўхшаган машиналар виззиллаб у томон, бу томон ўтиб кетишар эди. Менинг хато қилишга ҳаққим йўқ эди, йўқса улар мению менинг домламни ушлаб, иккимизни давлат мактабининг рухсатномасисиз йўлда юришимиз учун жазоларди.

Домлам менга қайта-қайта уқтирмоқчи бўлган сабоқ - "скорость"ни мумкин қадар кўпроқ "нейтрал"га қўйиш эди. Сариқ чироқни кўрдингми - нейтралга ўтиб ол, пастликка кетяпсанми - яна "нейтрал"ни қўлла. Нимага? - деб сўрасам, у "Бензинни эконом қиласан!" - деб жавоб берди. Чиндан ҳам Ўзбекистонда маҳаллий нархларга қараганда бензин баҳоси ўта қиммат. Вақти бевақт эса бензин дефицитга ҳам айланиб қолади. Шундай пайтда маҳаллий халқ бензинни янада қимматроқ баҳода "Кока Кола" шишаларида сота бошлайди.

Икки-уч дарсдан кейин мен домламни алмаштирмоқчи бўлдим. Янги инструкторим русча гапирар, уни тушунишим ҳам осонлашди. Унинг Нексия машинаси ҳам ҳайдаш учун қулайроқ бўлиб, аввалги Матисдан анча устун эди. Бу домлам мени ўқитишдан ҳам кўпроқ атрофимда ҳали ҳам ғиззиллаб у тараф ё бу тараф ўтиб кетаётган ҳайдовчиларга бақириш билан банд бўлди.

У айниқса "Запорожец"ларни ва уларнинг тор ичидаги ҳайдовчиларни хушламасди. "Запорожец"ни у "Украин мўъжизаси" деб атар, менинг уларга йўл беришимга қарши чиқарди. Мен эса "Запорожец"ларни асосан камбағал чоллар ҳайдашини билганимдан, уларга раҳмим келиб, илтифот кўрсатишга уринардим.

Домлам "Москвич"ларнинг кетидан ҳам юрма, улар йўлда бузулиб қолиши эҳтимоли кучли" - деб айтарди. "Москвич"лар негадир кўпроқ узун соқол қўйган ва домлам "бобой" деб атаганлар тарафидан ҳайдаларди.

Ўзбекистонда ҳайдовчиларнинг ҳайдаш услублари анча хавфлидир. Асосан миттигина Матис минганлар йўл қоидаларига қараб ўтиришмайди: Машинам ҳар ерга сиғади деган хаёлда улар йўл бўйлаб машиналарини жилтонғ-билтонғ қилиб ҳайдашади. Йўлларнинг ўнқир-чўнқирлари ҳам хавфга хавф қўшишади. Иккала домлам ҳам бу чуқурларга тушма дея, рулни кутилмаганда менинг қўлимдан юлиб бурворишлари мумкин эди. Баъзилар эса атайин олдингизга ўтиб олиб қўққисдан машинасини таққа тўхтатишади-да, сиз уларга бориб урилсангиз - "Яп-янги машинамни пачоқ қилдинг!" - дея ота гўри қозихона қилишади. Урган машина ҳайдовчиси таъмир учун пул тўлаши керак.

Баъзи машиналарга яқинлашмаган дуруст. Булар қаторида дипломатик машиналар, ҳукумат уловлари, бойваччаларнинг ҳорижий "иномаркалари". Айниқса "PAA" русумли машиналарга яқинлашиш хавфлидир. Булар Президент аппаратига тааълуқли машиналардир. Одатда булар Мерседес-Бенцлардир. Булардан биттаси мени урай деганида домлам эпчиллик қилиб рулни қўлимдан юлди-да, кескин ёнга буриб юборди.

Шуни ҳам айтиш керакки FAA русумли машиналар бировга урилишни хушлашмайди. Домлаларимнинг айтишича булар СНБнинг машиналаридир.

Иккинчи домламнинг машинада яхши кўрган қисми - сигнал эди. Агарда унга бировнинг машинасими, юзими, хатти-ҳаракатими ё ҳайдаши ёқмаса у сигналга бор кучича босарди. Ундай десам у-бу хушбичим таннозни кўриб қолса ҳам у сигналга зўр бериб босгани ҳали-ҳануз қулоғимдаю эсимда.

Навоий ҳазратлари айтмиш: "Ёр бордию кўнглимда анинг нози қолибтур, Андоқки қулоғим тўла овози қолибтур".