Ўзбекистонлик аёл уч кунлик чақалоғини ташлаб кетди

Image caption Ташлаб кетилган чақалоқ болалар уйига жўнатилиши мумкин.

Россияга ишлашга келган ўзбекистонлик 24 ёшли аёл 3 кунлик чақалоғини бир уюм муздек қум устига ташлаб кетди.

Полиция гўдак онасини қўлга олди, чақалоқ шифохонага жойлаштирилди.

Бу воқеа 14 август куни Зелиноград тумани Кумарёво посёлкасида рўй берди. Лариса Алексеенко Медовый Спас байрамини Галина исмли дугонаси билан бирга нишонлади. Кеч соат бешларда меҳмонни кузатиш учун бекатга кетишаётганди, чинқириб йиғлаётган гўдак овозини эшитиб қолишди.

– Кўча четидаги уюм қум устида йўргакка ўралган чақалоқ ётарди. Ҳайрон қоларлиси, янги йўргакнинг хатто этикеткаларигача олиб ташланмаган эди, – дейди гўдакнинг халоскори Лариса Алексеенко. – Ташлаб кетилган гўдак эканлигини дарҳол фаҳмладим. Ўша пайтдаги қўрқув ва ҳаяжонимни ифодалай олмайман, бу қандай бўлиши мумкин?!

Шукрки, чақалоққа зиён етмаган экан. Аёллар гўдакни яқин орадаги уйга олиб кириб, йўргакни очишди: қорамағиз, осиёча кўринишли чақалоқ.

– Шу заҳоти фельдшер ва туман полициясига қўнғироқ қилдик, – ҳикоясини давом эттирди Лариса. – Гўдакни озиқлантирдик, таглигини алмаштириб, ухлатдик. Шу пайтда ёмғир ёға бошлади. Биз озроқ кеч қолганимизда, гўдакнинг ҳаёти ҳавф остида қолар эди.

Боласидан воз кечмоқчи эди...

Полиция суриштирув ишларини бошлади, бир неча соат ичида гўдакнинг онаси топилди. У Зелиноградга ишлаш учун келган 24 ёшли ўзбекистонлик меҳнат муҳожираси бўлиб чиқди.

Калининград области ИИБ матбуот хизматининг маълум қилишича, вазни 2,7 кг бўлган ташландиқ чақалоқ 3 кун олдин област туғруқхонасида дунёга келган. Қўлга олинган қиз полицияга аввалига ўз гўдагидан расман воз кечишни хоҳлаганини, кейин фикридан қайтиб, туғруқхонадан боласи билан бирга чиқиб кетганини билдирган. Сўнг тўғри жанубий вокзалга бориб Янтарныйгача чипта олган.

Автобусда она– болага тасодифан ҳамроҳ бўлган кумачёволик Наталья Бакумова полицияга ўз гувоҳлигини билдирди.

– Кўринишидан оддий, озодагина қиз, – дейди гувоҳ, – У Кумачёво посёлкасида тушиб қолишни режалаштирмагани аниқ. Чунки охирги дақиқаларда бирданига ўрнидан туриб шошилинч тушди. Ярим соатлардан кейин эса уни ёлғиз кўрдим, жуда ўйчан эди. У боласини ташлагани ҳаёлимга ҳам келмабди.

Турмушга чиқмаган экан

Полициянинг аниқлашича, муҳожира қиз кўзига бадавлат кўринган уйни ёнига борган. Ташқи кўринишдан шинамгина уй ёнида болалар велосипедлари турган. Ўзбекистонлик муҳожира ўз боласига шу уйдагилар тўкин ҳаёт яратиб беришларига умид қилган ва уй яқинига тўкилган қум устига чақалоғини қолдиришга қарор қилган.

Ўзбекистонлик муҳожира қизнинг полицияга тан олишича, ҳали турмушга чиқмаган ва бу гўдак унинг биринчи фарзанди бўлган. “Россияга ишлашга ёлғиз келганман, пулим йўқ, чорасиз эдим”, дея кўрсатма берган ташландиқ гўдакнинг онаси.

Маҳаллий аҳоли эса, ўз фарзандини мушук боласи сингари кўчага ташлаб кетган аёлни психологик экспертизадан ўтказишни талаб қилишмоқда.

Айни пайтда ўзбекистонлик муҳожира туғруқдан кейинги асоратлар туфайли касалхонада даволанмоқда. Унга нисбатан РФ тегишли қонунларига кўра, жиноий иш қўзғатилган. Гўдакнинг онасига нисбатан 80 минг рублгача бўлган жарима, 3 ойдан 1 йилгача бўлган қамоқ жазоси қўлланилиши мумкин.

Исм-шарифи «номаълум»

Ҳозирда 2 хафталик бўлган чақалоқ эса областдаги Перинатал марказнинг паталогия бўлимида мутахассислар назоратида даволанмоқда. Гўдакка биринчи эмлашлар ўтказилган ва вазн йиғиши учун эътибор кучайтирилган.

Чақалоққа очилган тиббий дафтарнинг исми–шарифи қаторига «Неизвестный» деб ёзиб қўйилган.

– Яхшиямки, гўдакни тезда топишибди, – дейди врач-неонатолог Татьяна Глинова. – 3 кунлик чақалоқ жуда мўрт ва заиф бўлади, бунақа салқин хаво, нам тупроқда ярим соатга қолмай шамоллаши мумкин эди. Онаси туғруқхонада боласидан расман воз кечганида уни хужжатларини аллақачон тўғрилаш мумкин эди, ҳозир эса исм– насаби “номаълум”.

Шифокорнинг айтишича, гўдак марказда яна икки хафта ушлаб турилади. Унинг исм–фамилияси ойдинлаштирилиб, сўнгра вазиятга кўра болалар уйига жўнатилиши мумкин.

Бу воқеа юзасидан Клопс.ру сайти мақола эълон қилган.

Калинград телевидениеси орқали кўрсатув тайёрланган ва 15 август эфирга берилган.

Калининград УВД сига телефон қилганимизда улар ҳам воқеани тасдиқлашди.