Россия: текшириш навбати бозорларга келди

Image caption Бозорда қўлга олинганлар ўзбекистонлик , тожикистонлик ва озарбайжонлик фуқаролар бўлган.

Шу ойнинг ўртасида Москва вилоят ҳокими Андрей Воробев ноябр ойининг охиригача барча ноқонуний бозорларни ёпиш ҳақида эълон қилган эди.

Шундан сўнг бир хафта ичида Ленин, Истрин, Мытищи, Балашиха ва Химка ҳудудлари бозорлари ёпилди. “Садовод” ва Одинцова бозорларида кенг миқёсли рейдлар ўтказилди. Шунингдек, вилоятнинг «Тракт-терминал»,«Синдика-О» ва «Абрамцево» сингари йирик бозорлари фаолиятига ҳам чек қўйилди.

Москванинг Долгопрудный бозорида эса шу ойнинг ўзида иккинчи марта рейд ўтказилди.

5 август куни ФМХ ва ИИБ томонидан ўтказилган рейдда 600 дан зиёд ноқонуний муҳожирлар қўлга олиниб, 440 нафари миграция қонунларини бузганлик ҳолатлари аниқланган эди.

Норасмий маълумотларга кўра, рейд ташкилотчилари талабига кўра, бозор ёпилиши керак эди. Аммо бозор ўз фаолиятини давом эттирган. 30 гектар майдонни эгаллаган йирик бозорда савдо дўконларидан ташқари дорихона, божхона терминали, умумий овқатланиш пунктлари, банк бўлимлари, шунингдек, хорижлик фуқаролар учун ихчамгина яшаш жойи жойлашган. Текширув натижасига кўра, бозорда ишловчиларнинг аксари қонуний хужжатларга эга эмаслиги аниқланган эди.

Бозор ўз фаолиятини давом эттиравергач, 21 август куни область рейд қайта ўтказилди.

- ОМОН отряди жангчилари иштирокида ўтказилган рейдда 586 нафар ноқонуний муҳожирлар қўлга олинди, - дея бугун хабар берди ИИБ матбуот хизмати ўз сайтида. – Қўлга олинганларнинг 33 нафари РФ тегишли қонунларига кўра, мамлакат ҳудудидан чиқариб юборилишига қарор чиқарилди.

Долгопрудный бозорида қўлга олинганлар ўзбекистонлик , тожикистонлик ва озарбайжонлик фуқаролар бўлган.

- Бозор ичидаги ўзбеклар ошхонасига сомса егани боргандик, - дея гапириб берди гувоҳ Шерзод Раҳматов. – 3 автобус ва ўндан ортиқ махсус машиналарда ОМОНчилар бирдан бостириб келди. Дубинка ва автоматлар билан дуч келган осиёча кўринишли одамларни қувиб ушлай бошлади. Тутилганларни паспортларини йиғиб олишди, ўзларини ётқизиб қалтаклашди. Биз зўрға қочиб қутилдик. Вазият жуда ачинарли эди.

Гувоҳнинг айтишича, рейдда 300 га яқин полиция ходими иштирок этган, 1000 дан зиёд муҳожирлар қўлга олиниб олиб кетилган. Улар орасида қонуний хужжатга эга бўлганлар ҳам бўлган.

- Паспортлар текширилмай йиғиб кетилганди. Хужжатлари жойида дўстларим полиция бўлимида бир сутка ўтириб, хужжатлари текширилгач, чиқариб юборилди, - дейди Раҳматов.

ИИВ матбуот хизмати эса ўтказилган рейдни икки кун ўтгач, эълон қилаётганининг сабаби ҳам шу, дея тахмин қилиш мумкин.

Рейдларда хужжат текширилмай, осиёча кўринишли одамлар ушлаб кетилмоқда, калтакланиб, хўрланмоқда. Полиция бўлими ёки муҳожирларни сақлаш марказларида бир-икки кунлаб ушланган даврида хужжатлар текширилади ва қонуний хужжатга эга бўлганлар қўйиб юборилади.

Хужжатлари жойида бўла туриб, бўлимларда ушлаб турилган муҳожирларнинг ҳуқуқи поймол этилаётгани ҳеч кимни қизиқтирмайди.

Айни пайтда бозорлардан ташқари, осиёликлар кўп ишлайдиган яна бир соҳа – қурилишларда ҳам рейдлар ўтказилиши авжга чиқди.