Ўзбекистон божхона хизмати 36 кило тилла буюмларини ушлаб қолган

Image caption Божхона хизмати ўзи берган хабарни тасдиқлаши одатдагидек қийин бўлди.

Ўзбекистон божхоначилари йил бошидан буён 15 мингдан ортиқ қонунбузарликларни аниқлаганлар, деб хабар беради 12.uz сайти.

Маълум қилинишича, чегарадан ноқонуний олиб ўтишга уринилган қимматбаҳо буюмлар нархи 115,2 миллиард сўмни ташкил қилган.

Ўзбекистон Божхона қўмитасининг сайтида қайд этилишича, республика фуқаролари оғирлиги 30 грамдан ошмаган 5 донагача қимматбаҳо заргарлик буюмларини декларацияда қайд этган ҳолда олиб киришлари мумкин.

Бироқ божхона тартибларига риоя этмай, кўп миқдордаги заргарлик буюмларини олиб ўтишга уриниш ҳоллари учраб туради, деб ёзади божхона хизмати веб-саҳифаси.

Хабарга кўра, "Бошпочтамп" божхона пости ходимлари бир қанча қонунбузарлик ҳолатининг олдини олиб қолганлар.

Жумладан, Тошкент шаҳрилик аёл номига хориждан юборилган жўнатма ичида қиймати 18,5 млн сўмлик 28 дона тилла тақинчоқ борлиги аниқланибди.

Божхона ходимлари шунингдек, қиймати 44 млн сўмлик 500 грамм тилла буюмларини олиб ўтмоқчи бўлган аёлни ушлашгани билдирилади.

Бошқа яна икки аёл 126 млн сўмлик 19 та тилла қуймаларини олиб ўтаётганда божхона ходимларининг зийраклиги туфайли тўхтатилибди.

Бу қимматбаҳо нарсалар юзасидан суриштирув ишлари бораётгани айтилади.

Божхона хизматига кўра, жами 3 миллиард сўмга тенг ноқонуний 36 кило заргарлик буюмлари ушланган.

Би-би-си бу хабарлар юзасидан республика Божхона қўмитаси билан боғланди.

Аввалига бу хабарни қаердан олганимиз билан қизиққан ходим матбуот хизмати билан уланишимизни маслаҳат берди.

Бироқ матбуот хизмати вакили инструкторлар текширишга кетгани, бу саволга кечки 4 ларда жавоб олишимиз мумкинлигини маълум қилди.

Тошкент вақти билан кечки соат 4 да божхона хизматидан телефон қўнғироқимизга ҳеч ким жавоб бермади.

Божхона хизмати ўз сайтида чоп этган хабарни тасдиқлаши одатдагидек қийин бўлди.